Битирув малакавий иши Беҳбудий ҳақида бўлди

Битирув малакавий иши Беҳбудий ҳақида бўлди

Буюк аждодимиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида фикр юритар эканмиз, кўз ўнгимизда унинг ҳақиқатпарварлиги, эл-юрт тараққиёти, илм-маърифат ривожига қўшган тенгсиз ҳиссаси гавдаланади. Олимлар, ёш-тадқиқотчилар томонидан маърифатпарвар илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш бугун ҳам давом этиб, янги босқичга кўтарилмоқда.

Яқинда Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультетининг “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими” йўналишини муваффақиятли тамомлаган талаба Фозилхон Носиров ўзининг “Мaҳмудхўжa Беҳбудий илмий меросининг ёшлaр тaрбиясидa тутгaн ўрни” мавзусидаги битирув малакавий диплом ишида ҳам улуғ маърифатпарварнинг ҳаёт ва ижод йўлини чуқур ўрганиб, таҳлил этди.

Битирувчи ўзининг малакавий ишида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти ва илмий-амалий фаолиятини чуқур ўрганади. Миллат ойдинининг асарларини юртимиз ва жаҳон олимлари томонидан ўрганилишини таҳлил этади. Битирув малакавий диплом ишини “Маҳмудхўжа Беҳбудий илмий меросининг маънавий-ахлоқий тарбиядаги аҳамияти”, “Маҳмудхўжа Беҳбудий асарларидаги ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси борасидаги қарашлари “Падаркуш” драмаси мисолида”, “Матбуот соҳасида маънавият ва ахлоқ муаммоларининг уйғунлиги”, “Баркамол авлодни шакллантиришда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг илмий меросидан фойдаланиш технологияси”, “Таълим тизимида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг маърифатпарварлик ғояларидан фойдаланиш усуллари”, “Умумий ўрта таълим тизимида Маҳмудхўжа Беҳбудий асарларини татбиқ этиш амалиёти” каби қисмларга ажратиб, уларни тадрижий тарзда асослаб, ўрганиб боради.

Диплом ишининг мавзувий янгилиги шундан иборатки, мустақиллик йилларида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг маънавий меросига бўлган муносабат атрофлича ўрганилган. Маърифатпарварнинг ғоялари ижтимоий-тарихий нуқтаи назардан талқин қилиниб, алломанинг илмий мероси баркамол авлод тарбиясидаги аҳамияти таҳлил қилинган. Беҳбудийнинг жадидчилик ғоялари таълим-тарбия жараёнида муҳим эканлигини битирувчи фактлар билан асослайди. Аллома ҳаётидан мисоллар келтиради. Факт ва рақамларга атрофлича тўхталади. Бу борада кўплаб адабиётлар, қўлёзмалар билан танишгани сезилади. Ҳар бир факт ва далилларни аниқ мисоллар билан келтиради.

Таълим тизими ҳамда маҳаллаларда олиб бориладиган тарғибот-ташвиқот ишларида Маҳмудхўжа Беҳбудий асарларида маънавий-ахлоқий қадриятларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар бериб бориш, оммавий ахборот воситалари ва илмий-амалий анжуманларда баркамол авлод тарбиясида жадидлар ўрнини илмий-назарий асослаш, ўрта таълим тизими дарсликларида жадидлар тўғрисида маълумотларни кўпайтириш ўқувчилар тасаввурида кўпроқ маълумотни ҳосил қилиши ҳақида таклифлар беради.

Дарҳақиқат, Маҳмудхўжа Беҳбудий ўтган аср Туркистонда вужудга келган миллий уйғониш ҳаракатининг атоқли раҳбарларидан бири эди. Халқимиз ижтимоий онгининг уйғонишида муҳим роль ўйнади. У халқ ва жамиятни маърифатлаштириш орқали мустақилликка эришиш ғоясини олға сурди.

Мухтасар айтганда, мазкур битирув малакавий диплом ишида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини атрофлича очиб беришга ҳаракат қилинган. Битирувчи мавзуга оид бўлган манбалардан унумли фойдаланган.

Ўз ўрнида айтиш мумкинки, мавзу кўлами, савияси, мазмун-моҳият жиҳатидан ёндашув тўғри олинган. Албатта, устозларнинг кўрсатмаси, ўтилган дарслар мобайнида эгалланган билимлар ҳам малакавий диплом ишини ўз талаблари доирасида ёзилишига сабаб бўлган. Тўрт йиллик таълим-тарбия жараёнида илм-маърифат остонасига қадам қўйган, битирув малакавий диплом ишини муваффақиятли якунлаган Академия талабаси Фозилхон Носировнинг илм йўлидаги дастлабки ютуғи билан табриклаймиз.

                                               Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

 


Print   Email