“Ҳалоллик вакцинаси” — маънавий тарбияда мужассам

“Ҳалоллик вакцинаси” — маънавий тарбияда мужассам

Коррупция — айрим инсонлар онгига ўрнашиб олган емирувчи иллат, маънавий касалликдир. Уни даволаш учун эса Давлатимиз раҳбари айтганидек, “Ҳалоллик вакцинаси” керак.  

Ҳалоллик аввало, олий институт ва тарбия маскани ҳисобланмиш оилага бориб тақалади. Демак, вакцинани илк қўллаш маскани ҳам оила. Фарзанд ҳали дунё юзини кўрмасидан унга тарбия бериш кераклигини, минг йиллар аввал тиббиётимиз асосчиси Абу Али ибн Сино айтган эди. Болага нима мумкин, нима мумкин эмаслиги ҳомиладорлик давридан бошланиши зарур. Гуноҳ, ҳалоллик, поклик каби илк тушунчаларни айнан шу даврдан бошлаб шакллантириш керак. Ана шундай тарбияни тизимлаштириш мақсадида 2019 йил 31 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1059-сонли қарори қабул қилинган.

Унда белгиланган босқичларнинг биринчиси — юқорида айтилган ҳалолликни қачон ўргатилиши масаласидир. Вакцина билан энг аввало, ота-она туғилажак фарзандини эмлаши зарурлиги айтилмоқда. Биринчи галда она, бировнинг ҳаққига хиёнат учун жазо муқаррарлигини англаши лозим. Йўқса, болани эмлаш натижаси ўз самарасини бермайди. Аксинча бўлса, тарбия борасида маърифатпарвар алломамиз Абдулла Авлоний айтганидек: “Тарбия биз учун — ё ҳаёт, ё мамот масаласи” урчиб чиқади.

Оилада ота фарзанди олдида пора ҳақида аёлига сўзлаб турса, бу қанчалик бола онгига ўз таъсирини ўтказади? Ёки акси бўлса, яъни, муаллим она боланинг отасига таълимдаги олди-бердилар ҳақида сўзласа-чи? Қарабсизки, боланинг онгига ўз-ўзидан коррупциянинг илк тушунчалари ўрнашиб бораверади. Натижада, бола учун у оддий ҳолга айланади. Вояга етаётган бола эса оила, боғча, мактаб ва бошқа таълимда олди-бердиларни пора эмас, оддий йиғди-йиғдилар деб, қабул қилишига олиб келмаяптимикан?!

Пора бермаса ишимиз битмайдигандек, кўриниши одатга айланиб улгирди. Аммо пора берилса ҳам, олинса ҳам очиқ айта олмаймиз. Жавобгар бўлиб қоламиз, деб қўрқамиз. Чунки кўзланган иш ўз ниҳоясига етмаслиги аниқ. Албатта, қонун доирасида. Лекин пора олди-бердиси ҳақида таниш-билиш ёки қариндош, дўсту биродарлардан қулоғимизга чалиниб қолади. Афсуски, ўтиб кетганидан сўнг. Бу ҳолатни қонунчилик нуқтаи назаридан эса исботлаш қийин кечади. Шунда ҳам қачонки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга бориб ариза қилинса кўриб чиқилади. Исбот қилолмаса, аризачи жавобгар бўлиши ҳам мумкин. Инсон бировни ҳаққини олгани учун қонундан қочиши ёки яшириши мумкину аммо Яратганнинг қаҳридан-чи? Мана шунинг учун ҳам ҳалоллик вакцинаси керак. У болаликдан эмланиши шарт.

Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш мақсадида етарлича ҳуқуқий норматив ҳужжатлар қабул қилиняпти. Тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Аммо коррупция сезиларли даражада камаймоқдами? Бартараф этилаётган бўлса, нега унда ижтимоий сайтларда кунора қайсидир ташкилот ходими пора олаётганда қўлга олингани айтилмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони имзоланди. Унга кўра, мамлакатда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш чоралари кўрилаётгани ҳамда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳалари амалга оширилаётгани кўрсатилди. Мазкур чора ва янги лойиҳалар ўз самарасини албатта, беради.

Шунингдек, жорий йилнинг 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4761-сонли “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорни тайёрлашга етакчи халқаро ташкилотлар мутахассислари жалб этилган.

Мазкур Агентлик – коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, жумладан, соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланиши кўрсатилган. Унинг фаолияти эса қонунийлик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширилиши, у тўғридан тўғри Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсуниши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палаталари олдида эса ҳисобот бериб боради.

Ташкил этилаётган ушбу Агентликка ҳам вазифалар ва фаолият йўналишлари белгиланди. Унинг таркибида “Ҳалоллик вакцинаси” ҳам мавжуд. Бу билан Агентлик давлат хизматига ҳалоллик стандарти (“ҳалоллик вакцинаси”) ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, шунингдек, уларга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.

Эндиликда Агентлик томонидан ҳар йили оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши лозим бўлган Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза тайёрланади. Демак, натижаларни чуқур таҳлил қилади. Шу асосида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тизими самарадорлигини таҳлили юзасидан мунтазам такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиб боради.

Нар бир ҳолатлардан давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида коррупция ҳолатини ўрганиб бориши белгиланди. Бу албатта, сўровномалар асосида амалга оширилиши мумкин.

Агентлик ходимларининг таркиби юриспруденция, иқтисодиёт, молия, солиқ, аудит, ахборот-коммуникация технологиялари ва Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа соҳалар бўйича юқори малакали мутахассислар орасидан тўлдирилиши таъкидланган. Уларни биринчи навбатда, коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалий иш тажрибасига эга ва Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир шахслар орасидан етук кадрлар бўлиши кўрсатилмоқда. Албатта, бу мутахассислар “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланган бўлиши лозим. Чунки улар мазкур вакцинани қўлловчи масъуллар ҳисобланади.

Инчунун, ушбу соҳадаги давлат ва бошқа дастурлар самарадорлигини мониторинг қилиш ҳамда баҳолаш имконини берувчи “E-Anticor.uz” электрон платформаси, коррупция ҳолатлар ҳақида Агентликни хабардор қилиш имконини берувчи махсус мобиль дастурий таъминоти яратилмоқда. Энди истаган жойдан мобиль иловаси орқали коррупция ҳиди ҳақида фуқароларни бемалол хабардор қилиш мумкин бўлган механизм ишга тушади.

Ҳулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашиш ҳар куни, ҳар лаҳзада ҳар бир фуқаро томонидан амалга оширилиши керак. Айниқса, оилада тарбия билан сингдириб борилса, эзгу мақсадлар амалга ошади. Кишиларда ушбу иллатга қарши қатъий фуқаролик позицияси шаклланиши лозим. Коррупцияга нисбатан муросасизлик ва тоқатсизликнинг пайдо бўлиши, коррупция ҳолатларини оқлаш ва изоҳлаш эмас, қоралаш ва қабул қилмаслик биринчи ўринга чиқишига эришиш керак.

Коррупцион онгни ўзгартирмай туриб, тараққиёт, замонавий инновацион ёндашувларга эришиб бўлмайди. Коррупциясиз жамият қуришда ҳар ким ўз роли ва вазифаларини англаб, масъулиятни ҳис этиши лозим. Ўшанда бу иллатнинг кескин камайиши, кишилар онгу тафаккуридан тозаланишига, давлат ва жамият фаровонлигига эришиш мумкин.

Мунира Қаҳҳорова,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат

бўлими бошлиғи, ф.ф.д (PhD)


Print   Email