Хонанда Дилсўз билан учрашув ўтказилди

Хонанда Дилсўз билан учрашув ўтказилди

Юртимизда пандемик вазият бўлишига қарамасдан санъат аҳли вакиллари билан онлайн учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Зеро, санъат ва илм доимо ҳамоҳангдир. Инсон тафаккури, маънан юксалишида ҳақиқий санъатнинг ўрни беқиёсдир.

Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ўтказилди. “Ниҳол” мукофоти совриндори, хонанда Гўзал Жуманиёзова (Дилсўз) билан онлайн давра суҳбатида академия ўқитувчилари, талабалар иштирок этди.

Академия хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган ижодий учрашувни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад коронавирус даврида одамларга юқори кайфият улашиш, карантин чекловларидан бироз чалғитиш, мусиқий кўтаринкилик улашиш бўлди. Ижодий учрашувни академиянинг “Араб тили ва адабиёти Ал-Азҳар” кафедраси ўқитувчиси Мастура Нурматова олиб борди.

Онлайн давра суҳбатида хонанда ўзининг болалик йиллари, санъат соҳасига кириб келиш тарихи, ижодий фаолияти ҳақида йиғилганларга маълумот берди. Бугунги кундаги хонандалик фаолияти, мусиқий янгиликлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, хонанда репертуаридаги қўшиқлардан айримларини иштирокчиларга жонли тарзда ижро этиб берди.

Қизғин савол-жавоб, юқори кайфиятда ўтказилган тадбир иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Хонанда Дилсўз ҳам ижодий кечадан хурсандлигини таъкидлаб, мутасаддиларга самимий миннатдорчилигини билдирди. Жорий йилги академия битирувчиларини самимий қутлаб, уларнинг келгуси фаолиятига омад тилади.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати


Print   Email