“ДИНШУНОСЛИК” ТАЪЛИМ ЙЎНАЛИШИ ТАЛАБАЛАРИ БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ

“Халқаро даражадаги кадрларни тайёрлашда асрий анъаналар  билан замонавий билимларни уйғунлаштириш”

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси мажлислар залида “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО” кафедраси профессор-ўқитувчиларининг “Диншунослик” йўналишида таълим олаётган талабалар билан очиқ мулоқоти ташкил этилди.

 Тадбирда “Исломшунослик” факультети декани З.Рўзиев, Таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи И.Бердиёров, Ўқув-услубий бўлим бошлиғи М.Агзамова иштирок этди.

Мулоқот аввалида “Диншунослик” таълим йўналиши битирувчиларининг касбий фаолиятига оид тақдимот намойиш этилди. Унда бугунги кунда “Диншунослик” йўналиши талабаларининг билим, малака ва кўникмалари, иш берувчи ташкилотлар, диншунослар учун белгиланган касбий компетентлик талаблари батафсил тушунтирилди.

Очиқ мулоқот давомида талабалар хорижий тилни ўрганиш, дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг электрон нусхаларини шакллантириш, халқ таълими тизимида педагогик фаолият олиб бориш жараёнидаги юзага келаётган муаммолар, маънавий-маърифий тадбирларни ташкил қилишда талабалар фикрини эътиборга олиш, илмий мақола ёзиш ва бошқа шу каби ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан берган саволларига батафсил жавоб олди.

Талабалар томонидан бир қанча таклифлар ҳам илгари сурилди. Жумладан, имконияти чекланган ёшлар учун аудио-видео қўлланмаларни яратиш, иқтидорли талабаларнинг ижод намуналарини нашр қилишга кўмаклашиш, академия радиосида “Кун ҳадиси” рукнини жорий этиш ва шиорининг инглиз, араб ва рус тилидаги вариантларини ҳам ишлаб чиқиш ва шу каби бошқа масалаларга тўхталиб ўтилди.

Якунда “Исломшунослик” факультети декани З.Рўзиев сўнги пайтларда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ўқув, ўқув-услубий, маънавий-маърифий, илмий тадқиқот ишлар самарадорлигини ошириш, моддий-техник базани бойитиш, жисмоний тарбия ва спорт, китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди. Талабалар ушбу ижобий ўзгаришлардан мамнун эканини билдирди.

Шиор қилиб олинган “Халқаро даражадаги кадрларни тайёрлашда асрий анъаналар билан замонавий билимларни уйғунлаштириш” олий мақсадига эришиш йўлида талабалар билан бу каби “Очиқ мулоқот”ларни мунтазам  ташкил этишга келишиб олинди.

 

“Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО” кафедраси


Print   Email