ТУРКИЯНИНГ НОЁБ ТУҲФАСИ

ТУРКИЯНИНГ НОЁБ ТУҲФАСИ

Ўзбекистон халқаро ислом академиясига Туркия Республикаси Диёнат ишлари вазирлиги Дин хизматлари Бош мудирлиги Бош директори Бунямин Албайрак бошчилигидаги делегация ноёб совға билан ташриф буюрди.

Ушбу делегацияга ҳамкорлик қилган Туркиянинг Ўзбекистондаги элчисининг диний масалалар бўйича маслаҳатчиси Иброҳим Гемичи академияга 44 жилдлик  “Ислом энциклопедияси” топширилишини маълум қилди.

Бунямин Албайрак айтишича, бу ноёб энциклопедия устида қарийб 35 йил меҳнат қилинган ва бугунги кунда бу китобнинг ислом оламида аҳамияти беқиёс. Шунингдек, туркиялик меҳмон гарчи ислом дини Маккада нозил бўлган эса, унинг мазмун-моҳияти, гўзаллиги ва афзаллиги Мовароуннаҳр, яъни ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан етишиб чиққан уламолар томонидан дунёга етказилганини алоҳида тилга олди.

Туркиялик меҳмон бугунги кунда академияда таҳсил олаётган талабалар ва уларга дарс бераётган ўқитувчилар сони, таълим жараёни  билан ҳам қизиқди. Ўз навбатида, Бунямин Албайрак берган маълумотга кўра, Туркияда Диёнат ишлари вазирлиги тизимида жами 150 мингдан зиёд одам ишлайди. Хусусан, Дин хизматлари тизимидагилар сони 90 мингдан ошади. Лекин ислом дини учун бу кам. Туркиялик Бош директор ўз сўзини давом эттириб, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ислом динини тўғри талқинда ўргатиш имконияти катта эканини ва бу ислом равнақи учун хизмат қилишини таъкидлади.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Туркиянинг ўнга яқин олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик ўрнатган. Айни пайтда Туркиядаги ҳамкор ташкилотлар билан профессор ўқитувчилар алмашинуви, биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, кадрларнинг малакасини ошириш, ўқув дастурларини ўрганиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Ташриф давомида туркиялик меҳмонлар академиянинг Манбалар хазинаси фаолияти, ундаги ноёб асарлар билан танишди, Шайхонтоҳур, Тўлабий ва Юнусхон мақбараларини зиёрат қилди.


Print   Email