“Ал-Жомиъ Ас-саҳиҳ” асарининг ёзилишига нима сабаб бўлган?

Тарихда кўплаб асарларнинг ёзилишига муайян бир воқеа ва ҳодисалар сабаб бўлган. Буюк муҳаддис Имом Бухорийни шоҳ асари “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни тасниф этишида илҳомлантирган воқеа ҳам ажиб ибратли тарихга эга.

Иброҳим­ ибн ­Маъқал­ Насафий:­ “Абу Абдуллоҳ­ Муҳаммад­ ибн­ Исмоил­ Бухорийдан­ эшитдим,­ у­ киши:­ “Исҳоқ ибн Роҳавай ҳузурида эдик. Шайхимиз бизларга “Сизлардан биронтангиз Расулуллоҳ(с.а.в.)нинг суннатларини қисқа мухтасар ҳолда китоб қилсангиз”, дедилар”.­ “Бу­ таклиф­ менинг­ қалбимдан жой­ олди­ ва­ “Жомиъ”­ (“Саҳиҳ­ ал-Бухорий”)­ китобимни жамлашни­бошладим”,­ дедилар”, ­деб­ таъкидлаган.­­

Ибн­ Ҳажар­ Асқалоний­ ўзининг­ “Ҳадйи-с-Сорий”­ асарида­ ишончли­ санад билан Муҳаммад­ ибн­ Сулаймон ­ибн Форис­ томонидан­ айтилган­ Имом­ Бухорийдан­ шундай­ ривоятни­ келтиради:­ “Мен­ тушимда­ Расулуллоҳ (с.а.в.)ни­ кўрдим,­ у­ киши­ гўёки,­ уйқуда­ эдилар.­ Мен у­ кишининг­ олдида­ турибман,­ қўлимда бир­ елпиғич,­ у ­билан Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг­ муборак­ юзларидан­ пашшаларни­ ҳайдаяпман.­ Бу­ тушнинг­ таъбирини тушни­ таъбир­ қиладиганлардан­ сўрадим.­ Улар: ­“Сиз­ Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатида­ пайдо­ бўлган­ ёлғонларни кетказасиз”,­ дедилар.­ Бу­ менга­ “Ал Жомиъ­ ас-Саҳиҳ”ни­ тасниф­ этишимга­ сабаб­ бўлди”,­ дедилар.­ Буюк ­асар­ “Саҳиҳал Бухорий”ни­ яратилишига­ бўлган­ бу икки­ сабаб­ ҳам,­ шубҳасиз,­ Имом­ Бухорийнинг ўзи­ томонидан­ ривоят­ қилинган.­ Бу ­унинг ­устози ­марвлик ­буюк муҳаддис,­ муснид­ имом,­ ҳофиз­ Исҳоқ­ ибн­ Роҳавайнинг­ берган ­таклифи­ ва Бухорийнинг тушига­ Аллоҳ­ таоло­ томонидан­ берилган­ илоҳий­ рағбат.­ Икки­ сабаб­ ҳам­ 20-22­ ёшдаги­ Муҳаммад­ ибн­ Исмоил­ Бухорийга­ келажакда­ “Саҳиҳ­ ал-Бухорий”­ асарини­ ёзишга ­катта­ рағбат берган.­ Бу илоҳий­ рағбат­ ва­ устозининг­ иршоди унинг­ кейинчалик­ буюк­ асарни­ тасниф этиши­ ва­ бу­ асар­ Қуръони­ каримдан кейинги­ мақомда­ бўлишига­ ишорат ­эди.­ Шундан­ сўнг­ Имом­ Бухорий­ шоҳ­ асарни ­ёзишга­ киришиб,­ уни­ 16 ­йилда ­ёзиб битирган. Имом­ Бухорий ­асарни­ ёзишни­ 217/833­ йилда­ 23­ ёшида­ бошлаган.­ 39­ ёшида­ 233/849­ йилда­ эса­ ёзиб­ битиради.­ Бу­ улуғ­ ишни­ бажариш­ Аллоҳ­ таолонинг буюк­ марҳамати билан ­ер­ юзида фақат­ Имом­ Бухорийга­ насиб ­этган.­

Имом­ Бухорий­ “Саҳиҳ­ ал-Бухорий”­ асарини­ жамлаш­ учун­ ўзининг­ холис меҳнати,­ мустаҳкам­ тақво­ ва­ зуҳдиҳамда­ ўн­ олти­ йиллик­ умрини­ сарфлаган. Абу ­Исҳоқ Занжоний­ бундай­ дейди:­ “Абдурраҳмон­ ибн­ Расойин Бухорийдан эшитдим,­ у­ Имом­ Бухорийдан­ эшитганини­ шундай­ деб­ айтиб­ берди:­ “Саҳиҳ”­ китобимни­ ўн­ олти­ йилда­ ёздим.­ Мен китобдаги­ ҳадисларни ­олти­ юз­минг ҳадисдан­ танлаб­ олдим­ ва­ уни­ (китобни)­ Аллоҳ­ таоло­ ва­ ўзим­ ўртамда­ ҳужжат қилиб­ битдим”, ­деб ­айтди”.­ Имом Бухорийнинг­ бу­ сўзи­ ҳақиқатан­ ўз­ исботини топди, ­ўз ­даврида­ айтилган­ бу башорат асрлар­оша ­бутун ­ислом­ уламолари томонидан­ тан­ олинди.­ Ҳадис ­борасида кўплаб­ асарлар­ тасниф­ этилса-да,­ бу каби асарни ­дунё­ юзи­ қайтиб­ кўрмади.

“Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг номланиши борасида муҳаддис ва муаррихларнинг бир нечта қарашлари мавжуд. Асарнинг машҳур бўлган номи “ал-Жомиъ ас Саҳиҳ” бўлиб, асосан, ушбу ном билан тарих ва ҳозирги даврда юритилиб келинади. Имом Бухорий бу шоҳ асарини аслида “ал-Жомиъ ал-Муснад ас-Саҳиҳ ал-Мухтасар мин умури Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва айёмиҳи” (Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва у кишининг ҳаётлари ҳақида қисқа, саҳиҳ, санади узлуксиз, барча ислом аҳкомларини жамловчи) деб номлаган.

Бу­ ном­ билан­ келганини­ кўплаб муҳаддис­ ва­ алломалар­ таъкидлайди.­ Жумладан,­ Абу­ Наср ­Калабозий­ “Рижолу­ Саҳиҳ­ ал-Бухорий”,­ Абдухолиқ­ ибн Ғолиб­ ибн­ Атиййа­ “Фиҳрист­ ибн­ Атиййа”, ­Ҳофиз­ ибн ­Хойр­ Ишбилий “Фиҳрист мо­раво­ан­ шайхиҳи”, Ҳофиз­ Бадруддин Айний­ “Уъмдат­ ал-Қорий”­ асарларида­“ал-Жомиъ ал-Муснад Ас-Саҳиҳ ал Мухтасар мин умури Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва айёмиҳи” ­деб номланганини ­тасдиқлайди.­ Муҳаддиснинг­ “Саҳиҳ­ ал-Бухорий”­ асарининг бундай номлашида­ қуйидаги сабаблар­ келтириб ­ўтилади:

“Ал-Жомиъ” деб­ номланиши­ асар­ ислом­ илмларидан­ бўлган­ имон,­ тавҳид,­ ибодат­ ва­ муомалат­ ҳукмлари,­ жиҳодва­ ғозийлик,­ тарих,­ фазоил,­ маноқиб,­ тафсир,­ никоҳ,­ одоб-ахлоқ,­ зуҳд­ каби­ ­масалаларни­ қамраб­ олган.­ Ҳадис­ илмида­ бу­ масалаларни­ ўз­ ичига­ олган асар ­“Жомиъ”­ деб ­номланади;­

“Ал-Муснад” —­ асарда ­ҳадисларнинг муттасил­ санад­ билан ­келгани,­ ҳар бир ҳадис­ марфуъ,­ яъни­ санаднинг­ Расулуллоҳ­ (с.а.в.)га­ бориб­ уланишига­ айтилади.­ Имом­ Бухорий ­асаридан­ олдин тасниф­ этилган ­ҳадис асарларида саҳиҳҳадислардан ­бошқа­ заиф,­ мунқатиъ-ровийнинг­ бир­ жойда­ тушиб­ қолиши­ ва муъзал-бир­ жойда­ икки­ ровийнинг­ тушиб­ қолишига­ ўхшаш ҳадислар­ ҳам ­киритилган.­ Бу ­асар ­бундай ҳадисларнинг учрамаслиги­ билан­ муҳим­ аҳамиятга эга;

“Ас-Саҳиҳ”­ —­ мазкур­ асарда­ фақат саҳиҳ­ ҳадислар ­саралаб­ олинган. Имом Бухорий­ ўз­ асарида­ олдинги­ асарлардан ­фарқли­ бўлган­ йўналишга ­асос солган.­ Муҳаддисгача­ бўлган­ даврда­ жамланган­ китобларда­ саҳиҳ,­ ҳасан,­ заиф,­ мавзу ­ҳадислар­ бирга­ жамланган.­ Имом Бухорий­ ҳадисларнинг­ фиқҳий­ мавзуси, ­тури,­ саҳиҳлигига қараб ­таснифлаш методига­ биринчи­ бўлиб­ асос­ солган­ муҳаддисдир;

“Ал-Мухтасар” —­ Имом­ Бухорий ёд ­билган­ юз­ минг­ саҳиҳ ­ҳадис ­ичидан­ 7275 ­таси­ танлаб­ олинган.­ Асарни ҳажми­ катта­ бўлиб­ кетишидан­ сақланган ва­ ҳадисларнинг­ такрорланмаслиги­ ва уларнинг­ нодир­ жиҳатига алоҳида эътибор­ қаратган.­ Асарни­ бошлашда­ муҳаддиснинг­ нияти­ ҳам­ устози­ Исҳоқ­ ибн Роҳавайнинг­ таклифи­ асосида­ бутун суннат­ ва­ ҳадисларни­ жамловчи­ қисқа­ —­ мухтасар ­асар­ яратиш­ бўлган;

“Мин умури Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва айёмиҳи”­ —­ асарда­ жамланган­ ҳадисларнинг­ барчаси ­Расулуллоҳ ­(с.а.в.) айтган сўзлари,­ бажарган­ ишлари,­ саҳобалар томонидан­ амалга­ оширилган ишларни тасдиқлашлари­ ва­ у­ зотнинг­ улуғ­ шамойиллари,­ тарихи­ ва­ чиройли­ хулқ-одобларини­ қамраб­ олганлигидир.

Ислом­ тарихида­ буюк­ мақом­ кашф этган­ муҳаддиснинг­ шоҳ­ асари­ асрлароша ўрганилиб,­ ислом­ таълимотида Қуръони­ каримдан­ кейинги­ манба сифатида­ фойдаланиб­ келинмоқда.­ “Саҳиҳал-Бухорий”­ асарининг­ яратилиши­ ва унинг­ кейинги­ авлодларга­ етиб­ келишида ­ҳам ­буюк­ бир­ ибратли­ тарих ­бор.­ Зеро,­ бу­ асарнинг­ бутун­ мусулмонлар қалбидан ­жой­ олиши­ бежиз­ эмас. Имом Бухорийнинг ­илм­ йўлида чеккан ­тинимсиз­ машаққати,­ қирқ  ­йил­ саҳро ва шаҳарларни­ кезиб,­ қийинчиликларга­ сабр­ қилиши,­ туну­ кун­ қилган­ илмий­ меҳнати,­ соф­ эътиқоди­ ва ­холис­  амалининг буюк самарасидир.­ Имом­ Бухорий­ бу­ асарни тарихнинг­ олтин­ саҳифасига­ муҳрлаб,­ фақат ­орзу ҳавас­ ва­ ширин хаёл ­билан улуғликка­ эришиб­ бўлмаслигини­ исботлади.­ Илм­ йўлидаги­ буюклик­ илм-маърифат­ ва ­холис­ хизмат ­билан­ бўлишини ўзининг ибратли­ ҳаёти­ билан­ кўрсатиб берди.

 

Шукрулло УМАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази директори ўринбосари, ҳадисшунослик
ихтисослиги бўйича фалсафа доктори


Print   Email