Хушхабар! Халқаро платформада Академия рейтинги юқорилади

Хушхабар! Халқаро платформада Академия рейтинги юқорилади

 

“Uzbekistan Research Online” платформасида жорий йил июнь ойида энг кўп ўқилган мақолалар ва журналлар эълон қилинди.

2019 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан “Elsevier” компанияси билан ҳамкорликда халқаро талабларга жавоб берадиган Ўзбекистон ОТМларининг илмий журналларини бирлаштирган илк рақамли платформа – “Uzbekistan Research Online” (https://uzjournals.edu.uz/) иш бошлаган эди. Мазкур илмий журналлардаги мақолалар дунёнинг 108 та мамлакатининг 263 та таълим муассасалари томонидан ўқилади.

Рақамли платформада жорий йилнинг июнь ойи давомида энг кўп юклаб олинган мақолалар ва журналлар рейтинги эълон қилинди. Унга кўра, юқори учликдан қуйидаги мақолалар жой олди:

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси Абдували Исажоновнинг “Tourism development in Uzbekistan: current trends and national priorities” (“Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш: ҳозирги тенденциялар ва миллий устуворликлар”), (https://uzjournals.edu.uz/iiau/vol2020/iss1/27) мавзусидаги мақоласи интернет фойдаланувчилари томонидан 64 маротаба юклаб олиниб, биринчи поғонадан ўрин эгаллади. Шунингдек, юқори учликдан Фарғона давлат университети ўқитувчиси З.Алимова “About Persian words used in “Zubdat ut-tavorikh” by Muhammad Rizo Ogahy” (“Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг “Зубдат ут-таворих” асарида қўлланган форсча сўзлар ҳақида”) (https://uzjournals.edu.uz/fdu/vol1/iss1/13), (48 марта) ҳамда Ўзбекистон жаҳон тиллари университети ўқитувчиси Маржона Раджабова “Comparative Study Of Phraseological Units With Naming Features In Nonrelated Languages” (“Қардош бўлмаган тилларда ном бериш белгилари билан фразеологик бирликларни қиёсий ўрганиш”) (https://uzjournals.edu.uz/philolm/vol2019/iss1/9), (48 марта) мақолалари жой олган.

Энг кўп юклаб олинган журналлар рўйхатида эса Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг “Ислом зиёси” илмий-маърифий журнали (https://uzjournals.edu.uz/iiau) 884 кўрсаткич билан иккинчи ўринни банд этди. Бу борада ундан олдинда Наманган давлат университетининг илмий ахборотномаси (https://uzjournals.edu.uz/namdu), (2116 марта) ҳамда учинчи ўринда Фарғона давлат университетининг илмий журнали (701 марта) жойлашган.

Маълумот учун, www.uzjournals.edu.uz ОТМлар илмий журналларни бирлаштирган ҳамда икки марта аноним рецензиядан ўтказиш (double-blind peer review) конфигурациясини қўллаш имкони мавжуд бўлган платформа ҳисобланади.

Жорий йилнинг июнь ойида мазкур платформадаги журналлардан 9640 та матнли файллар тўлиқ юклаб олинган бўлса, мазкур муддат давомида 143 та янги материал чоп этилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати


Print   Email