МАЛАЙЗИЯЛИК ПРОФЕССОР ҲАМКОРЛИКНИ ТАКЛИФ ҚИЛДИ

МАЛАЙЗИЯЛИК ПРОФЕССОР ҲАМКОРЛИКНИ ТАКЛИФ ҚИЛДИ

Ўзбекистон халқаро ислом академиясига Малайзия ислом илмлари университети (USIM) ректори, профессор Мусо Аҳмад ташрифи буюрди.

Малайзиялик меҳмон академиянинг Манбалар хазинасида сақланаётган бой илмий мерос билан танишди, “Юнусхон”, Шайх Ҳованди Тоҳур” ва “Тўлабий” мақбараларини зиёрат қилди.

Академия ректори Шуҳрат Ёвқочев билан бўлган учрашувда Мусо Аҳмад Малайзия ислом илмлари университети ҳақида батафсил маълумот берди ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш мақсадида келганини билдирди.

Ўз навбатида ректор Шуҳрат Ёвқочев академиянинг таълим йўналишлари ҳақида маълумот берди. Ҳар икки томон академик алмашинув, илмий тадқиқотларни ўтказиш, қўлёзмаларни ўрганиш, халқаро конференцияларни ташкил этиш, малака ошириш курслари бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Хусусан, Мусо Аҳмад академиянинг ислом илмлари соҳаси бўйича етакчи кадрлари салоҳиятидан унумли фойдаланиш истагини билдирди. Шуҳрат Ёвқочев эса ахборот технологиялари бўйича малайзиялик мутахассисларни академияга жалб этишни таклиф қилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро англашув меморандумини имзолашди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email