Янги китоблар тақдимоти

Янги китоблар тақдимоти

Китоб — ҳаёт ҳикматларини ўргатувчи жавоҳирлар сандиғи. У кишида ота-онага меҳр-муҳаббат, эл-юртга яқинлик, Ватанга муҳаббатни онгу шуурга сингдиради.

Юртимизда маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантириш, буюк алломаларимиз илмий асарларини тадқиқ этиш ҳамда уни кенг жамоатчиликка етказиш, халқимиз, айниқса, ёшларни бундай нодир асарлардан баҳраманд этиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот ҳамда Республика маънавият ва маърифат марказлари ҳамкорлигида нашр этилган янги илмий-маънавий китоблар тақдимотига бағишланган онлайн тадбир бўлиб ўтди. Унда муаллифлар: Ш.Умаров, У.Муҳаммадиев “Исломда ижтимоий иллатлар муолажаси”, Б.Амонов, Н.Қобилов “Имом Бухорий изидан”, И.Даминов “Ота-она — ҳикмат, фарзанд — чироқ”, У.Муҳаммадиев “Илмдан бошқа нажот йўқ” китобларидан ўрин эгаллаган қимматли маълумотлар, алломалар ҳикматлари, ҳозирги пайтдаги кўплаб салбий масалаларга ижобий ечим бўладиган илмий-маънавий тадқиқот ишлари муҳокама этилди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакиллари ҳамда олимлар, профессор-ўқитувчилар, илмий-тадқиқотчилар иштирок этди.

Тақдимотни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов кириш сўзи билан бошлаб, бугунги кунда марказ томонидан амалга оширилаётган ишлар, алломаларимиз меросини чуқур ўрганиш ва тадқиқ этиш, бу борада илмий рисолалар мунтазам чоп этилаётгани ҳақида фикр билдириб, юқорида номлари келтирилган китоб муаллифларини ушбу ютуқлари билан табриклади.

Шундан сўнг Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда нашр этилган китоблар бўйича муаллифлар самарали меҳнат қилганини таъкидлаб, унда илгари сурилган фалсафий қарашлар, чуқур таҳлилий ёндашувлар, аниқ манбаларга таянган ҳолда яратилганини ва ушбу китоблар ўқувчи тафаккурининг янада ошишига хизмат қилиши билан аҳамиятли эканини билдирди.

— Ҳақиқий илмга маънавият орқали эришилади, — деди ўз сўзида Минҳожиддин Мирзо. — Китобга бўлган муҳаббат — бу, энг аввало, ватанга, оилага бўлган муҳаббатдир. Бугун олимларимиз, шоиру ёзувчиларимиз қаторида ёш, изланувчан тадқиқотчиларимиз ҳам халқимиз, қолаверса, ёшларимизнинг илм-маърифатли бўлишларида ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Уларни илм-зиё, маънавият тарғиботчилари десак, муболаға бўлмайди. Шу жумладан, мазкур тўртта китоб муаллифлари ҳам шундай шарафли мақтовга лойиқ.

Дарҳақиқат, ҳар бир маънавият тарғиботчиси бор экан, ундан зиё тарқатишда юксак билим, самарали меҳнат, тинимсиз изланиш, ўқиб-ўрганиш талаб этилади. Тадбирда “Исломда ижтимоий иллатлар муолажаси”, “Имом Бухорий изидан”, “Ота-она — ҳикмат, фарзанд — чироқ”, “Илмдан бошқа нажот йўқ” китобларидан ўрин эгаллаган мазмун-моҳият, илгари сурилган ғоялар ҳақида олимлар ўз фикрларини билдирди. Якунда ушбу китобларнинг олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида чуқур ўрганилиши, ўқитувчилар томонидан дарслик сифатида фойдаланилиши тавсия этилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

 


Print   Email