“ШОМАҲМУДОВЛАР ОИЛАСИ” ҲАЙКАЛИ – ХАЛҚЛАР ДЎСТЛИГИ СИЙМОСИ

Мустақиллик – ҳар бир халқнинг ҳурлиги, озодлигидир. Бу азиз неъматга эришган ер юзидаги давлатларнинг ўз тарихи, босиб ўтган машаққатли йўллари бор. Жасорат кўрсатиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган аждодларининг ўчмас хотираси барҳаёт яшайди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми” кафедраси доценти Р.Садикова бошчилигидаги “Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик” мутахассислиги 1-курс магистрантлари Б.Мажидов, Б.Сувонов, Г.Жўраева, Ш.Мўминовалар 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” ҳамда ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан пойтахтимиздаги “Шомаҳмудовлар оиласи” ҳайкали пойига гул қўйди.

Маълумки, 2008 йил Халқлар дўстлиги майдонидан Тошкентнинг чекка қисмига кўчирилган Шомаҳмудовлар оиласи ҳайкали яна олдинги жойига қайтарилди. Халқлар дўстлиги рамзи бўлган монумент 2018 йилда “Истиқлол” санъат саройи майдонига ўрнатилган.

Иккинчи жаҳон уриши йилларида турли миллатларга мансуб бўлган 15 нафар болани ўз қанотига олган Шоаҳмат ва Баҳри Шомаҳмудовлар оиласи ҳақида Раҳмат Файзиевнинг “Его величество Человек” романи асосида кинорежиссёр Шуҳрат Аббосовнинг “Сен етим эмассан” кинофильми тасвирга олинган ва бу фильм ҳанузгача турли халқлар орасида севиб томоша қилинади.

Асраб олинган болалар орасида рус, беларус, молдаван, яҳудий, татар, қозоқ миллатларига мансуб болалар бўлган. Халқлар дўстлиги сиймоси ҳисобланган ушбу ҳайкал Тошкент шаҳрининг кўркига-кўрк қўшиб янада чирой очиб турибди. Пойтахтимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларини бирдамликка, дўстликка ва бир оила бўлиб яшашга даъват этади.

 

“Ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми” кафедраси


Print   Email