Маърифатпарвар адибимизни ёд этиб...

Маърифатпарвар адибимизни ёд этиб...

Бугунги кунда адабий меросимизни ўрганиш, тарихимизни холисона ёритиш орқали ўсиб келаётган ёш авлодга бу — бой хазинанинг қадри нақадар улуғлигини етказиш муҳим вазифалардан бири. Унда ҳар бир маърифатпарварнинг ўз ҳақиқати ва бунёдкор ғоялари мавжуд бўлиб, бундан баҳраманд бўлиш, маънавий озуқа олиш, илгари сурган ибратли фикрлари руҳиятимизга куч-қувват бағишлаши табиий. Ана шундай илмий-маънавий мероси билан бизга ибрат бўлган, халқимиз, қолаверса, ёшларга катта маърифий мерос қолдирган адибларимиздан бири — буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийдир.

Маҳмудхўжа Беҳбудий – аллома, ёзувчи, жамоат арбоби ва ўзбек драматургияси асосчиси. Бутун ҳаётини эл-юрт хизматига сарфлаган бу инсон кенг қиррали шахс бўлган. У Туркистонда биринчилар қатори “Усули – жадид” – янгича таълим методига асосланган мактабларни ташкил этгани манбаларда ёзиб қолдирилган. Айниқса, ўқувчилар учун дастлабки дарслик ва ўқув қўлланмаларни ҳам ўзи ёзган эди. Шунинг билан бирга, у биринчи ўзбек драмасининг муаллифи ҳамдир.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида шу йил мамлакатимизда Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллигини кенг нишонланишига алоҳида тўхталиб ўтган эди. Албатта, бу улуғ инсоннинг бой маънавий меросини ўрганиш халқимиз маърифатини юксалишида муҳим аҳамиятга эга. Унинг ўз даври муаммоларидан келиб чиқиб, куйиниб, халқни эзгуликка чорлаб ёзган маънавий мероси ҳозирги кун учун ҳам қанчалик монанд келишини англаяпмиз. Масалан, тўй ва таъзияга сарф қилинадиган маблағни илмга сарфланишни айтади. Ёки фарзандларни тарбияси қандай оналар қўлига қолдирмоқдамиз, дея хитоб уриб ёзганини эслаш ўринли.

Ҳа, тўй мавзуси – ҳозир ҳам долзарб. Халқимизга хос бир одат бор: қиз туғилса, сеп йиға бошланади. Фарзанд ўғил бўлса, тўйга тайёргарлик бошлаб юборилади. Бу ишнинг яхши ва ёмон томони бор. Ёмон томони – эътибор қилинса, тарбия мақсад қилинмаяпти. Вақти келиб “мода”си ўтадиган, сандиқда эскирадиган сеп, сарпою одамлар еб, раҳматини унутадиган тўй учун аталган маблағнинг таълим, тарбия йўлига мақсадли сарфланиши тўғри, оқилона бўлишини ҳар ким англайди. Аммо...

Баҳонамиз кўп — “орзу-ҳавасим бор”, “умримда бир марта бўлса...”, “бошқалардан кам эмасман”... Эҳ-ҳээ, буларнинг давоми узун. Шунда ҳам мақсад бир – йиққанини сарф қилиш. Керак бўлса, қарз қилиб бўлса ҳам. Кейин бир гап бўлар. Ахир, “қарз узилади...”.

Хуллас, Маҳмудхўжа Беҳбудий буюк маърифатпарвар ва етакчи жадид сифатида миллий маданиятимиз тарихидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Адиблар хиёбонида алломага бағишлаб ўрнатилган ҳайкал унинг мухлислари учун ажойиб совға деб айтиш мумкин. Айниқса, маърифатпарвар номига Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари учун Беҳбудий стипендиясини таъсис этилгани, чинаккам янгилик бўлди. Беҳбудийнинг таваллуд кунини нишонланиши ҳақида Давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида таъкидланганини эътироф этишмиз мумкин. Бу билан ёш авлодда унинг ҳаётий эзгу ғояларини ўрганишга қизиқиш янада ортади. Шунингдек, у халқ ва жамиятни маърифатлаштириш орқали мустақилликка эришиш ғоясини олға сургани ва шу йўлда ҳалок бўлгани, улуғ аждодимиз жасоратини акс эттиради.

Демак, унинг меросини ўрганиш ва тарғиб этиш заруриятини келтириб чиқаради. Бу вазифа барча қалби маънавиятга ошно бўлган кишилар зиммасидаги масъулиятдир. Беҳбудийнинг ҳар бир асари тарғиботнинг энг таъсирчан усулларидан. Ундан кенг фойдаланиб, тарғиб этиш зарур. Зеро, ҳозирги кунда адиб қолдирган бой ва ранг-баранг адабий, маданий ва маърифий мерос, ўз халқининг истиқлолига хизмат қилаётганини таъкидлаш жоиз.

Мунира Қаҳҳорова,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат

бўлими бошлиғи, ф.ф.д (PhD)

 


Print   Email