Қалбларга қувонч таратувчи қутлуғ айём

Қалбларга қувонч таратувчи қутлуғ айём

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Аввало, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми — муборак.

Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий қутлайман.

Бу қутлуғ айёмда ҳаммамиз, аввало, шундай файзли ва барокатли кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз. Оила, маҳалла ва жамият аҳлига меҳр ва эътибор кўрсатиш, кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд кишиларга беғараз ёрдам бериш, яхшилик, сабру қаноат каби эзгу фазилатларни ўзида мужассам этган бу байрамнинг маъно-мазмуни бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир. Айни чоғларда бутун инсоният ҳаётига таҳдид солаётган коронавирус касаллиги тезроқ аришини, беморларга комил шифо беришини Ҳақ таолодан сўраймиз.

Таъкидлаш жоизки, Қурбон ҳайити буюк байрам ва қувончли воқеадир. Ушбу байрам ҳижрий зулҳижжа ойининг 10-куни нишонланади. Бу ойда имкон қадар нафл ибодатларни кўпайтириш Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш билан бўлади. Хусусан, зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни ашри зулҳижжа дейилади, ушбу 10 кунда қилинадиган савобли амаллар ажри жуда ҳам улуғ. Имом Бухорий ва Имом Муслимдан келтирилган ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Аллоҳнинг наздида зулҳижжанинг аввалги 10 кунида қилинган солиҳ амалларга бериладиган савобли амалларни топмадим”, дедилар”.

Шу билан бирга, мана шу 10 кун ичида арафа куни — эртага ҳайит деган кун рўзаси ҳақида Расули акрам алайҳиссолату вассаламдан машҳур ҳадис бор: “Арафа куннинг рўзаси бир йил аввалги ва бир йил кейинги гуноҳига каффорот бўлади, деб умид қиламан”.

Яъни бу муборак 10 кунда қилинадиган солиҳ амаллар ажри Аллоҳ ҳузурида янада кўпроқ бўлади. Демак, мўмин-мусулмонлар кўпроқ хайрли ишларни қилишса, кўпроқ савобга эга бўлишади, инша Аллоҳ.

Ушбу муборак байрамда қилинадиган амали солиҳларнинг энг афзали — зулҳижжа ойининг 10-кунидан бошлаб, учинчи кун қуёш ботгунга қадар, яъни 3 кун ичида мусулмон, оқил, балоғат ёшига етган, муқим ва закот беришга қодир бўлган кишиларга бир жонлик сўйиш вожиб ҳисоб­ланади.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қурбонлик кунини байрам қилишга амр қилиндим. Уни Аллоҳ бу уммат учун хос қилгандир”, дедилар. Демак, қурбонлик кунини байрам қилишни Парвардигори олам Пайғамбар алайҳиcсаломга амр қилган. Аллоҳ таоло фақатгина биз умматларга бу Қурбон ­ҳайитини ўзига хос байрам қилиб берган.

Имом Нисобурий айтадиларки, Аллоҳ таолонинг ушбу ўн кечага қасам ичиши бу кунларнинг нечоғли шарафли ва улуғ эканига далолат қилади ва унда дунёвий ва ухровий манфаатлар борлигини билдиради.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ учун ибодат қилишга зулҳижжанинг ўн кунидан севимлироқ кунлар йўқ. Унинг ҳар кунлик рўзаси бир йиллик рўзага, ҳар тундаги ибодат Лайлатул қадрдаги ибодатга тенгдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Одатда ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Таъкидлаш керакки, бу йил Қурбон ҳайитини карантин талабларига мувофиқ, уй шароитида, оила даврасида, ҳашаматсиз ва камтарона, тартибли нишонлаймиз. Биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимизни, ёру биродарларимизни телефон орқали йўқлаймиз. Уларнинг кўнглини сўраш ва кўтаришга ҳаракат қиламиз. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир.

Зеро, улуғ алломаларимиз: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”, деганлар. Исломнинг шиори бўлган Қурбон ҳайити кунларида қувончимизни, саховатимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ намоён қилишимиз лозим.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифда марҳамат қилиб: “Қурбонлик қилиш чиройли амаллардандир. У бандани дунёда балолардан ва охиратда офатлардан ҳимоя қилади”, деганлар.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким қурбонликка жонлиқ олиш учун бозорга борса, Аллоҳ таоло ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади ва ўнта гуноҳини кечиради ва мартабасини ўн даража кўтаради. Жонлиқни савдо қилаётганда айтган сўзларини тасбеҳ ўрнида қабул қилади. У учун берган ҳар бир дирҳамига етти юз дирҳамнинг савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фаришта яратади ва улар қиёматгача унинг учун истиғфор айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун Исмоил алайҳиссалом фарзандларидан бир қулни озод қилганлик савобини беради”, деганлар.

Қурбонлик ибодат бўлиши билан бирга унинг ижтимоий аҳамияти ҳам беқиёс. Қурбон ҳайити —хайр-эҳсон, саховат, меҳр-мурувват байрами. Унда қилинадиган қурбонликлар эса жамиятда кишилар ўртасида инсоний фазилатларни ривож топишида хизмат қилувчи восита. Чунки қурбонлик гўштидан ва таомидан эҳсон қилишимиз қалбларимизни юмшатиб, меҳр-муҳаббат ришталарини мус­таҳкамлайди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги коронавирус касаллиги кенг тарқалган дамларда сабр қилиб, сукут сақлаш мўминларга ҳам қонуний, ҳам ибодат тавсияси бўлади. Бу синовли кунларга сабр ва шукр қилишимиз Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлади.

Муҳтарам Президентимизнинг “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда Қурбон ҳайитини карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказишга алоҳида урғу қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгашининг Қурбон ҳайитини коронавирус пандемияси даврида карантин талабларига мувофиқ ўтказиш тўғрисидаги баёноти ҳам тарқатилди.

Бугунги вазиятни инобатга олган ҳолда шаръий кўрсатмалар ва фиқҳий қоидалар асосида мўмин-мусулмонлар Қурбон ҳайитининг карантин талаб­ларига мувофиқ, уй шароитида, оила даврасида, ҳашаматсиз ва камтарона, тартибли ўтказишлари алоҳида таъкид­ланди.

Шунингдек, Қурбон ҳайити байрамини оиламиз бағрида ўтказиш, сабрли бўлиш, дуою илтижоларни кўпайтириш, яхши кунларга умид билан яшаш лозим. Қурбон ҳайити меҳр-оқибат, эзгулик, бировларга яхшиликни соғиниш айёми экани, бугунги карантин даврида бизнинг яхшилигимиз кексалар, беморлар хонадонларига бориб уларнинг ҳолидан хабар олиш эмас, аксинча, бормасдан телефон орқали ҳол-аҳвол сўрашдир. Ҳайит кунларида ўз аҳли оиламизни хурсанд қилиш, фарзандларимизни келажакда илмли, маърифатли, зиёли қилиб тайёрлаш, карантин даврида фарзандлар тарбияси билан кўпроқ машғул бўлишга урғу қаратишимиз керак.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгашининг Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги баёнотида айтилганидек, шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ҳайит намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади.

Ислом дини манбаларида Қурбон ҳайити намози вожиб амал экани баён этилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан жума намози вожиб бўлган кишиларга ҳайит намози вожиб экани нақл қилинган. Жума намози Қуръон, суннат, ижмо каби қатъий далиллар билан собит бўлган фарз амалдир. Модомики муайян узрлар билан фарз бўлган жума намозини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида уламолар фатвоси қабул қилинган экан, вожиб амал бўлган ҳайит намозини ўқимаслик ҳам ўз-ўзидан маълум бўлади. Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Қурбон ҳайити (Ийдул адҳо) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбаларида келишича, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қў­йилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал.

Ҳозирги халқимиз бошига оғир иш тушган бир паллада муҳтарам ­Президентимиз бошчилигида ҳукумат аъзоларидан тортиб вилоят раҳбарлари ва мутасадди ташкилот вакилларигача, айниқса, соғлиқни сақлаш ходимлари, юксак масъулиятни ҳис этган ҳолда кунни тунга улаб, ўз жонларини хатарга қўйиб, коронавирус хасталигини жиловлаш бўйича жиддий кураш олиб ­бормоқдалар.

Мазкур ўрнатилган тартиб-қоидалар ва чекловлар барчаси аҳолимиз саломатлигини асраб-авайлаш учун қилинмоқда. Буни теран ақл билан тўғри тушунишимиз керак. Халқимиз ҳаётини сақлаш йўлида амалга оширилаётган барча чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашимиз лозим бўлади. Ҳар биримиз ўзимиз, оиламиз, фарзанд­ларимизнинг соғлиғи ва тақдири учун, аввало, ўзимиз масъул эканимизни чуқур англашимиз лозим.

Аллоҳ таоло бандаларига етган азиятлар сабабли уларнинг даражаларини кўтаришни хоҳлайди. Бу ҳақда Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом бир нечта ҳадисларида марҳамат қилганлар: “Мўмин кишига бирор тикан кирса ёки ундан каттароқ мусибат етса, албатта, Аллоҳ ана шу сабабли унинг даражаларини кўтаради ёки унинг хатоларини ўчиради (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом ­айтадилар:
“Мўмин кишининг ишлари ажо­йиб. Унинг барча ишлари яхшиликдир. Бундай имконият ҳаммага эмас, фақат мўмин-мусулмонларгадир. Агар унга кенгчилик етса, шукр қилади ва бу унга яхши (савоб) бўлади. Агар унга қийинчилик етса, сабр қилади ва бу ҳам унга яхшиликдир (Имом Муслим ривояти).

Таниқли уламолардан Ризоуддин ибн Фахруддиннинг бундай сўзлари бор: “Одам боласи қайғу, ҳасрат кўрмай умр кечириши мумкин эмас. Турмуш ва ҳаёт тиканли чангалзор устидан юришдан, машаққат тўлқинлари билан курашиб сузишдан иборат. Ақлли киши шу машаққатлардан қўрқмаслиги, келажакдаги роҳатларга умид боғлаб, ушбу машаққатлардан енгилмаслиги, кўнглини чўктирмаслиги зарур. Ҳар оғирлик ортидан бир енгиллик келишини Яратганнинг ўзи ваъда қилиб қўйган. Оқил киши, албатта, шу ваъдани хотирлаб, кўнг­лини хотиржам қилади, ўзига тасалли беради”. Ҳазрати Али (карамаллоҳу важҳаҳу): “Сабр қоқилмас уловдир, қаноат қайрилмас қиличдир”, деганлар.

Демакки, бу ўрнатилган тартиб-қоидаларни тўғри тушунган ҳолда амал қилиб, бошга келган синовларни ­сабр-қаноат ила, ёруғ кунларга умид билан енгиб ўтиш лозим бўлади.

Сиз азизларни Ислом динининг эзгу ғояларини яққол ифода этувчи байрам — Қурбон ҳайити билан чин қалбдан муборакбод этаман! Сизларга оилавий бахту саодат, сиҳат-саломатлик, дину дунё ишларингизда муваффақиятлар тилайман! Аллоҳ бутун дунёга офият берсин! Келаси шу ой шу кунларга соғ-саломат, тинчлик-осудаликда етиб боришимизни насиб айласин!

Яна бир бор барчангизга Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

 


Print   Email