МАСЖИД ОДОБЛАРИГА РИОЯ ҚИЛАЙЛИК

МАСЖИД ОДОБЛАРИГА РИОЯ ҚИЛАЙЛИК

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, масжидларимиз кундан-кунга обод бўлиб, намозхонларимизнинг сони ортиб бормоқда. Улар учун барча қулайликлар ва шарт-шароитлар мавжуд янги-янги масжидлар ҳам қад кўтармоқда. Диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, тез кунда ушбу ободончиликлар барча ҳудудларга кенг ёйилиши табиий.

Аммо аждодларимиз пешво бўлган “илми жадал” қонуниятларидан маълумки, саноқ кўпайиши сифатни ҳам ошириб боришни талаб қилиши муқаррар. Масжидларимиз обод бўлмоқда, намозхонларимиз кўпаймоқда, бу эса ўз навбатида, уларнинг савияси ҳам юқори бўлишини тақозо этади. Айнан савиянинг юқори бўлиши сифатни белгилаб беради.

Ибодат масалаларига келганда кўпчилик илмдан узоқлашиб ҳиссиёт даражасида фикрлай бошлаши кузатилади. Бир неча ўн йиллаб масжидда намоз ўқиб келганлар жамоат намозларининг оддий қонун-қоидаларини билмаслиги, масжид одоблари, саф тузилиши кабиларга беэътиборлиги кўзга ташланади. Хусусан болаларнинг масжидларда намоз ўқиши масаласида ҳам… Тан олиш керак, бу жуда нозик, сўз очилиши биланоқ, кўпчиликнинг ҳиссиётини қўзғатиб юборувчи масала. Аммо ҳиссиётга берилиб, муносабат билдиришдан аввал бир мулоҳаза қилиб кўрайлик, биз ўзи бу масалада ўзига яраша шаръий қоидалар борлигини биламизми? Болаларку катталар ҳамроҳлигида масжидларда ибодатларга боришмоқда, бироқ ибодатлар шаръан тўғри шаклда адо этилмоқдами? Мана шу масалалар ҳақида кўпчилик ўйлаб кўришмайди ёки ўйлашни исташмайди.

Айрим вилоятларда ёши улуғ масжид имомлари болаларни масжидга келтирмаслик ҳақида гапирсалар ижтимоий тармоқларда уларни кескин танқид остига олдилар. Лекин танқид қилаётганларнинг бирортаси имомлар буни шариат талабларининг бузилмаслиги учун гапирганларини тушуниб ета оладиган даражада эмас. Намозда сафнинг тузилишига эътибор қилиш вожиб амал ҳисобланади. Шариат китобларининг барчасида сафда аввал эркаклар, кейин ёш болалар… кейин аёллар туради, дейилган. Аёлларнинг масжидда намоз ўқиши Ҳазрат Умар давридаёқ қайтарилган, бугунги кунда зиёрат қилинувчи масжидлардан ташқари бирор масжидда аёллар жамоатга қатнаб намоз ўқиши кузатилмайди. Бу албатта мазҳабга эргашувчилар наздида. Болаларнинг сафда катталар билан аралашиб намоз ўқиши уламолар наздида сафни бузиб, фосид қилади. Сафга амал қилмаслик эса вожибни тарк қилиш бўлади. Ҳозирда эса болаларни ҳатто биринчи сафда ҳам кўриш мумкин. Ахир бу ўринда шариат талаблари очиқдан-очиқ бузиляптику! Хўш энди адолат билан қарайлик, кимнинг талаби шаръан тўғри бўлаяпти, болаларнинг жамоатга бориши тарафдорлариними ёки аксинча? Сафга эътибор бериш Имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадис асосида йўлга қўйилган:

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, у: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам намоздаги ўринларимизни тўғрилаб чиқар эдилар ва: “Текис туринглар ва терс турмангларки қалбларингиз терс бўлиб қолади. Менинг ортимда ақл эгалари ва балоғатга етганлар турсин. Сўнг уларга эргашувчилар, сўнгра уларга эргашувчилар”.

Юқоридаги ҳадисдан маълум бўладики, Пайғамбар алайҳиссалом нафақат сафни тўғрилаганлар, балки, кимнинг қаерда туришини ҳам белгилаб берган эканлар. Демак, саф ибодатнинг эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим масалаларидан бири ҳисобланар экан, нега бунга амал қилмаслигимиз керак? Тўғри, бу ўринда болаларнинг масжидда алоҳида саф бўлиб, одоб сақлаб туришлари ўта мушкил масала. Аммо уларнинг жамоатга қатнашлари фарз эмаску! Масжид одобларига риоя қилиш, сафга эътибор бериш эса вожиб. Тарки вожиб бўлишининг олдини олиш мақсадида болаларнинг жамоатга бормай, намозларини уйда ўқишлари афзал экани ўз-ўзидан маълум бўлаяпти. Бу ҳиссиёт билан ҳал қилинадиган нарса эмас, бу шаръий далил, илмий ёндошув билан очиқ-ойдин бўлиб турган масала.

Энди яна бир ҳадисга эътибор қаратсак, болаларни бирор сабаб билан масжидга боришларидан тўсиш мумкинми ёки йўқ, деган масала ҳам ойдинлашади:

Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Масжидларингиздан вояга етмаган болаларингизни, ақли заифларингизни, савдоларингизни, олди-сотдиларингизни, тортишувларингизни, бақир-чақирларингизни, жазога тортишларингизни, қиличларингизнинг тиғларини узоқ қилинг! Эшиклари узра покловчи нарсаларни тутинглар ва буни кўпчиликка тарқатинглар”, – дедилар”.

Ушбу ҳадисни Имом Ибн Можа “Сунан”ида, Имом Табароний “Мўъжамул-кабир”да Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан, Имом Байҳақий “ас-Сунан ал-Кубро”да Абу Дардо, Восила ибн Асқаъ, Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳумдан ривоят қилган бўлиб, ҳаммалари: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам минбарда туриб айтганларини эшитдик”, – дейишгани айтилади. Ҳадисдан маълум бўладики, Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари вояга етмаган болаларнинг масжидга келишидан қайтарган эканлар.

Адолат учун айтиб ўтиш керакки, муҳаддислар ушбу ҳадис ровийларидан баъзиларини заиф деб топганлар. Бироқ ҳадис заиф бўлгани билан у ерда санаб ўтилган қайтариқларнинг бирортаси ноўрин эмас, уларнинг барчаси ҳозирда ҳам амалда. Масжидда савдо қилмаслик, овозни баланд кўтармаслик, тортишмаслик, масжидларни покиза тутиш кераклиги борасида ҳамма рози. Масжидда тиғли нарса олиб юриш ва жазога тортиш мумкин эмаслиги шариат китобларида ҳам бор. Шундай экан, бирини маҳкам ушлаб олиб, бошқасини тарк қилишга қандай асос йўқ.

Ҳадисда келган вояга етмаган болани англатувчи “сабий” сўзининг шарҳи алоҳида эътиборга молик. Фиқҳий мазҳабларда боланинг балоғатга етишида иттифоқ қилинган ёш агар ташқи балоғат белгилари кузатилмаса, ўн беш (15) ёш ҳисобланади. Бу шофеийлар ва ҳанбалийларнинг кўпчилиги, ҳанафийлардан эса Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг сўзи бўлиб, Имом Аъзамдан ҳам бир ривоятда ўн беш ёш зикр қилинган. Моликийларда эса агар ташқи балоғат белгилари кузатилмаса балоғат ёши ўн саккиз (18) ёш деб белгиланган, Имом Аъзам ҳам белгилар кузатилмаса балоғат ёшини ўғил болалар учун ўн саккиз (18), қиз болалар учун ўн етти деб айтгани ривоят қилинади (ушбу ривоят Абул-Баракот Насафийнинг “Канзуд-дақоиқ” асари ва “Мухтасарул-Виқоя”нинг арабча матни ҳошиясида келган). Эътибор бериб қаралса, 15-18 ёшлар оралиғи анча ўсмирликдан катталик сари ўтилаётган даврни ўз ичига олади. Кўриниб турибдики, жуда кичкина болаларни масжидга киритишни оёқ тираб туриб олишга ҳеч қандай ҳожат йўқ.

Яна бир мулоҳаза, Пайғамбар алайҳиссалом ҳатто катталарнинг ҳам пиёз ва саримсоқ еб масжидга келмасликларини буюрганлари, баъзи ривоятларда масжиддан чиқариб юборишга буюрганлари саҳиҳ ҳадислардан маълум. Агар муайян сабаблар билан жамоатга келиши вожиб бўлган катталар масжиддан тўсилиши мумкин бўлса, болалар ҳам бундан мустасно эмас. Жойлардаги ҳар бир имом эса ўз ҳудудларини, у ерда мавжуд сабаб ва иллатларни яхши билади. Улар ўша ерда мавжуд муайян сабаб ёки иллат туфайли болаларнинг масжидга келиши тўғри эмас деб топган бўлсалар, бунга ваколатларидан келиб чиқиб ҳақлари бор. Жамоат эса уларга эргашиши ва масжид одобларига қатъий риоя қилиши вожиб. Шундай экан динимизга илмга таяниб, онгли равишда амал қилишни бошласак, жумла мусулмонлар учун фойдали бўлар эди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар маркази


Print   Email