Маънавият масканида — Беҳбудий сабоқлари

Маънавият масканида — Беҳбудий сабоқлари

Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида барпо этилган Адиблар хиёбонидаги Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳайкали ёнида адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон халқаро ислом академияси  Диний маърифий фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича биринчи проректори Ш.Ёвқочев,  “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультети декани А.Абдурашидов, “Ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми”, “Замонавий ахборот коммуникация технологиялари” “Халқаро муносабатлар” кафедралари профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.

“Маҳмудхўжа Беҳбудий маърифатпарварлик ғояларининг амалиётчиси” мавзусидаги тадбирни Ўзбекистон халқаро ислом академияси  Диний маърифий фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича биринчи проректори, сиёсий фанлар доктори, профессор Шуҳрат Акмалович Ёвқочев юртимизда илм-аҳлига қаратилаётган эътибор, уларнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганишга бўлган иштиёқ, элимиз ардоғидаги шоир-ёзувчилар, миллий адабиёт намояндалари хотираларини абадийлаштириш мақсадида пойтахтимизда бунёд этилган Адиблар хиёбони халқимиз, қолаверса, ёшларимиз учун маънавият масканига айланаётгани ҳақидаги кириш сўзи билан бошлаб беради.

Шундан сўнг “Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедраси ўқитувчилари – М.Қаҳҳорова “Ижтимоий иллатларга қарши курашнинг ғоявий асослари ёки ижтимоий иллатлар жамият кушандаси”, М.Хўжаев “Маҳмудхўжа Беҳбудий жадид ислоҳотлари етакчиси”, Ф.Рашидов “Беҳбудийнинг ўзбек публицистикасига қўшган ҳиссаси”, Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг олий тоифали ўқитувчиси З.Рашидова “Падаркуш” драмаси ўрганилишининг аҳамияти” мавзуларида маъруза қилишди.

Шунингдек, “Информатика ва ахборот технологиялари” йўналиши 3-курс талабаси М.Иноғомова ҳамда “Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар” йўналиши 3-босқич талабаси К.Бекниёзовалар томонидан Беҳбудий асарларидан парча ўқилди.

Таъкидлаш жоизки, элимизнинг атоқли шоир ва ёзувчилари, маърифатпарварлари хотирасини ёдга солиб турувчи ушбу боғни халқимиз, қолаверса, ёшлар учун маънавият масканига айлантириш борасидаги Юртбошимиз ташаббуси кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди. Эътиборлиси, буюк адибларимизнинг ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш, уларнинг илмий-маънавий меросини кенг тадқиқ этиш бўйича ҳар бир адиб хотирасига барпо этилган ҳайкалнинг муайян олий ўқув юртига бириктириб берилишида ҳам ўзига хос маъно бор. Эндиликда бу ерда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари томонидан намунали очиқ дарслар, маърифий тадбирлар ўтказилиб, ҳар бир адиб ижодини чуқур ўрганиш, уларнинг ибратли умр йўллари ҳақида китоблар ва фильмлар яратиш, янги асарлар ёзиш борасидаги аниқ чора-тадбирлар катта аҳамиятга эгадир.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати


Print   Email