Сўз қудратини теран англаган буюк ижодкор

Сўз қудратини теран англаган буюк ижодкор

Халқимизнинг жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган даҳолари сафига ҳақли равишда Муҳаммад Ризо Огаҳий ҳам мансубдир. Адиблар хиёбонида унинг шундоққина ҳазрат Навоийдан кейинги муносиб ўринда турганида ҳам бир ҳикмат бор. Ёш авлодни бугунги шиддатли давр чиғириқларидан илм билангина муваффақиятли ўтишдан огоҳ этаётганга ўхшайди. Огаҳий миллатимиз маънавияти ривожида шоир, таржимон, муаррих сифатида из қолдирди. Бир шахс, бир инсон вужудида бу қадар кенг қамровли истеъдод, теран тафаккур, миллатга меҳру муҳаббатнинг яшамоғи ҳақиқатан ҳайратланарлидир. Лекин Огаҳий яшаган муҳитни, у олган тарбияни, кейинчалик руҳий камолот сари интилиб, буюк салафларга издошликда қанчалик собитқадамлик қилганини ўйласак, бизни ҳайратга солган жиҳатлар табиий бир уйғунлик бўлиб туюлади.

Шоир учун, энг аввало, отаси Эрниёзбекнинг акаси, яъни амакиси Шермуҳаммад Мунисдай давр даҳосининг меҳру муҳаббати, алоҳида эътибори катта саодат эди. Тақдир тақозоси билан Муҳаммад Ризонинг Шермуҳаммад Мунис тарбиясида қолиши унинг Огаҳий бўлиб юксалишига хизмат қилди. Мунис зикр қилинган ерда шоир унинг “биродарзода ва дастпарварда”си эканини фахр билан тилга олади. Кейинчалик “Биродарзода ва дастпарвардайи Мунис” Огаҳий ўз асарларида яхши кўриб ишлатадиган бирикма ва унинг учун қадрли унвонга айланди.

Огаҳий барча даҳо ижодкорлар қатори сўзнинг қудратини яхши англади. Нафақат ҳар бир шахс, балки бутун бошли миллатлар, мамлакатлар тақдири сўзга — тилга боғлиқ эканини теран ҳис қилди. Бутун борлиқнинг яратилишига восита бўлган сўз уни бордан йўқ қилишга ҳам қодирлиги, сўзда шундай салоҳият мавжудлигини англаш ва англатишга интилди.

Ўзбек мумтоз адабиёти тарихида Огаҳийнинг лирик жанрлари миқдори борасида пешқадамлиги алоҳида таъкидланади. Бундан ташқари, у мазкур жанрларни қайсидир жиҳати билан бойитгани, янада юксак мақомларга олиб чиққани билан ҳам ажралиб туради.

Огаҳийнинг миллатимиз маънавиятидаги ўрнини юксалтирган жиҳат унинг мутаржимлик фаолиятидир. У ўн саккиз асарни форс тилидан, бир асарни усмонли турк тилидан ўзбекчага таржима қилди. Бу асарларнинг кўпчилиги аслида форс адабиётининггина эмас, жаҳон адабиётининг ноёб дурдоналари эди. Устоз Нажмиддин Комиловнинг “Огаҳий маҳорат билан таржима этган асарлар ўзбек адабиёти тарихининг муайян бир бўлагини ташкил этади, уни ўрганмай четлаб ўтиш эса бу улкан адибнинг ижодига етарли эътибор бермаслик, уни ярим-ёрти қилиб, чала тасаввур этиш ёки адабиёт тарихининг салмоқдор бир қисмини ташлаб кетиш демакдир”, деган асосли фикрлари соҳа вакилларини бугун ҳам ўйлантириши керак. Албатта, Огаҳий даражасидаги маҳоратли таржимонлар тасодифан, якка бир шахснинг хос истеъдоди билангина дунёга келмайди. Бунинг омиллари кўп. Бу ҳақда Н.Комиловнинг “...ташкилий уюшганлик, ишга давлат ва миллат аҳамияти нуқтаи назаридан эътибор қилиш Хоразмда таржима ишининг баланд даражага кўтарилиши, ўзбек тилида жуда кўплаб ажойиб асарларнинг пайдо бўлиши учун маълум шарт-шароитни вужудга келтирди” тарзидаги мулоҳазалари ўзининг кўплаб фактик асосларига эга.

Огаҳий тарихнависгина эмас, тарихшунос ҳам эди. У муаррих сифатида тарихнинг нима эканини, тарихнавислик масъулияти юкини, муаррих ким ва қандай бўлиши кераклигини яхши англади. Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги

Равон тарих сори рағбат айла,

Салотин бирла азми суҳбат айла...

... Вагар тарих сори айлагунг майл,

Муни билгилки, не иш қилди ҳар хайл,

сўзларига ҳамоҳанг тарзда “Риёз уд-давла” асарида:

Хушо, ул таворих соҳиби шараф,

Ки бор анда ахбори аҳли салаф,

Саводи анинг кўзни равшан қилур,

Кўнгулни ибороти гулшан қилур, дейди.

Бугун олдимизда Огаҳий ижодидан, аввало, ўз халқимизни, қолаверса, жаҳон зиёлиларини баҳраманд қилишдек кенг кўламли, катта куч, меҳру муҳаббат, саботу салоҳият, вақту нақд талаб қиладиган масъулият турибди. Таниқли шарқшунос Юрий Брегелнинг саъй-ҳаракатлари билан Мунис ва Огаҳийнинг “Фирдавс ул-иқбол” асари инглиз тилига таржима қилиниб, жаҳон зиёлиларининг бу муҳташам асардан истеъфода имкониятлари кенгайди. Афтондил Эркинов томонидан “Enciclopedia of Iranica 3” (Leiden: Brill, 2015)да Огаҳий ҳаёти ва ижодига оид биографик маълумот тақдим этилди. Ф.Ғанихўжаев каталогидан ташқари, Тошкент давлат шарқшунослик университети олимлари томонидан Огаҳий асарларининг жаҳон кутубхоналарида, хусусан, Россия, Туркия, Финляндия хазиналарида мавжуд асарлари қўлёзмалари ҳақидаги маълумотлар билан бойитилган каталог тайёрланаётгани алоҳида таҳсинга лойиқ.

Галдаги вазифалардан бири, албатта, Огаҳий асарлари тили тадқиқини тизимга солиш, унинг сўз бойлиги жамланган замонавий луғатлар яратишдир. Сабаби, Огаҳий асарларидаги сўз бойлиги бутун мумтоз адабиётимиз сўз бойлигининг салмоқли қисмини қамраб олиши шубҳасиз. Бу қадар бебаҳо маънавий меросдан баҳрамандликнинг асосий очқичи ҳам унинг тилини англаш эканини яхши биламиз. Боболаримиз руҳий дунёсига элтувчи йўл уларнинг қаламига мансуб асарлари тилини чуқур англашдир. Буни мухтасар тарзда Огаҳийнинг “Риёз уд-давла” асари муқаддимасида келтирилган қуйидаги парча мисолида кўрамиз: “Жаҳонбонлиғ маҳомининг нигини интизоми ва ҳукмронлиғ низомининг сарриштайи иҳтимоми ул подшоҳи адим ул-иштибоҳнинг қабзайи иқтидор ва сарпанжайи ихтиёриға маҳкаму мусалламдурким, сипеҳри нилгуннинг айвони рифъатбунёни анинг бинойи санъатидин мутарраҳ ва рубъи маскуннинг фазойи вусъатнишони анинг меъмори қудратидин мусаттаҳдур. Азим уш-шаън султонларнинг фарқи давлатиға анинг қуллуғи доғидин афсар ва рафеъ ул-макон хоқонларнинг жабҳайи иззатиға анинг эшиги туфроғидин зевар; мало ул-аъло сойирлари анинг ибодати футуҳотидин баҳраманд ва жарми ғабро сокинлари анинг итоати фуюзотидин ҳаловатпайванд; хуршиди дурахшон бир ламъайи нопадиддур байзойи ҳикматидин ва муҳити бекарон бир қатрайи номуфиддур дарёйи қудратидин; ваҳдату касрат азамати гулистонидин шабнаме, ҳаюло ва суврат ҳикмати уммонидин бир наме”.

Эътироф этишимиз керакки, махсус тайёргарлик ва кўникмага эга бўлмаган ўқувчи матн мазмунини англамайди ёки тўла англаши қийин кечади. Мисол тариқасида келтирилган парча ҳозирги ўзбек адабий тилига уйғунлаштирилса, қуйидаги кўринишда бўлиши мумкин: “Жаҳонни тутишдек муҳим ишларнинг интизом нигини ва ҳукмронлик низомининг саъй-ҳаракатлари тизгини кўм-кўк осмоннинг юксак айвони унинг бинокорлик санъати билан тарҳи чизилмиш ҳамда бутун ер юзининг кенг фазоси унинг меъморлик қудрати билан текисланмиш. Ул тенгсиз подшоҳнинг иқтидор қўлию ихтиёр панжасига хос ва фақат унгагина тааллуқлидир. Не-не улуғ султонларнинг давлати бошига унга қуллик доғидан тож етар ва юксак мақомли хоқонларнинг иззати манглайига унинг эшиги тупроғидан зебу зевар; баланддан-баланд маконларни сайр қилувчилар унинг ибодатидан топган футуҳотдан баҳраманд ва қора ерни маскан қилганлар ҳам унинг итоатидан етган файз билан ҳаловатга пайванд; чарақлаб турган қуёш унинг ёруғлик ҳикмати олдида бир кўринмас учқун, мавж урган чексиз уммон унинг қудрат денгизидан арзимас қатрадир; бирлику кўплик буюклиги гулистонидан бир шабнам, хаёлоту суврат ҳикмати уммонидан бир нам каби”.

Мумтоз матнни ҳозирги ўзбек адабий тилига уйғунлаштириш жараёнида унинг барча хусусиятларини сақлаб қолишнинг иложи йўқ. Бу нафақат Алишер Навоий “Хамса”си каби назмни насрлаштириш, балки юқоридагидек насрни наср орқали ифодалашда ҳам яққол кўриниб қолади. Мисол учун, ҳозирги ўзбек адабий тилида “жаҳонни тутиш” бирикмаси билан берилган “жаҳонбонлиғ” сўзи Огаҳий тилида “подшоҳлик” (“жаҳонбон” ‒ “подшоҳ”) маъносини ҳам беради.

Ушбу бир парчада мумтоз адабиётимизнинг малоҳатини намоён қилувчи қатор бадиий санъатлар мавжуд. Парча бошдан-охир бараоти истиҳлол санъати асосида қурилган. Бу санъат ҳақида Атоуллоҳ Ҳусайний “...калом ибтидоси мақсадға ишора қилмоқ йўли била мақсудға муносиб қилинур”, дейди. Огаҳий асар ибтидосини ўзининг фалсафий қарашларига ижтимоий-сиёсий мазмун бериш билан бошлагани унинг ушбу санъатдан унумли ва моҳирона фойдаланганини кўрсатади. Мазкур санъатни нисбатан соддароқ қилиб таърифласак, ундаги сўзлар асар мазмуни, номига муносиб тарзда уйғунлаштирилади. Масалан, Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр”и “Жон қуши чун мантиқи роз айлагай, Тенгри ҳамди бирла оғоз айлагай” ёки “Арбаъин” “Ҳамд ангаким, каломи хайрул-маол, Қилди элга расулидин ирсол”, деб бошлангани каби. Бу мумтоз адабиётимизда асарларни бароати истиҳлол санъати асосида бошлаш анъанаси кенг тарқалганини кўрсатади.

Бундан ташқари, унда тавзеъ (оҳангдорлик), ташбеҳ, ташобиҳ ул-атроф (тарафларнинг ўхшашлиги) каби санъатлар қўлланилган.

Умуман олганда, Огаҳий ижоди тадқиқи бугун янги босқичга кўтарилган. Хусусан, 2019 йил 20 мартда Вазирлар Маҳкамасининг “Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш ҳамда Хива шаҳрида Огаҳий ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Мазкур қарорнинг 3-бандига мувофиқ, шу кунгача Огаҳий асарлари силсиласининг 8 жилди “Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясида ҳар бири 1000 нусхадан нашрдан чиқди. Ушбу кўламли лойиҳанинг тўла ижроси 2021 йилда таъминланиши назарда тутилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 20 майда Адиблар хиёбонига ташрифи чоғида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Тошкент давлат шарқшунослик университетида нуфузли олимлардан иборат Огаҳийшунослар жамияти тузилиб, ўз фаолиятини бошлади.

Икки йилдан буён Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ва Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети томонидан Огаҳий меросини ўрганишга бағишланган республика илмий-амалий анжумани ўтказилмоқда. Эндиликда ушбу анжуманни халқаро мақом ва миқёсда ўтказишни таъминлашимиз зарур.

Шунингдек, бугун олдимизда Алишер Навоий ва Огаҳий асарлари лексик фонди асосида ўзбек мумтоз адиблари электрон луғатини яратишдек кенг кўламли ва катта самарали ишни амалга ошириш турибди.

Огаҳий ғазалларидан бирида:

Огаҳий ҳолин кўруб доим тағофул қилғасен,

Шоири донойи давронинг керакмасму санго?!

 деган эди.

Миллат руҳи бўлган тил ва адабиётимизга алоҳида эътибордан келиб чиқиб айтиш мумкинки, “шоири донойи даврон” меросига “тағофул” — бепарволик даври ўтди. Эндиликда зиммамизда Огаҳий ва мумтоз адабиётимизнинг бошқа йирик вакилларига чинакам ворис сифатида муносиб ва зарур ишларни амалга ошириш масъулияти турибди.

Абдулла ЎРОЗБОЕВ,

Хоразм Маъмун академияси грант раҳбари,

филология фанлари доктори


Print   Email