Илм йўлидаги изланиш ўз самарасини беради

Илм йўлидаги изланиш ўз самарасини беради

 

Илмга интилиш, аждодларимиз илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, инсоният учун муҳим бўлган алломаларимиз асарларини тадқиқ этиш муҳим аҳамиятга эга. Улар илгари сурган эзгу ғояларни тарғиб қилиш, ислом дини гўзал ахлоқ ва илм маърифат учун нозир бўлганини тушунтириш, халқимиз, қолаверса, ёшлар маънавиятига хизмат қилувчи асарларни яратиш, тафаккур озуқаси бўлган илмий асосга эга китобларни чоп этишда жонбозлик кўрсатиш ҳар бир олимдан самарали меҳнат, фидойиликни талаб қилади.

Сўнгги йилларда илм аҳли бўлган ўқитувчи-педагоглар малакасини ошириш, уларнинг моддий техник базасини таъминлаш, ўз устиларида ишлашлари учун қулай шароит яратиш, ёшлар маънавиятини юксалтиришга қўшган ҳиссалари ҳамда меҳнатларини муносиб баҳолаш юзасидан юртимизда кўплаб ишлар амалга оширилди.  

Республикамиздаги қатор олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари хорижий мамлакатларнинг нуфузли таълим муассасаларида ўз малакавий тажрибаларини оширди. Уларга давлатимиз томонидан соҳалари бўйича фан доктори илмий унвонини олишда қатор имкониятлар яратилди.

Илм йўлидаги ана шундай собитқадамликнинг амалий ифодаси сифатида бугун Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги фан доктори илмий даражалар берувчи DSc.35/30.12.2019.Isl/Tar/F.57.01 рақамли Илмий кенгашнинг навбатдаги мажлиси БИММ платформаси орқали онлайн тарзда бўлиб ўтди.

Унда 24.00.01 — Ислом тарихи ва манбашунослиги йўналишида илмий тадқиқот олиб борган Давронбек Махсудовнинг “Мовароуннаҳр ҳанафий мазҳаби тафсирларининг қиёсий таҳлили (XIII-XV асрлар)” мавзусидаги, тарих фанлари бўйича фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тақдим этган диссертация ҳимояси ўтказилди.

Мавзу бўйича олиб борилган илмий тадқиқот ишларининг долзарблиги, янгилиги, амалий ва назарий аҳамияти каби муҳим жиҳатлари Илмий кенгаш ва олимлар томонидан чуқур ўрганилиб, қизғин баҳс-мунозаралар асосида илмий тадқиқотчи диссертацияси ихтисослик йўналиши бўйича тарих фанлари доктори (DSc) илмий даражасига муносиб экани бир овоздан маъқулланди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, тадқиқотчи олим Давронбек Махсудов томонидан диссертация мавзуси бўйича 54 та илмий иш чоп этилган. Шулардан 2 та монография, 1 та дарслик, 1 та ўқув қўлланма, 1 та рисола, 23 та илмий мақола, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг докторлик диссертациялари асосий илмий натижаларини чоп этишга тавсия этган илмий нашрларда 23 та мақола, бундан 4 таси хорижий журналларда нашр этилган. Илмий тадқиқот ишининг асосий натижалари 29 та, шундан 4 таси халқаро илмий-амалий  анжуманларда жамоатчилик муҳокамасидан ўтган.

Диссертация иши чуқур илмий даражада ўрганилгани олимлар, соҳа мутахассислари томонидан эътироф этилди. Аниқ фактларга таянилган маълумотлар мавзу кўламини янада очиб беришга хизмат қилгани таъкидланди. Ёш олимимизнинг эришган ушбу ютуғи билан табриклаб, кейинги илмий-педагогик фаолиятига муваффақият тилаймиз!

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

 

 


Print   Email