Ёшлар ва ҳуқуқий маданият

Ёшлар ва ҳуқуқий маданият

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти томонидан “Ёшлар ойлиги” доирасида онлайн тадбир бўлиб ўтди.

“Жамиятда ҳуқуқий онгни шаклланишида ёшларнинг ўрни” мавзусидаги мулоқот Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда ўқитувчилар, илмий-тадқиқотчилар, докторант, магистрант ҳамда талабалар қатнашди.

Тадбирда ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат интизомларини шакллантириш,  ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш каби масалалар ҳақида суҳбатлашилди.

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий маърифий тадбирлар ва учрашувларни кенгайтириш, халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ёш авлод онгида шакллантириш орқали ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш сингари долзарб вазифаларнинг амалиётга жорий этилаётгани таъкидланди.

Маълумки, Президентимизнинг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги 2019 йил 9 январдаги ПФ-5618-сонли Фармонининг қабул қилиниши ҳам соҳада амалга оширилиши керак бўлган чора-тадбирларни белгилаб берди.

Шу нуқтаи назардан, “Жамиятда ҳуқуқий онгни шаклланишида ёшларнинг ўрни” мавзусидаги тадбир ҳам талаба-ёшларни ўзаро фикр алмашишга чорлади.

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати


Print   Email