369

Нурислом Тухлиев

Нурислом Тухлиев 1947 йил 6 майда Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида туғилган. 1965 йили ўрта мактабни тамомлаб Самарқанд Давлат университетининг Тарих факультетига талабаликка қабул қилинган. 1969 йили Самарқанд Давлат педагогика институти “сиёсий иқтисод” (ҳозирги “Иқтисодиёт назарияси”) фани ўқитувчиси сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган. 1970-1973 йилларда Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) Давлат университетининг Иқтисод факультети “Сиёсий иқтисод” кафедрасининг кундузги таълим аспирантурасида таҳсил олган. 1973 йилда аспирантурани “сиёсий иқтисод” ихтисослиги бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиш билан тугаллаб, Самарқанд Давлат педагогика институтида ўқитувчиликни давом эттирган.

1974 йилдан Самарқанд вилоят партия комитети пропаганда ва агитация бўлими лектори, лекторлар гуруҳи раҳбари, бўлим мудири ўринбосари вазифаларида ишлаган. 1979 йил Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети пропаганда ва агитация бўлими инструктори лавозимига ишга ўтказилган. 1984-1989 йилларда Ўзкомпартия Марказий Комитети фан ва ўқув юртлари бўлими мудири ўринбосари ва мудири лавозимларида ишлаган. 1986 йилда Ўзбекистон Олий Совети депутати, Ўзкомпартия МарказийКомитети аъзолигига номзод этиб сайланган.

1989 йили “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти директори-бош муҳаррири лавозимига тайинланган. У нашриётга раҳбарлик қилган 25 йил давомида кўп жилдли универсал “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”, “Тошкент”, “Болалар”, “Хотин-қизлар” энциклопедиялари, 4 жилдли Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадислар тўплами (ўзбек тилига ўгирилиб), 5 жилдли ўзбек тилининг изоҳли луғати, икки жилдли русча-ўзбекча луғат каби ўнлаб фундаментал нашрлар амалга оширилган.

1983 йили докторлик диссертациясини “сиёсий-иқтисод” ихтисослиги бўйича ҳимоя қилган. 1993 йилда “Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти” ихтисослиги бўйича профессор унвони, 1997 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони берилган. У “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси” (2001). 3 нафар фан доктори ва 20 та фан номзодига илмийраҳбарлик қилган. 40 дан ортиқ монография, ўқув қўлланмаси, дарслик ва бошқа китоблар муаллифи. Улар орасида “Осиёва бозор” (1992), “Бозорга ўтишнинг машаққатли йўли” (1999), “Ўзбекистон Республикаси” (ўзбек, рус, инглиз тилларида), “Ўзбекистон иқтисодиёти” (2018), “Ўзбек модели: тараққиёт тамойиллари” (2014), “Осиё тараққиёт модели” (2015), “Ўзбекистон иқтисодиёти анатомияси” (2019), “Моя страна” (2012), “Минтақавий иқтисодий интеграция: ривожланиш қонуниятлари, хусусиятлари” (2020), “Жаҳон иқтисодиёти ривожланишида янги трендлар” (2021) каби китоблар, иқтисодиёт ва туризм бўйича 13 та дарслик ва ўқув қўлланмалари бор. 200 дан ортиқ илмий, илмий-публицистик мақолалари турли республика газета ва журналларида чоп этилган.

Айни вақтда Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми” кафедраси профессори, “Ислом энциклопедияси” бўлими мудири, ўриндошлик асосида Тошкент Давлат Шарқшунослик университети кафедра мудири (1989-2009), профессори лавозимларида ишлаб келади.

ҚИСҚАЧА БИО-БИБЛИОГРАФИЯ БИЛАН ТАНИШИБ ЧИҚИШ УЧУН ҲАВОЛА 👇

https://drive.google.com/file/d/1_Z6d6R5VtyfIY6CjiQcA_ZJuNcOeK76J/view?usp=sharing

Izoh qoldirish