АКАДЕМИЯ ДУНЁ ТАН ОЛГАН УНИВЕРСИТЕТ ҲАМКОРИГА АЙЛАНДИ

АКАДЕМИЯ ДУНЁ ТАН ОЛГАН УНИВЕРСИТЕТ ҲАМКОРИГА АЙЛАНДИ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси делегацияси Туркияда давом этаётган хизмат сафари давомида ушбу мамлакатнинг етакчи таълим муассасалари билан ҳамкорлик бўйича муҳим келишувларга эришмоқда.

Ташрифнинг навбатдаги кунида академиямиз ректори Шуҳрат Ёвқочев Анқара университети, хусусан ушбу олий таълим муассасасининг Илоҳиёт факультети фаолияти билан яқиндан танишди. Аҳамиятли томони шундаки, томонлар ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум ҳам имзоладилар.

Таъкидлаш жоизки, Туркиянинг энг нуфузли олий ўқув юртларидан бири бўлган Анқара университети дунё олий таълим муассасалари ўртасида ҳам юқори ўринларда эътироф этилади. Катта ҳудудга эга бўлган ушбу университетда йилига 65 мингдан зиёд талаба таҳсил олади. Уларга уч мингдан ортиқ профессор-ўқитувчилар дарс беради. Улар орасида илмий даражага эга бўлган хорижлик муаллимлар кўплиги ҳам университетнинг илмий салоҳияти юқори эканидан далолат беради.

Бугунги кунда Анқара университети таркибида 18 та факультет, 14 та институт, ўндан зиёд олий мактаб, давлат консерваторияси, тиббиёт муассасаси, стоматология, ветеринария муассасалари, музей фаолият кўрсатмоқда.

Мазкур нуфузли университет билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган Ўзбекистон халқаро ислом академияси делегацияси энди Конья шаҳридаги диний таълим муассасалари ва Селжук университети фаолияти билан яқиндан танишади.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email