Мақсад аниқ бўлса, ғалабага эришилади

Мақсад аниқ бўлса, ғалабага эришилади

Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Араб тили ва адабиёти Ал-Азҳар” кафедраси томонидан онлайн учрашув ташкил этилди. Унда футзал бўйича “Бунёдкор” жамоаси бош мураббийи Абдулла Бўриев иштирок этди. Шунингдек, тадбирда ўқитувчилар, илмий-тадқиқотчилар, докторант ва магистрантлар, талабалар ҳам уйдан туриб, онлайн қатнашди.

Учрашув аввалида кафедра мудири А.Казакбаев спорт соҳасидаги ислоҳотлар, мард ва жасур ўғлонларнинг жаҳон ареналарида юртимиз номидан иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритаётгани ва бунда, албатта, устозларнинг хизмати беқиёс экани борасидаги кириш сўзлари билан бошлади.

Шундан сўнг Абдулла Бўриев ўз фаолияти, спорт соҳасига қўшиб келаётган ҳиссаси, билимли ва кучли ёшларни тарбиялашдаги меҳнати, эришган ютуқлари ҳақида маълумот берди.

Таъкидлаш жоизки, А.Бўриев 1974 йил 18 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. Футзалдаги фаолиятини 2004 йилда “Ардус” жамоасида бошлаган. Уч карра Ўзбекистон чемпиони ва Ўзбекистон кубоги соҳиби, икки карра Ўзбекистон миллий терма жамоасида Осиё чемпионати кумуш (2006-2007) ҳамда бронза медали соҳиби (2005-2007) бўлган.

Уч карра Ўзбекистон чемпионати тўп урари (2006-2007 Ардус, 2010 Бунёдкор жамоаларида), 2012 йилдан бошлаб шу кунгача футзал бўйича “Бунёдкор” жамоасининг бош мураббийи лавозимида фаолият юритиб келмоқда. 2013-2015 йилларда “Энг яхши мураббий” номинациясини олган.

– Ҳар бир инсоннинг ўз орзу ҳаваси бор, – дейди Абдулла Бўриев. — Бунга эришиш учун доимо меҳнат қилиш керак. Қачонки, машаққат билан киши бир нарсани қўлга киритса, унинг меваси, натижаси ширин бўлади. Яъни, мақсад аниқ бўлса, ғалабага эришилади.

Тадбир давомида мураббий соҳада тўплаган тажрибаси, устоз-шогирд анъаналарининг моҳияти, кўплаб хорижий сафарларда бўлгани ва ғалаба билан она юртига қайтиб келгани ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди. Якунда мулоқот ташкилотчи ва иштирокчилари Абдулла Бўриевнинг фаолиятига муваффақият тилиб, ўз миннатдорчилигларини билдирди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати


Print   Email