Зулфия Исроилова ҳаёти ва ижоди талаба-ёшлар нигоҳида

Зулфия Исроилова ҳаёти ва ижоди талаба-ёшлар нигоҳида

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими томонидан “Зулфия Исроилова ҳаёти ва ижоди талаба-ёшлар нигоҳида” мавзусида онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари – Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти 2-босқич талабаси Мадина Норчаева ҳамда “Зиё-медиа” маркази муҳаррири Вазира Ибрагимовалар бевосита иштирок этди.

Шунингдек, адабиёт ва санъат вакиллари, ўқитувчилар, илмий-тадқиқотчилар, магистрант, докторант ва талабалар қатнашди.

Тадбирда шоира ҳаёти ва ижоди, яратган асарлари, ўзбек шеъриятига қўшган ҳиссаси, бугунги кунда адабиётшунослар ва ёшлар томонидан адиба илмий-маънавий меросининг чуқур ўрганилиши каби масалалар ҳақида гапирилди.

Ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби Зулфия Исроилова 1915 йили Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилган.  Шоира Хотин-қизлар билим юртида ўқиган вақтларида (1931-1934) адабий тўгаракларда шеър машқ қила бошлади. 1935-1938 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг А.С. Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олди.

Сўнгра 1938-1948 йилларда Болалар нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Давлат нашриётида бўлим бошлиғи,  1950-1953 йилларда эса “Ўзбекистон хотин-қизлари” ойномасида бўлим бошлиғи ва ниҳоят, 1953-1980 йилларда “Саодат” ойномасининг бош муҳаррири бўлиб ишлади.

– Зулфия онанинг ижодий камолотида ўзбек ва рус классиклари, халқ оғзаки ижодиёти ва жаҳон адабиёти анъаналарининг роли катта бўлган, — дейди Вазира Ибрагимова. – Шоира “Шеърлар” ва “Қизлар қўшиғи” (1938) каби поетик асарларини она-Ватан ва унинг дала, чўлларида меҳнат қилаётган пахтакорлар, механик, тракторчи қизларнинг қайноқ ҳаётларига бағишлайди. Айни дамда мазкур тўпламлардаги шеърлар ёш шоиранинг шеърий маҳорат сирларини эгаллаётган даврини ҳарактерловчи асарлар сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Элимиз ардоғидаги адабиёт намояндасининг “Чоржўй-Қўнгирот” (1947), “Далада бир кун” (1948), “Зоотехник қиз” (1952), “Тонг қўшиғи” (1953) каби бир қатор шеърлар туркуми, “Мен тонгни куйлайман”, “Юрагимга яқин кишилар” (1958), “Куйларим сизга” (1965), “Салом, сизга эркпарвар эллар”, “Ўғлим, сира бўлмайди уруш” каби шеър ва тўпламларида Ватан мадҳи, меҳнат жараёнида фидокорлик кўрсатаётган кишилар ҳаёти жўш уриб туради.

Мазмунли ўтган тадбир давомида шоира ҳаёти ва ижоди, асарларига тааллуқли бўлган савол-жавоблар ўтказилди. Якунда Зулфия Исроилова ижоди билан чуқур танишган талаба-ёшлар аниқланиб, рағбатлантирилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати


Print   Email