Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси тарихи ҳақида нималарни биласиз?

Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси тарихи ҳақида нималарни биласиз?

Қадимдан Бухоро ўзининг кўплаб мадрасалари билан ном таратган. У турли ерлардан илм таҳсили учун талабалар ташриф буюрадиган шаҳар ҳисобланган.  Наршахийнинг фикрича, 937 йилги ёнғиндан зарар кўрган “Форжак” мадрасаси Марказий Осиёдаги дастлабки мадрасалардан саналган. Абу Ҳафс Кабир Бухорий ҳам Бухорода илмий ва диний билимлар ривожига катта ҳисса қўшган мадрасага асос солган. Ўрта асрларда Бухоро мадрасалари илм маскани сифатида нафақат Марказий Осиёда, балки Шарқда ҳам машҳур эди. Амир Темур ва темурийлар даврида мадрасалар олий маълумот берувчи марказ вазифасини ўтаган.

Муҳаммад Али Балжувонийнинг маълумотига кўра, XX асрнинг бошларига келиб, Бухорода мадрасалар сони 400 га яқин бўлган. Мадрасалар асосан хон, амалдор, бадавлат кишилар ва зиёли шахсларнинг ташаббуси билан барпо этилиб, номи ўша шахслар исми, баъзан мадраса жойлашган маҳалла, гузар номи билан аталган.

Шундай мадрасалардан бири Мири Араб мадрасаси ҳисобланиб, уни 1530-1536 йилларда Бухоро хони, мумтоз шоир Убайдуллахон (1510-1539/40 йилларда ҳукмронлик қилган) инъом этган маблағ ҳамда кўплаб вақф мулклари ҳисобига Шайх Абдуллоҳ (Мири Араб) қурдирган. Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архивида сақланаётган И-323-жамғармадаги вақф ҳужжатида ҳам 1527 йил мадраса учун ажратилган кўп сонли деҳқончилик ер майдонлари, бутун қишлоқлар ва бошқа мол-мулклар бирма-бир санаб берилган.

Мири Араб мадраса қурилишини ниҳоясига етказа олмай, 1536 йил бошида вафот этади. Васиятига кўра куёви Шайх Закариё қурилишни охирига етказган. Шу тариқа мадраса олий ўқув даргоҳи сифатида мударрис, олим, адабиётчи, амалдор, элчи, ҳарбий, имом, сиёсий арбоб ва ҳатто маърифатпарварларни етиштирадиган олий ўқув юртига айланиб борган. Садри Зиё(1865-1932 йй.)нинг маълумотига кўра, Шоҳмурод Мири Араб мадрасасининг битта ҳужрасида кеча-кундуз риёзат чекиб илм олиш билан шуғулланган ва халқ орасида “Амир Жаннатмакон” лақаби билан танилган. Амир Ҳайдар ҳам шу ерда таҳсил олган.

Амир Шоҳмурод мадраса талабаларига солиқлардан тушган даромад ҳисобидан нафақа (стипендия) тўлашни жорий этган.

Шуни ҳам қайд этиш лозимки, мадрасаларнинг молиявий харажати вақф даромади ҳамда давлат хазинасидан ажратилган қўшимча маблағ ҳисобига қопланган, ҳар бир мадрасанинг ўз вақф мулки ва вақфнома ҳужжати бўлган. Вақфномада мадрасанинг чиқими, ундаги хизматчилар: мутавалли, мударрис, ҳофиз, муҳри, нақиб, фаррош, ошпаз ва бошқалар, шунингдек, талабалар сони, уларга берилган маош ва нафақалар аниқ кўрсатилган. Ҳар бир мадрасанинг хон томонидан тайинланган ўз мутаваллиси бўлган. Мутавалли ходим ва талабаларга тўланадиган ҳақ, вақф ерларида ишни ташкил этиш, мардикорлар ёллаш, ижарачилар ва ҳиссадорлар билан шартнома тузиш, дўконлар, тегирмонлар ва мадрасанинг вақф мулкига кирувчи бошқа объектлардан ижара ҳақини ундириш ва ундан бошқа ишларга масъул бўлган. Шунингдек, мадраса хизматчилари, мударрислари ва талабаларга бериладиган йиллик маош миқдори нақд пул ва озуқалик дон ҳисобидан ажратилган.

Мутаваллига мадрасадаги хизмат кўрсатувчи ходимлар (ўқитувчи- мударрислардан ташқари) фаолиятини, айрим ҳолларда эса талабаларнинг дарсга қатнашиш давоматларини назорат қилиб туриш юкланган. Унинг лавозими отадан болага мерос тариқасида ўтиши йўлга қўйилган. Вақф даромадлари мадраса талабалари, мударрислар, мутавалли ва хизмат кўрсатувчи ходимлар ўртасида шариат кўрсатмалари асосида тақсимланган.

Мадрасадаги талабалар сони ва уларнинг ўқиш муддати мадраса даромадига боғлиқ бўлиб, даромадга қараб мадраса ходимларининг сони ҳам белгиланган.

Ўқув йили охирида талабалар ўтилган фанлар юзасидан бевосита ота-оналар иштирокида имтиҳон топширган. Мадрасани муваффақиятли тамомлаган талабаларга шаҳодатнома – диплом берилган. Ҳатто аъло баҳоларда ўқиган талабалар амир томонидан турли совға ва нақд пул мукофоти билан тақдирланган. Масалан, қўшработлик талаба Камолиддин Мири Араб мадрасасини аъло баҳолар билан якунлагач, унга амир Абдулаҳад сарупо кийгизиб, “Қуръони карим” ва “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”китобларини совға қилиб саройда ишлашга таклиф этган.

Мири Араб мадрасасида узоқ йиллар давомида таҳсил олиб, бош мударрислик лавозимигача кўтарилган Аҳмадхон ибн Исмоилхон ҳам амирнинг буйруғига биноан даҳяк олган. Бундан ташқари, ЎзР МДАдаги “Қушбеги фонди”да юз нафар аъло баҳога ўқийдиган талабаларни тақдирлаш учун муфтининг амирга ёзган аризаси сақланмоқда.

Фонд ҳужжатлари билан танишганда амир “зиёратчилари”нинг рўйхатлари ҳам сақланиши аниқланди. Ушбу ҳужжатлар Садриддин Айнийнинг: “Мири Араб мадрасасидаги “зиёратчи” талабалар мадрасада яшаб, ҳар куни тонгда амир саройидаги “Меҳмонхонаи Раҳимхоний”га ўтириб Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳақларига салавот ва дуолар ўқиб қайтганлар. Улар давлатдан ҳар ой 30 танга маош олишган. Бундан ташқари, ҳар кун битта нон ва майиз олишган”, деган фикрини исботлайди.

Мадрасага асосан мактабни тугатганлар қабул қилинган. Талабалар ёши 10 ёшдан 40 ёшгача бўлган. Е.К.Мейендорф, Н.П.Остроумов, Н.В.Ханыков, П.И.Демезон, Т.М.Аминов, В.Л.Бенин, Д.Н.Логофетлар тадқиқотларида мадрасада таълим 10 йилдан 30 йилгача бўлиши ва дарсларда қайси фанлар ўқитилиши ҳақида батафсил маълумот берилган.

Талабалар мадрасага имтиҳон асосида қабул қилинган. Улар билим даражасига қараб уч гуруҳга бўлинган. Аъло (олий), авсат (ўрта) ва адно (қуйи). Улар мадраса ётоқхоналарида яшаш ҳуқуқига эга бўлган.

Садриддин Айнийнинг ёзишича, мадрасада ҳафтада тўрт кунлик таҳсил жорий этилган. Яъни, якшанбадан чоршанбагача. Пайшанба, жума, шанба кунлари дам олиш кунлари ҳисобланган. Одатда машғулотлар сентябрда бошланиб, март ойигача давом этган. Ёз ойлари ва рамазон ойида таътилга чиқилган.

Дарслар бомдод намозидан кейин бошланган. Дарс эрталаб соат 4:00 дан 10:00 гача давом этган. 12:00 да тушлик, сўнгра баҳс-мунозара. 16:00 дан 18:00 гача дам олинган. Кечки овқатдан сўнг яна тунгача баҳс-мунозара давом этган. Талабалар ўқув курсига қараб эмас, балки қайси китобни ўқиётганлигига қараб жамоа-гуруҳларга ажратилган. Жамоа-гуруҳ сони талабалар миқдори ва мадраса қамровига қараб белгиланган. Катта мадрасаларда ҳар бир гуруҳда 5-10 нафардан 20 нафаргача талаба таҳсил олган.

Ўқув дастурлари уч қисмга бўлиб ўргатилган: диний адабиётлар, умумтаълим фанлар ва махсус педагогик фанлар. Мадрасанинг ўқув курси, одатда, “Аввали илм” деб номланган форс тилидаги ўқув қўлланмасини ўзлаштириш билан бошланган. Мадрасаларда тўлиқ курсни ўқиб тугатиш учун талабалардан фалсафа ва ҳуқуқ фанларига оид тахминан 137 та дарслик-қўлланмани ўзлаштириш талаб этилган. Бу дарсликларнинг аксариятини Марказий Осиёлик алломаларнинг асарлари, жумладан, Имом Бухорий ва Исо Термизийларнинг ҳадис тўпламлари, Абу Мансур Мотуридийнинг “Китоб ат-тавҳид”, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-ҳидоя фи шарҳ ал-бидоя”, Умар Қазвинийнинг “Ар-рисола аш-шамсия фил қавоид ал-мантиқийя”, Абдураҳмон Жомийнинг “Ал-фавоид ад-диёия”, Маҳмуд ибн Аҳмад Маҳбубийнинг “Виқоят ар-ривоя фи масоилил Ҳидоя”, Убайдуллоҳ ибн Масъуд Маҳбубийнинг “Ан-нуқоя” каби асарлари ташкил этган.

Бундан ташқари, талабалар қизиқишлари ва мударрисларнинг салоҳияти ҳамда мавжудлигига қараб, ҳандаса, тиббиёт, кимё, жўғрофия, тарих, адабиёт, аруз илми, меъморчилик (архитектура) асослари, хаттотлик, мусиқа, математика, мантиқ, астрономия, араб адабиёти, этика, нотиқлик санъати ва гигиена каби фанлардан ҳам билим олишган. Масалан, Мири Араб мадрасасида таҳсил олиб, шу ерда тиб илмидан сабоқ берган олим Аҳмадхон ибн Исмоилхон ҳам доришуносликка оид “Қарабодин Тайлоқий” ва шогирди Абул Бақо Махзум ибн домло Эрназар мударрис “Ҳужжату-л-лабиб” номли асарларини таълиф этишган. “Қарабодин Тайлоқий” номли рисолада Мири Араб мадрасасида иккита ҳужра айнан бемор даволашга ажратилгани, унда муаллиф – Аҳмадхон ибн Исмоилхон беморларни даволагани ёзилган. Бу ҳақда “Бухоро мадрасалари тарихидан: Аҳмадхон ибн Исмоилхон мероси” номли китобда тўлиқ маълумот берганмиз.  

Афсуски, шўролар даврига келиб, 1920-1930 йилларда “маданий инқилобчилар” томонидан мадрасаларнинг кўпчилиги бузиб ташланди. Омон қолган айрим мактаб ва мадрасалар бирин-кетин ёпила бошлади. Вақф мулклари мадрасалар тасарруфидан олиниб, уларнинг фаолиятига нуқта қўйилди. Кейинчалик, яъни XX асрнинг 40 йилларидаги сиёсий вазият туфайли ички сиёсатда динга нисбатан баъзи енгилликлар беришга ҳаракат қилинди. Бунинг натижасида 1945 йил 10 октябрда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси қошида диний мадраса очилишига рухсат берилди. Юқоридаги буйруқ асосида 1945 йил 29 ноябрда Диний бошқарма ихтиёрига иккита диний муассаса очилишига рухсат берилганлиги тўғрисида қарор қабул қилиниб, Тошкент шаҳридаги Бароқхон ва Бухоро шаҳридаги собиқ Мири Араб мадрасаси фаолиятига рухсат берилди. Мири Араб мадрасаси 1946 йилда 30 та талаба билан,  Бароқхон мадрасаси эса 1956 йилдан ўз фаолиятини бошлади. Бу илм масканидан ислом дини равнақига сезиларли ҳисса қўшган машҳур уламолар етишиб чиққан. Улар орасида россиялик Равил Гайнутдин, бошқирдистонлик Талгат Тожуддин, чеченистонлик Аҳмад Қодиров, озарбайжонлик Оллошукур Пошшозода, қирғизистонлик Кимсанбой Абдураҳмонов ҳамда туркманистонлик Насруллохон Ибодуллоев кабилар илм олганлар.

Шунингдек, билим юртини очилишига сабабчи бўлган муфтий Эшон Бобохон, муфтий Эшон Зиёвуддинхон ва замонамизнинг таниқли уламолари Абдулғани Абдуллаев, Мухторжон Абдуллаев, Юсуфхон Шокиров, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Фозил қори Собиров, Раҳматулла қори Обидов, Абдурашид қори Баҳромов, Усмонхон Алимов, Абдулғафур Раззоқов ва республикамиздаги имом-хатибларнинг аксарияти ҳам мадрасанинг фахрий талабаларидан бўлганлар.

Ҳозирги кунга келиб Мири Араб мадрасасида 4 йил давомида диний фанлар билан бир қаторда умумтаълим фанлари ҳам ўқитилади. Билим юртида 30 нафар маълумоти олий ва малакали ўқитувчи-мударрислар 130 га яқин талабаларга дарс бериб келмоқдалар. Мадрасада талабаларнинг илм олиш ва яшашлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

 Билим юрти талабалари компьютер хонаси, фан кабинетлари ва мадраса кутубхонасида сақланаётган қадимий бой маданий ва маънавий меросимиз ҳисобланган қўлёзма ва тошбосма китоблардан фойдаланадилар. Узоқ туман ва бошқа вилоятлардан келган талабалар ётоқхона билан таъминланган.

 Мадрасани битирганларга исломшунос, имом-хатиб ва араб тили ўқитувчиси мутахассислиги бўйича шаҳодатнома берилади. Ўз илм савиясини оширишни истаган талабаларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори (2003 йил 22 август)га асосан давлат олий таълим тизимида ўқишни давом эттириш ҳуқуқи берилган.

 

Лобар Асророва,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Манбалар хазинаси катта илмий ходими,

 тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

 


Print   Email