Мусулмонлар идораси мутасаддиси — короновирус шароитида одамлар ўзини қандай тутиши кераклиги ҳақида

Бугун бутун дунё аҳолисининг ўй-хаёли, фикру зикри, туриш-турмушини бир ваҳима, у ҳам бўлса, коронавирус ҳадиги чулғаб олган. Кексаю ёш, каттаю кичик, мулозиму раият – тирик жон борки тожсимон вирусга йўлиқмаслик чораларини кўряпти.

Энг кулгилиси, шу йил 15 март куни Ўзбекистон ҳукумати ўтказган брифингдан сўнг айрим одамлар ўзини бозорларга, дўконларга уришди. Худди Қиёмат қоим бўлаётгандек, ойларга, чорак, ҳатто йилларга етадиган озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлаб олишди.

Баъзилар қаноатни унутиб, ризқ Аллоҳдан эканини, қирқ йил қирғин бўлса-да, фақатгина ажали етган ўлишини унутиб қўйишган кўринади...

Буюк аждодимиз Ҳаким Термизийнинг “Наводир ул-усул” асарида келтирилган воқеа ҳам ризқ Аллоҳдан эканига далолат қилади. Ораларида Абу Мусо, Абу Молик ва Абу Омир каби саҳобалар бўлган ашъарийлар карвони Мадинага ҳижрат қилишди. Манзилга очликдан силласи қуриб, бир алфозда етиб келдилар. Бир кишини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан егулик сўраб келишга юборишди. Жўнатилган одам эшиклари олдига келганда ичкаридан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур...” оятини тиловат қилаётганларини эшитди. Ўзига ўзи: “Аллоҳга ашъарийлардан ҳам кўра ризқлантириш осонроқ бирор жонзот йўқ”, дея Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга учрамай қайтиб кетди.

Бориб: “Хушхабар, сизларга ёрдам келмоқда!” деганида, шериклари бу гапни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўмак ваъда қилибдилар, дея тушунишди. Шу пайт уларнинг олдига нон ва гўшт тўла идиш кўтариб олган икки киши келди. Ашъарийлар ундан тўйгунларича егач, таомдан ортиб қолганини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қайтарайлик, У Зот буни бошқа муҳтожларга берсинлар, деб келишишди. Сўнг барчалари Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг олдиларига бориб, таом учун миннатдорлик билдиришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларга ҳеч қандай егулик юборганим йўқ”, дедилар. Бир шерикларини Ул Зотнинг ҳузурларига юборганларини айтишганида, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша одамдан нима гаплигини сўрадилар. У нима қилгани ва шерикларига нима деганини айтганида У Зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мана шу Аллоҳнинг сизларни ризқлантирганидир”, дея марҳамат қилдилар.

Эътибор беринг-а, бу дунёда ажали битган, ризқу насибаси кўтарилган одамнинг жони вирус ёки бошқа юқумли касалликларга боғлиқ эмас! Ёки аксинча: умри тугамаган одамни ҳеч қандай вирус олиб кетолмайди!

Хўш, шундай экан, динимиз таълимотида ҳар бир инсоннинг ажали муайян муддат этиб белгиланган экан, ваҳимага тушишимизга, хавотирланишимизга асос борми?

Болгариялик олим-шифокор Веселин Йолов коронавирус туфайли оммавий ваҳимага тушишга асло ҳожат йўқлигини таъкидлади. Ҳозир дунё бўйича 7 миллиард аҳолидан вафот этганлар саноқлигина миқдорда. Соғайганлар эса жуда кўпчиликни ташкил этади.

Ваҳоланки, айни пайтда дунё миқёсида, интернет маълумотларига қараганда, саратондан, юрак хуружидан, диабетдан, зарарли ҳашаротлар чақиши оқибатида, автохалокатда ва қотиллик туфайли бир кунда минг-минглаб одамлар ҳаётдан куз юммоқда.

Инсонни омадсизликка, касалликга, фақирликга туширадиган, дуоси ижобатини тўсадиган нарса ҳам шу – унинг хатолари. Қанча кўп истиғфор айтсак, қанча кўп дуо қилиб Яратганнинг Ўзидан сўрасак, шунча кўпроқ мушкулларимиз енгиллашади!

Таъкидлаш жоизки, киши мусулмон бўлиши учун Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, Қиёмат кунига, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканига ҳамда Қиёмат куни тирилишга имон келтириши шарт. Демак, мўмин-мусулмонларимиз яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканлигини унутмасдан, бунинг учун ваҳимага тушмасдан, тўғри йўл тутиб, янада жипслашиб, раҳбарларнинг сўзларига қатъий риоя қилишлари шарт бўлади!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвоси эълон қилинди. Бу фатвони муфтий ҳазратлари оммавий ахборот воситалари орқали барчага ўқиб эшиттирдилар.

Юртимиздаги ҳар бир мўмин-мусулмон ортиқча ваҳимага берилиб, саросимага тушмасдан, динимизга ҳам, қонун-қоидаларимизга ҳам, миллий қадриятларимизга ҳам, шарқона одоб-ахлоқимизга ҳам тўғри келмайдиган ҳаракатлар қилмасдан, балки уни ўрнига ўзимизга ҳам, оила аъзоларимизга ҳам тозалик-озодаликни лозим тутиб, гигиена қоидаларига қатъий риоя этсак, иншоаллоҳ, бу бало тезда даф бўлади.

Ҳозир қамарий тақвим ҳисобида Ражаб ойида турибмиз. Бу ойнинг 26 дан 27 га ўтар кечаси Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилган. Жаноб Пайғамбаримиз: “Ражаб – Аллоҳ таолонинг ойи”, деб марҳамат қилганлар. Бу ойда Аллоҳ таоло инсониятга кўп яхшиликлар, беқиёс неъматлар, файзу баракалар ёғдиради. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак сўзларини шундай фазилатли ойларда эсласак, фойдадан холи бўлмаса керак:

– “Ким мусулмонларнинг дардини ўз дарди дея билмаса, улардан эмас” (Имом Табароний ривоятлари);

– “Энг фазилатли ибодат – бошига тушган бир қийинчиликнинг кеткизилишини дуо қилиб кутишдир” (Имом Термизий ривоятлари);

– “Аллоҳ таоло Ундан ҳеч нарса сўрамайдиган (дуо қилмайдиган)дан ғазабланади” (Имом Термизий ривоятлари);

– “Садақа балони қайтаради”;

– “Кимики доимо Аллоҳга истиғфор айтиб юрар экан, Аллоҳ таоло ҳар қандай қийин вазиятдан чиқиш йўлини унга кўрсатади. Мусибатларини енгиллаштиради (кўтаради) ва кутмаган тарафидан мерос (неъмат, ризқ) жўнатади” (Имом Абу Довуд ривоятлари);

– “Икки дуо борки, у дуолар билан Аллоҳ орасида қабули учун ҳеч бир парда йўқ. Бири – мазлум(зулмга учраган)нинг дуоси; иккинчиси – мўминнинг бошқа мўмин биродари ҳақига қилган махфий дуоси”;

– “Дуо бошга келган ва келмаган ҳар нарсага қарши фойдалидир. Қазо(тақдир)ни фақат дуо олдини олади. Инчунин, дуога маҳкам ёпишинг” (Имом Термизий ривоятлари).

Келинг, муҳтарам азизлар, бундай улуғ ойларни, фазилатли кунларни бизлар ҳам ғанимат билиб, юртимизни, эл-халқимизни, маҳалламизни, оиламизни, қариндошларимизни, қўшниларимизни, дўстларимизни, яқинларимизни, Ер юзидаги инсонларнинг ҳақларига Яратгандан яхши тилаклар сўрайлик…

Илоҳим, жаннатмонанд юртимиз тинч, халқимиз фаровон бўлсин. Коронавирус аталмиш тезда даф бўлиб, бу бало-офатдан ҳеч бир юртдошимиз зарар кўрмасин. Аллоҳ таоло беморларга, дардманларга шифо берсин. Офат тез ва қисқа фурсатда кўтарилсин. Юртимиз яна тараққитиёда бардавом бўлсин!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 


Print   Email