ЗАМОНАВИЙ ЖАМИЯТДА МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИ

Туркиянинг Муҳаммад Фотиҳ Султон университети ўқитувчиси, мотуридийшунос олим, доктор Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Ўзбекистон халқаро ислом академиясида тўрт кун давом этган “Маҳорат дарс”лари якунланди.

“Мотуридия таълимоти ва замонавий тараққиёт” мавзусида ўтказилган дарсларда Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Дин ишлари бўйича қўмита мутахассислари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилар ҳамда талабалар иштирок этди.

9-12 март кунлари мобайнида бўлиб ўтган дарсларда “Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти”, “Бағрикенглик ва кенгфикрлилик маданияти. Мутаассиблик ва терроризмга қарши курашда мотуридийлик таълимотининг аҳамияти”, “Имон ва эътиқод масаласи. Такфирчиликнинг олдини олишда мотуридий таълимотининг ўрни” ва “Комил илм. Илмий тараққиёт ва маърифат моделининг мотуридийлик бўйича талқини” каби мавзулар кенг муҳокама этилиб, янги илмий тадқиқотлар бўйича маълумотлар берилди.

Мотуридия таълимотининг бугунги замонавий жамиятда ўрни беқиёслиги, Имом Мотуридий илмий-маънавий меросининг инсонийлик тамойилларига асослангани ва ҳозирда кенг тадқиқ этилаётгани назарий, илмий ва амалий жиҳатдан асосланилди.

Маҳорат дарслари якунида академия раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилар  томонидан доктор Аҳмад Саъд Даманҳурийга миннатдорлик билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.

Дарсларда фаол қатнашган иштирокчиларга Сертификат топширилди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email