АКАДЕМИЯ ФАОЛИЯТИ ФРАНЦИЯ ЭЪТИБОРИГА ТУШДИ

АКАДЕМИЯ ФАОЛИЯТИ ФРАНЦИЯ ЭЪТИБОРИГА ТУШДИ

Ўзбекистон халқаро ислом академиясига Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси делегацияси ташриф буюрди.Франция элчисининг маданият ва ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси Эмили Дезормьер хоним бошчилигидаги делегация кўрсатилган эътибор учун миннатдорлик билдирди, академия билан истиқболли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида келганини маълум қилди.

Академиянинг ўқув ишлари бўйича проректори И.Усмонов ушбу олий ўқув юрти ҳақида атрофлича маълумот берар экан, академия талабалари орасида француз тилига қизиқадиганлар ҳам борлигини маълум қилди.

Франция ва Ўзбекистон давлат раҳбарлари ташаббуси билан икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари ривожланаётганини таъкидлаган Эмили Дезормьер академия талабалари, тадқиқотчиларининг Францияда ўқишини ташкил этиш, ўзаро ҳамкорликда семинар ва конференциялар ўтказиш, ЮНЕСКО моддий меросини сақлаш йўналишларида ҳамкорлик қилиш ғоясини илгари сурди.

Учрашув давомида Франциянинг турдош олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Францияликларнинг маълум қилишича, айни пайтда бу мамлакатда диний соҳага ихтисослашган алоҳида университет мавжуд эмас. Лекин олийгоҳларда илоҳиёт факультетлари фаолият юритади.

Дўстона руҳда ўтган учрашувда Эмили Дезормьер хоним ўзи таклиф этган ва академия томонидан билдирилган йўналишларда ҳамкорлик қилишни маъқуллади. Унинг айтишича, 2021 йили Франциянинг дунёга машҳур Лувр музейида Ўзбекистондан чиққан қадимги артефактлар ва француз-ўзбек архиеологлари томонидан топилган топилмалар  кўргазмаси ташкил этилади. Шу муносабат билан Франция элчихонаси ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг моддий меросларни сақлаш йўналишидаги ҳамкорлиги долзарб аҳамият касб этади.

Франция элчихонаси делегацияси академиянинг Манбалар хазинаси ва академия ҳудудидаги Шайхонтоҳур, Юнусхон ва Тўлабий мақбаралари билан таништирилди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email