ОКСФОРД ОЛИМЛАРИ САМАРҚАНДДАГИ ҲАДИС ИЛМИ МАКТАБИГА ЖИДДИЙ ҚИЗИҚИШ БИЛДИРМОҚДА

ОКСФОРД ОЛИМЛАРИ САМАРҚАНДДАГИ ҲАДИС ИЛМИ МАКТАБИГА ЖИДДИЙ ҚИЗИҚИШ БИЛДИРМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига мувофиқ, Самарқандда олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклида ташкил этилган Ҳадис илми мактабининг довруғи кенг ёйилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқандга қилган ташриф чоғида  Ҳадис илми мактабида ўқитиш услубларини такомиллаштириш, халқаро илмий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини таъкидлаган эди. Шунингдек, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарган давлатимиз раҳбари Ўзбекистон халқаро ислом академиясига “республикадаги барча ислом таълим муассасалари фаолиятини ўқув-меъёрий ва ўқув-услубий жиҳатдан таъминлаш ҳамда мувофиқлаштиришни амалга ошириш” вазифасини юклаган.

Ушбу кўрсатмаларнинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистон халқаро ислом академияси Буюк Британиянинг Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази билан ҳамкорликда Самарқанддаги Ҳадис илми мактаби ўқув режаси ва дастурларини такомиллаштириш бўйича таклиф ва хулосаларини олди. Бу жараёнда нуфузли халқаро Марказнинг мудири, профессор Фарҳан Низами ҳамда Ислом тадқиқотлари марказининг етук мутахассислари – фан доктори Талал Ал-Азимий, Иброҳим Амин ҳамда Imam Bukhari Visiting Research Fellowship дастури иштирокчиси, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси проректори Иброҳим Усмонов қатнашди.

Ўқув режа ва дастурларни тайёрлашда Марказий Осиё минтақаси ҳадис мактабининг ўзига хос хусусиятлари, ҳанафий мазҳаби анъаналари ҳамда соҳага оид замонавий жараёнлар инобатга олинди. Шу билан бирга фанларнинг ўзаро уйғунлиги, изчиллик ва ўзаро боғлиқлиги каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хулоса сифатида тўлақонли изчил тизим шаклланиши учун  ҳадис илми мактабига киришдан олдин ўрта махсус таълим тизимида қандай фанлар ўзлаштирилиши кераклиги ҳам тавсия этиб ўтилди.

Марказ мудири, профессор Фарҳан Низами Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактаби билан Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази илмий, таълимий ва бошқа соҳаларда яқин ҳамкорлик қилишга тайёр эканини таъкидлади.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email