Академия талабалари “Ёш волонтёрлар ҳаракати”да фаол иштирок этмоқда

Академия талабалари “Ёш волонтёрлар ҳаракати”да фаол иштирок этмоқда

Хабарингиз бор, бутун дунёда кечаётган Covid-19 пандемиясига қарши кураш кетмоқда. Инсониятни бу офатдан халос этиш мақсадида олимлар, шифокорлар, илмий-тадқиқотчилар чуқур изланиш олиб бормоқда. Ушбу пандемия ер юзидаги ҳеч бир давлатни четлаб ўтмади. Ҳозирги оғир вазиятда ҳар бир давлат фуқароларининг хавфсизлиги, соғлигини асраш бўйича муҳим чора-тадбирларни ишлаб чиқди. Қатъий режимдаги карантин қоидаларини ўрнатди.

Юртимизда ҳам Covid-19 пандемиясига қарши кураш бўйича аниқ чоралар ишлаб чиқилди. Фуқароларнинг карантин қоидаларига амал қилишлари юзасидан тавсиялар берилди. Жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу жараёнларга ҳамма бирдек ўз ҳиссасини қўшяпти. Мард ўғлонлар кечаю кундуз эл-юрт осойишталиги, шифокорлар ҳар бир инсон соғлиги учун қаҳрамонларча хизмат қилмоқда.

Бугун ана шундай синовли бир кунларда мамлакат ёшлари ҳам оз бўлса-да, ўзининг ҳиссасини қўшяпти. Жойларда ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати, “Call-center” ☎ марказлари, “Ёш волонтёрлар” ҳаракатида ўз ташаббуси билан бевосита иштирок этиб, фуқароларга яқиндан ёрдам бериш, вазирлик ва ташкилотларга кўмаклашиш мақсадида фаол қатнашмоқда. Эътиборлиси, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг фидойи, иқтидорли талабаларининг ҳам бу жараёнларга ўз ташаббуси билан иштирок этаётгани қувонарли.

Хусусан, Тошкент шаҳридаги Тез тиббий ёрдам қошида ташкил этилган “Call-center” ☎ марказида Академия “Исломшунослик” факультетининг Диншунослик йўналиши 3-курс талабалари Дурдона Шокирова, Азиза Исроилова ва шу йўналишда таҳсил олаётган 1-босқич талабаси Ҳамидулла Суюнов ҳамда “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультетининг “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими” йўналиши 3-курс талабаси Махсуд Хайдаров ўзи яшаб турган Навоий вилоятидаги марказларга кўмаклашиш мақсадида фаолият олиб бормоқда.

Давлат ва жамият ҳаётида фаол бўлиш, ўзининг ташаббускорлигини намоён этиш, дахлдорлик ҳисси билан яшаш, кишиларга беғараз ёрдам қўлини узатиш, мамлакат тараққиёти, эл-юрт фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшиш ва унинг бевосита иштирокчисига айланиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Зеро, ана шундай фидойи, жонкуярлик билан ҳозирги пандемия шароитида халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўйиб, қаҳрамонларча хизмат қилаётган ота-она, ака-ука, опа-сингилларимизга ҳар қанча таъзим қилсак, арзийди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати


Print   Email