Қабул-2020. Савол беринг, жавоб берамиз

Бутун дунёда бўлгани каби бугунги пандемия шароитидан келиб чиқиб, Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалар ва абитуриентлар, умуман, академия фаолиятига қизиқувчи барча мурожаатчиларнинг саволларига ўз вақтида ҳамда расмий жавоб бериш мақсадида iiau.uz ва тегишли телеграмм каналларида “Савол беринг, жавоб берамиз” рукнини ташкил этди.

2019-2020 ўқув йилининг сўнгги чораги ўқув жараёни карантин шароитида масофадан ташкил этилгани боис битирувчилар ва айрим талабаларда ҳам ўқув мавсуми якуни бўйича ўзига хос саволлар юзага келиш эҳтимоли ўсди. Шунингдек, бугунги кунда янги ўқув йилига ҳозирлик ва олий таълим муассасаларига 2020-2021 ўқув йилига Қабул жараёнлари ҳам бошланиши арафасида. Шу боис кўпгина абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарида ҳам янги ўқув йилига абитуриентларнинг қабули ва тест синовларининг ўтказилиши билан боғлиқ табиий саволлар туғилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг “Савол беринг, жавоб берамиз” рукнида Сизнинг барча саволларингизга расмий ахборот каналлари орқали мунтазам равишда жавоб бериб борилади.

Агар сизда савол туғилган бўлса, марҳамат, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг iiau.uz ва тегишли телеграмм каналларига мурожаат қилинг ва тезда асосли ва расмий жавоб олинг.

Қўйида яқин кунларда академия сайти орқали келиб тушган айрим мурожаатларга берилган жавоблар билан танишишингиз мумкин.

Жўраев Aбдураҳмон, ЎзХИA Aкадемик лицей ўқувчиси.

1-савол: ЎзХИAнинг Исломшунослик факультетига ҳужжат топширмоқчиман. Ҳужжат топшириш ва имтиҳонлар ҳақида тўлиқ маълумот олмоқчи эдим, илтимос. Шунингдек, агар академиянинг Исломшунослик факультетига ҳужжат топширадиган бўлсам, бошқа Давлат олий таълим муассасаларига ҳам ҳужжат топшириш имкониятига эга бўламанми?

Жавоб учун олдиндан раҳмат, интиқлик билан кутаман.

Илҳом Бердияров, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, 2019-2020 ўқув йили Қабул комиссияси Масъул котиби:

Жавоб: Ҳозирги пайтда Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш тартиблари ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаси ҳуқуқий ҳужжатлар порталида муҳокамага қўйилган. Ушбу қарор имзоланиб расмий эълон қилинганидан сўнг абитуриентларни ўқишга қабул қилиш билан боғлиқ тартиблар тўғрисида тўлиқроқ маълумот олиш мумкин. Лекин амалдаги тартиб бўйича абитуриентлар Олий таълим муассасалари ёки Давлат хизматлари агентлигининг жойлардаги марказлари орқали рўйхатдан ўтиши мумкин.

Амалдаги тартибга кўра, Исломшунослик таълим йўналиши талабаси бўлиш учун абитуриент Маънавият ва маърифат асослари ҳамда Чет тили фанидан ижодий имтиҳон топширади. Шунингдек, Тарих ҳамда Она тили ва адабиёти фанларидан тест синовлари топшириш керак бўлади.

Қўшимча тарзда шуни маълум қиламизки, Президентимиз топшириқларига биноан ҳозирги карантин шароитини ҳисобга олиб Давлат тест маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан тест синовларини ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни соддалаштириш бўйича лойиҳалар тайёрланмоқда. Шуни эътиборга олган ҳолда, жорий йилда кириш имтиҳонларини ўтказишнинг янги тартиблари амалиётга татбиқ этилиши кутилмоқда.

Демак, олий ўқув юртларига қабул жараёни билан боғлиқ саволларга яқин кунларда оммавий ахборот воситаларида расмий мутасадди ташкилотлар томонидан янада аниқ ва тўлиқ маълумотлар эълон қилинади.

2-қисм. Амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Исломшунослик таълим йўналишига кириш учун имтиҳон олинадиган фанлар таркиби бошқа таълим йўналишига мос келмаганлиги учун бошқа таълим йўналишларига кириш учун рўйхатдан ўтиш имконияти мавжуд эмас.

2-савол: Мактабни Олтин медал билан тамомлаган битирувчиларга олий ўқув юртига киришда имтиёз бериладими?

Илҳом Бердияров, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, 2019-2020 ўқув йили Қабул комиссияси Масъул котиби:

Жавоб: Олий таълим муассасаларига қабул қилиш билан боғлиқ амалдаги меъёрий ҳужжатларда мактабни Олтин медал билан тамомлаган абитуриентларга ўқишга киришда имтиёз бериш кўзда тутилмаган.

3-савол: Aссалому алайкум, 2020-2021-йилги олий ўқув юртларига қабул жараёнларида Ўзбекистон халқаро Ислом академиясининг барча бакалавриат таълим йўналишларида аввал Ёзма имтиҳон, кейин эса ДТМ тестлари ўтказилар экан.

Эшитишимизга қараганда, агарда абитуриент ёзма имтиҳондан муваффақиятли ўтса, кейин тест синовлари топширишга рухсат берилар экан ва бир нечта таълим йўналишларини танлаш ҳуқуқи бўларкан. Aгар абитуриент ёзма имтиҳондан ўта олмаса, унда бир нечта йўналишни танлаши қандай бўлади?

Шу саволга ойдинлик киритиб берсангиз. Олдиндан раҳмат!

Илҳом Бердияров, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, 2019-2020 ўқув йили Қабул комиссияси Масъул котиби:

Жавоб: Сиз айтган тартиб Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси бўлиб, унда белгиланган қоидалар ушбу қарор лойиҳаси тасдиқланганидан сўнг ижрога киритилади.

Қарор лойиҳасида белгиланган тартибга кўра, дастлабки саралаш синовидан ўта олмаган абитуриентлар Ўзбекистон халқаро ислом академиясидан бошқа ўзи танлаган бир нечта Олий таълим муассасасига ҳужжат топшириш имкониятини сақлаб қолади. Битта ёки бир нечта таълим йўналишларини танлаш учун Олий таълим муассасалари ёки Давлат хизматлари марказларида фаолият юритадиган қабул комиссияларига мурожаат қилиб, ўзи қизиққан йўналишдаги олий ўқув юртларини танлаш жараёнини амалга ошириш мумкин.

4- савол: Ёзма имтиҳон қай тартибда ўтказилади?

Илҳом Бердияров, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, 2019-2020 ўқув йили Қабул комиссияси Масъул котиби:

Жавоб: Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабаларга қабул бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасига кўра, абитуриент дастлабки синов таркибига киритилган ёзма имтиҳонларда:

  1. Интеллектуал даражаси, мантиқий ва кенг фикрлаш, турли тушунчалар, фактларни таққослаш ҳамда уларнинг ўртасидаги ўзаро боғлиқликни топиши;
  2. Маънавият ва маърифат асослари бўйича билим даражаси, маънавият асослари, миллий ғоя ва мафкура, ҳуқуқ ва сиёсат, адабиёт, тарих, исломшунослик ва диншуносликка тааллуқли ва бошқа масалалар юзасидан саводли ва асосли тушунтириш қобилияти;
  3. Хорижий тилларни (инглиз, француз ва немис тиллари) билиш даражаси бўйича синовдан ўтказилади.

Синовлар ёзма шаклда олиниши режалаштирилган.

Яна бир бор эслатиб ўтамизки, ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасида белгиланган бўлиб, унда кўрсатиб ўтилган қоидалар ушбу қарор лойиҳаси тасдиқланганидан сўнг ижрога киритилади.

5-савол: Aссалому алайкум. Ўзбекистон халқаро ислом академиясига касбий ижодий имтиҳонлар қачон ва қай тарзда ўтказилади? Боҳолаш тартиби хусусида ҳам маълумот бериб ўтсангиз.

Илҳом Бердияров, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, 2019-2020 ўқув йили Қабул комиссияси Масъул котиби:

Жавоб: Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Исломшунослик ва Диншунослик таълим йўналишларига Қабул жараёнида ижодий имтиҳон олиш тартиби мавжуд. Амалдаги тартибга кўра, ижодий имтиҳонлар ҳужжатлар қабул қилиш якунланганидан сўнг, яъни 16 июлдан 21 июлга қадар бўлган муддат ичида бўлиб ўтиши белгиланган. 22 июлга қадар эса Давлат тест марказига ижодий имтиҳон натижалари тақдим этилиши керак.

 


Print   Email