Коррупция – жамият ривожига катта тўсиқ

Коррупция – жамият ривожига катта тўсиқ

Коррупция – жамиятнинг фаровонлигига рахна солувчи иллат. У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиб, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Ҳисоб-китобларга қараганда, коррупция жаҳон иқтисодиётига ҳар йили ўртача 2,6 триллион доллар зарар келтирмоқда. Шу билан бир қаторда халқаро кузатувчиларнинг фикрича, коррупциянинг ҳақиқий қамровини баҳолашнинг имконияти йўқ. Унинг жамият ҳаётига салбий таъсири, моддий ва маънавий зарарини аҳоли, айниқса, ёшларга етказиш муҳим саналади.

Шу мақсадда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Коррупция ва порахўрликка қарши биргаликда курашамиз” мавзусида онлайн давра суҳбати ўтказилди. Унда академиянинг профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этди. Тадбирни академиянинг “Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими” бошлиғи Мунира Қаҳҳорова очди ва олиб борди.

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар нафақат олий таълим, балки жамиятнинг барча бўғинларидан коррупцияни бартараф қилиш муҳим вазифа экани ҳақида фикр билдиришди.

Юртимизда коррупцияга қарши қатъий кураш олиб борилмоқда, – дейди Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлари доктори Феруза Муҳиддинова. Коррупцияга қарши курашишдан аввал инсоннинг ўзини тарбиялаши муҳим аҳамиятга эга. Бировнинг ҳаққидан қўрқиш, жамиятни адолатли қилиш инсоннинг ўзига боғлиқ.

Давра суҳбатида давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилгани, бу эса коррупцияни бартараф этишда катта қадам бўлгани таъкидланди. Қайд этиш керак, агентлик мазкур иллатни олдини олиш ва унга қарши курашишда давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

– Коррупцияга қарши курашишда Ўзбекистон халқаро ислом академияси бошқа олий таълим муассасаларига ўрнак бўлиши зарур, – дейди Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси Саидафзал Саиджалолов. – Академиядаги фаолиятим давомида коррупция ҳолатларига дуч келмаганман. Қабул жараёнлари, имтиҳонлар, семестр давомида коррупция, порахўрлик, ўз лавозимини суиистеъмол қилиш каби вазиятлар учрамаган. Аммо одамларимизнинг аксариятида нотўғри тушунча шаклланиб қолган. Ишончсизлик кўп. Қайси соҳада адолатсизлик учраса, ўша соҳага нисбатан ишончсизлик кўп бўлади. Коррупциянинг нафақат моддий, балки маънавий зарари ҳам асоратли саналади.

Тадбир якунида йиғилганлар томонидан коррупцияга қарши курашиш ҳар бир давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди. Жамиятимизнинг барча соҳаларида кенг кўламли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишни вазиятнинг ўзи тақозо этмоқда. Зеро, иқтисодиётимизни янада жадал юксалтириш, халқимиз фаровонлигини ошириш коррупцияни бартараф этишдан бошланиши сир эмас.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати


Print   Email