Марказий Осиёда “қайта уйғониш” даври бўлган

Марказий Осиёда “қайта уйғониш” даври бўлган

Ислом динининг асоси — илм-маърифат, адолатда. Шу маънода Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО” кафедраси томонидан “Марказий Осиёда дин, маданият ва санъат” мавзусида онлайн семинар ўтказилди. Унда академиянинг профессор-ўқитувчилари, исломшунос олимлар, талабалар иштирок этди. Шунингдек, меҳмон сифатида тарих фанлари доктори Ашурбек Мўминов ҳам бевосита қатнашди.

Тадбирда Марказий Осиёда ислом санъати ва маданиятини ўрганиш жараёни кетаётгани айтилди. Бу борада IRSICA ташкилоти фаолият олиб бораётгани ҳамда ташкилотнинг мақсад вазифалари ҳақида маълумот берилди.

IRSICA – бу ислом ҳамкорлик қошида ташкил этилган илмий марказларидан бири ҳисобланади. Марказ ислом тарихи ва маданиятини ўрганиш билан шуғулланади. Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 56 та мамлакатда ўз фаолиятини олиб боради. Ташкилотнинг айни пайтдаги бошқа мақсади Марказий Осиё ислом тарихи ва маданиятини ўрганишдан иборат. Бу борада IRSICA турли конференциялар ўтказмоқда. Дастлабки анжуман Қозоғистонда бўлиб ўтган бўлса, навбатдаги тадбирга Қирғизистоннинг Манас университети мезбонлик қилди. Ўз навбатида пандемик вазият бартараф этилганидан сўнг юртимизда ҳам ушбу мавзудаги конференциянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.

Мазмунли мулоқот давомида Марказий Осиё давлатларидаги ислом тарихи ва маданиятининг потенциал имкониятлари юқори баҳоланди. Халқаро ташкилотлар учун Марказий Осиё, айниқса, юртимиз кам ўрганилган ҳудуд ҳисобланиши қайд этилди.

 – Собиқ Иттифоқ даврида ислом дини санъатни рад этади, деган нотўғри фикр шаклланганди, дейди тарих фанлари доктори Ашурбек Мўминов. Европалик олимлар ислом санъати ҳақида кам билим, тушунчага эга эди. Аммо вақт ўтиб, янги замон тадқиқотчилари бунга қарши чиқди. Марказий Осиёда вужудга келган ислом санъати ва цивилизациясини тарихчилар “ренессанс даври” ҳам дейишади. Жумладан, Ўзбекистонда ислом цивилизацияси қайта уйғониш даврининг бешта босқичи бўлганини, олимлар томонидан ёзиб қолдирилган илмий рисолаларда кўриш мумкин.

Тадбир якунида инсоният маданиятига ислом динининг ижобий таъсири ниҳоятда катта бўлгани йиғилганлар томонидан таъкидланди. Юртимиздаги тарихий қадамжолар, меъморий обидалар, аждодларимиз томонидан қолдирилган ноёб манбалар ана шу маданиятнинг бир бўлаги экани айтилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

 

 


Print   Email