Абдулла Қодирий қалбларда барҳаёт яшайди

Абдулла Қодирий қалбларда барҳаёт яшайди

Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Араб тили ва адабиёти Ал-Азҳар” кафедраси томонидан Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” асари бўйича адабиёт ва санъат вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон халқ артистлари Лутфулла Саъдуллаев, Гулчеҳра Саъдуллаева, хонанда Азиз Ражабийлар ҳам бевосита иштирок этди.

Шунингдек, тадбирда Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат, Хотин қизлар бўлимлари ходимлари, “Араб тили ва адабиёти Ал-Азҳар” кафедраси ўқитувчилари – Аъзам Мамуров, Мастурахон Нурматова, Мадина Қодирова ҳамда докторант ва магистрантлар, талабалар ҳам уйдан туриб, онлайн қатнашди.

Адабий мулоқотда Абдулла Қодирийнинг ўзбек миллий адабиётига қўшган ҳиссаси, халқимизнинг урф-одат, анъана, қадриятини ўзида акс эттирувчи асарларининг ўзига хослиги, XX аср романчилик жанридаги бетакрор мактаби ҳақида айтилди.

 “Ўтган кунлар” асарининг яратилиши, мозийдаги ҳақиқатлар, халқимизнинг турмуш-тарзи, асрий қадриятлар билан ҳамоҳанг яшаб келгани, ушбу романнинг ўзбек адабиётида алоҳида ўрин эгаллагани таъкидланди.

 – Абдулла Қодирий ўз даврининг илғор бир зиёлиси сифатида Ватан ва миллат тақдири учун қайғурди, — дейди Гулчеҳра Саъдуллаева. – Замон талатўплари адиб қалбини изтиробга солди. “Ўтган кунлар” романи орқали халқнинг миллий онгини уйғотмоқчи, “тарихимизнинг энг кир, қора кунлари” — юртни мустамлака балосига йўлиқтирган кейинги ноаҳил “хон замонлари”дан сўз очиб, бу аянчли ҳақиқатдан халққа сабоқ бермоқчи бўлди. Айнан “Ўтган кунлар” асари орқали ҳам Абдулла Қодирий халқимиз, қолаверса, ёшлар қалбида барҳаёт яшайди.

Дарҳақиқат, Романнинг маъно-мундарижа доираси ниҳоятда кенг. Унда хилма-хил инсоний тақдирлар, ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий, оилавий-ишқий муаммолар қаламга олинган. Бироқ улар орасида юртнинг тақдири, мустақиллиги масаласи алоҳида ажралиб туради. Асарнинг бош қаҳрамонлари Отабек ва Юсуфбек ҳожи шу юрт истиқлоли, фаровонлиги, осойишталиги йўлида ҳаёти ҳамда жонини тиккан фидойи кишилар саналади. 

Элимизнинг суюкли фарзанди, истеъдод соҳиби бўлган Қодирий (Жулқунбой) наинки улуғ адиб, шу билан бир қаторда фаол журналист, оташнафас публицист сифатида ҳам ўзининг бетакрор маҳорат мактабини яратгани, нодир асарлари бугунги кунда ҳам катта қизиқиш билан ўрганиб келинаётганини тадбир меҳмонлари алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Самимий ва мазмунли ўтган давра суҳбати давомида талабалар томонидан берилган саволларга адабиёт ва санъат вакиллари  жавоб беришди. Якунда тадбир ташкилотчилари меҳмонларга ўз миннатдорчиликларини билдирди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати


Print   Email