Юксак эътироф ва эътиборга муносиб шарқшунос олим

Юксак эътироф ва эътиборга муносиб шарқшунос олим

Илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш игна билан қудуқ қазишдек гап. Шундай экан, бу машаққатли соҳада фидокорона меҳнат қилаётган олимларимиз меҳнати таҳсин ва рағбатга муносиб.

 Шавкат МИРЗИЁЕВ,

 Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Бутун умрини илм-фанга бахшида қилган таниқли олим, тарих фанлари доктори, профессор Аҳаджон Ҳасановнинг 80 ёшлик юбилейи муносабати билан Ўзбекистон халқаро ислом академиясида халқаро онлайн анжуман бўлиб ўтди.

Олимнинг қутлуғ ёшга тўлиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг таниқли давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан ҳамда маданият ва санъат намояндалари, хорижий халқаро ташкилотлар вакиллари ва нуфузли олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, А.Ҳасановнинг яқинлари, шогирдлари ва талабалар иштирок этди.

Тадбирнинг кириш қисмида Аҳаджон Ҳасановнинг ҳаёти ва илмий-педагогик фаолияти, амалга оширган илмий тадқиқотлари ҳақида умумий маълумот берилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Собирович Қосимов олимнинг ибратли ҳаёт йўли ва у яратган Исломшунослик илмий мактабининг давлат ва жамиятимиз ҳаётидаги муҳим ўрни хусусида сўз юритиб, устозни муборак ёши билан самимий қутлади.

Анжуманда давлат ва жамоат арбоблари, олимлар юбилярнинг мамлакатимизда ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, буюк аллома ва мутафаккирларимиз илмий меросини тадқиқ этиш ҳамда халқаро миқёсида кенг тарғиб этиш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллий анъана ва қадриятларимизни мустаҳкамлаш ишига қўшган алоҳида ҳиссаси, чуқур билим ва юксак салоҳиятга эга мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни она Ватанга садоқат ва аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбиялашдаги ибратли фаолияти ҳақида гапириб, қутлуғ ёши билан самимий табриклаб ўтдилар.

Шунингдек, онлайн мулоқотларда Аҳаджон Ҳасановнинг 80 йиллиги юбилейи муносабати билан халқаро ташкилотлар ва нуфузли таълим муассасалари олимлари томонидан йўлланган қутлов табриклари ўқиб эшиттирилди.

Муборак ҳадиси шарифларда “Ал-у’ламау варисату-л-анбиё”, яъни, “Олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир”, деб таъкидланган. Буни ғазал мулкининг султони, буюк мутафаккир бобокалонимиз Алишер Навоий ҳазратлари ҳам қуйидагича назмга солгани маълум:

Кишиким қилса олимларга таъзим,
Андоқки қилур Пайғамбарга таъзим.

Дарҳақиқат, олим, устоз-мураббийларни улуғлаш ва эъзозлаш кишини камолотга, бахт ва ёруғ истиқболга элтиши шубҳасиз. Шу маънода, тарих фанлари доктори, профессор Аҳаджон Ҳасанов ҳам олим, ҳам устоз ва мураббий сифатида ана шундай ҳурматга мушаррафдир.

Илм-маърифатга интилиш, ёш авлодга зиё улашиш орқали давлат ва жамият тараққиётига ҳисса қўшиш ҳақида сўз юритилганда матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратиш жоиз. Шу маънода тадбир доирасида 27 июнь — “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан профессор-ўқитувчилар қаторида академияда фаолият юритиб келаётган “Зиё” медиа маркази ҳамда Матбуот хизмати ва Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ишлаш бўлими ходимларига ҳам табрик йўлланди. Уларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати


Print   Email