Бугун туғилган кун

Бугун туғилган кун

Бугун Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг академиги, Халқаро ислом академияси ўқитувчиси, тарих фанлари доктори, профессор Дилором Юсупованинг туғилган куни. Шу муносабат билан, Академия жамоаси туғилган кун соҳибасига узоқ умр, бахт-саодат тилайди.

Шарқда илмга нисбатан “Игна билан қудуқ қазиш”, деган таъриф берилади. Бутун умрингиз ва борлиғингизни илмга бахшида этиб келаётган Сиздек, камтарин инсоннинг ибратли ҳаёт йўлингиз ва илмий фаолиятингиз ёшларга намуна бўлса, ажаб эмас. Зеро, 60 йилдан ортиқ қўлёзма манбалар билан ишлаш инсондан сабр-тоқат, иқтидор, билим ва катта ирода талаб этади.

Сизнинг шарқшуносликда танлаган соҳаларингиз борасида алоҳида тўхталмасликнинг иложи йўқ. Булардан бири – Амир Темур ва Темурийлар даври тарихи ва манбашунослигидир. Хусусан, “Мужмал-и Фасиҳий” асари Ўрта Шарқ тарихи ва маданият тарихининг манбаси, Хондамирнинг ижодий мероси XV-XVI асрлар Марказий Осиё маданияти манбаси бўйича олиб борган тадқиқотларингизни таъкидлаш ўринли.

Сиз олиб борган илмий-тадқиқотлар мундарижаси ҳам серқирра бўлиб, тарихнафислик, манбашунослик, Шарқ қўлёзмаларини катологлаштириш, Амир Темур ва темурийлар даври манбаларининг илмий-изоҳли таржималари каби  мавзуларни қамраб олади.

Сизни олима сифатида хориж мамлакатларида ҳам яхши билишади. Хусусан, Грузия,  Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, Эрон, Франция, Япония, Англия, Туркия каби кўплаб давлатларда ўтказилган илмий анжуманлардаги иштирокингиз билан Ўзбекистон илм-фани салоҳиятини намоён этдингиз.

Шунингдек, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Қўлёзмалар фондида сақланаётган кўплаб ноёб қўлёзмалар каталогларининг яратилишида Сизнинг беқиёс ҳиссангиз борлиги ҳаммамизга маълум.

Фан ва таълимнинг ўзаро интеграцияси масаласига ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқдасиз. Ҳозирда илмий ишлар билан банд бўлишингизга қарамасдан Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабаларига ҳам манбашунослик илмларидан сабоқ бериб келаётганингиз таҳсинга сазовордир.

Қутлуғ ёшингиз билан табриклар эканмиз, Сизга сиҳат-саломатлик, боқий умр, илмий-ижодий ишларингизда муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Ўзбекистон халқаро ислом

 академияси жамоаси.

 


Print   Email