ЭНГ ИЛҒОР ЎҚИТУВЧИЛАР МАЛАКА ОШИРАДИ

ЭНГ ИЛҒОР ЎҚИТУВЧИЛАР МАЛАКА ОШИРАДИ

2019 йил 10-13 сентябрь кунлари Ўзбекистон халқаро ислом академияси Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ISESCO) ва Granada Editions муассасаси билан ҳамкорликда араб тили таълими соҳаси мутасаддилари ва ўқитувчилари учун “Араб тилини чет тили сифатида ўқитиш усулларини ривожлантириш” халқаро маҳорат дарсларини ташкил этмоқда.

Ушбу маҳорат дарсларидан кўзланган мақсад: Ўзбекистон Республикасидаги илғор араб тили ўқитувчиларини таълим ва тарбия соҳасидаги маҳоратларини ошириш ва ривожлантириш, араб тилини чет тили сифатида ўқитиш усулларини ривожлантиришда замонавий воситаларни қўллаш соҳасидаги сўнгги янгилик ва ўзгаришлар билан таништиришдир.

Шу билан бирга, маҳорат дарслари яна қуйидагиларни ўз олдига мақсад қилади:

  • араб тилини чет тили сифатида ўқитадиган муассасаларда араб тилини ўқитиш соҳасида тажриба алмашиш ва ўртоқлашиш;
  • талабалар фаолиятини баҳолаш ва уларнинг камчиликларини бартараф этиш мақсадида дарсларни илмий режалаштириш ва услубий жиҳатдан тайёрлаш бўйича иштирокчиларнинг билим ва кўникмаларини ошириш;
  • араб тилидаги турли фанларни ўқитишда иштирокчиларнинг билим ва малакасини ошириш ва ривожлантириш;
  • иштирокчиларда таълим ва тарбия соҳасидаги фаолиятларини ривожлантириш учун замонавий воситалардан фойдаланишнинг янги истиқболларини очиш.  

Маҳорат дарслари қуйидаги асосий масалаларни қамраб олади:

  • Ўзбекистондаги араб тили ўқитувчилари ўз фаолиятлари давомида дуч келадиган услубий, таълим-тарбия муаммолари ҳамда уларни ҳал этиш йўллари;
  • араб бўлмаган талабалар учун араб тили дарсларини режалаштириш;
  • замонавий таълим воситаларининг ўқитувчи фаолиятини ривожлантириш, ўқув муассасаси натижаларини яхшилаш ҳамда мустақил таълимни ташкил этишдаги ўрни;
  • тил ўрганишдаги тинглаш, сўзлашиш, ўқиш ва ёзиш – тўрт кўникмани ривожлантириш;
  •  араб тилини чет тилида ўрганувчилар тил билиш даражасини баҳолаш ва меёрлаш.    

Маҳорат дарсларидаги мулоқот тили: араб тили

Кутилаётган натижалар: Иштирокчилар келажакда Ўзбекистонда араб тилини ўқитиш дастурларини ривожлантириш ва бу соҳада ўз кўникмаларини ошириш бўйича билим ва тажрибаларини оширадилар.

Иштирокчилар: Ўзбекистонда араб тилини ўқитиш соҳасида давлат ва нодавлат таълим муассасаларида фаолият олиб борувчи тажрибали профессор-ўқитувчи ва мударрислар.

Маҳорат дарсларини хорижлик ва маҳаллий мутахассислар олиб борадилар.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

 


Print   Email