ЎЗХИА ПРОФЕССОРЛАРИ ОСИЁ АРАБШУНОСЛАРИНИНГ I ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯСИДА ИШТИРОК ЭТДИ

ЎЗХИА ПРОФЕССОРЛАРИ ОСИЁ АРАБШУНОСЛАРИНИНГ I ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯСИДА ИШТИРОК ЭТДИ

Яқинда Саудия Арабистонининг Риёз шаҳрида Осиё арабшуносларининг I Халқаро конферецияси ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакилларидан иборат Ўзбекистон Фанлар Академияси вице-президенти Б.Абдухалимов бошчилигидаги делегация ҳам қатнашди. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Саудия Арабистонидаги Тадқиқотлар ва маърифий алоқалар маркази томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Осиё қитъасининг 18 та давлатидан таклиф этилган арабшунос олимлар ва ушбу қитъа мамлакатлари билан қизиққан 100 нафардан зиёд тадқиқотчи ҳамда академиклар иштирок этди.

Тадқиқотлар ва маърифий алоқалар маркази директори, доктор Яҳё Маҳмуд бин Жунайд конференсияда сўз олиб, ушбу тадбирни ташкил этишдан мақсад маърифий алоқаларни тиклаш, ривожлантириш, шунингдек, Осиё арабшуносларини келажакда ҳамкорликда тадқиқотлар олиб боришлари учун замин ва шарт-шароитлар яратиш, уларнинг хизматларини муносиб баҳолаш ҳамда рағбатлантириш каби масалаларни амалиётга тадбиқ этиш давр талаби эканлигини қайд этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон диёрида туғилиб, таҳсил олиб ва асрлар давомида араб тилида ижод қилган бир қатор буюк ҳадисшунослар, мутафаккирлар ва олимларнинг ислом цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини ҳамда алломалардан қолган тарихий қўлёзма манбалар бугунги кунда қанчалик бебаҳо эканлигини таъкидладилар.

Шу ўринда, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ташкил этилганлиги юксак эътирофга сазовор эканлигини таъкидланиб, мазкур анжуман иштирокчиларининг келгусидаги фаолиятига хос ва мослиги қайд этилди.

Конференция доирасида ташкил этилган Осиёлик рассомларнинг 50га яқин санъат асарлари намойиши билан биргаликда араб ёзувидаги хаттотлик кўргазмаси ҳам қатнашчиларга манзур бўлди.

Ўз навбатида Ўзбекистоннинг Саудия арабистонидаги элчихонаси вакиллари ва мамлакатимиздан ташриф буюрган делегация аъзолари иштирокида “давра суҳбати” уюштирилди. Тадбир Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида олий таълим ва илмий-маърифий соҳаларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланди.

Араб мамлакатлари билан муносабатларни кенгайтириш ва жадаллаштириш ҳамда тарихий қўлёзмаларни чуқур ўрганиш жараёнида араб тили мутахассисларининг иштирокини ошириш муҳим аҳамият касб этиши, шунингдек, Саудия Арабистонидаги таржимонлик курсларида ўзбекистонлик талабаларнинг қатнашишини ташкил этиш лозимлиги ҳам қайд этилди.

Тадбирда, шунингдек, Саудия Арабистони кутубхоналарида Марказий Осиё мутафаккирларининг илмий-ижодий қўлёзмалари ва музейларидаги Ўзбекистонга тегишли бўлган асори-атиқаларни ўрганиш каби мавзулар ҳам “давра суҳбати”да муҳим жой эгаллади.

 

Print   Email