МЕҲНАТ ВА ИЗЛАНИШ —  МУВАФФАҚИЯТ ГАРОВИ

Бугун Ўзбекистон халқаро ислом академияси жамоаси илмий-педагогик, тадқиқотчилик ва ижодий фаолиятда ўзига хос муваффақиятга эришган бир гуруҳ устоз-мураббий, ходим ҳамда талабаларни табриклади.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, академия ректори Р.Қосимов ўз педагогик фаолияти давомида илмий тадқиқотлар олиб борган ўқитувчилар — Неъматилла Муҳамедовнинг тарих фанлари доктори, Масрур Рахимжоновнинг филология фанлари бўйича (PhD), Азиз Тажиев ва Одил Эрназаровнинг тарих фанлари бўйича (PhD) илмий даражасига эришгани билан қутлаб, келгуси фаолиятларига муваффақият тилади.

Шунингдек, 8 март – “Халқаро хотин-қизлар куни” умумхалқ байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдириш тўғрисида”ги Қарори асосида “Зиё” медиа маркази муҳаррири Вазира Ибрагимованинг юксак давлат мукофотига сазовор бўлгани ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” III Республика танловида “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультети 4-курс талабаси Нозима Тожибоеванинг “Интерактив тизимлар орқали рақамли объектлардан фойдаланган ҳолда хорижий тилларни ўрганиш” дастури лойиҳаси ғолибликни қўлга киритгани кенг эътироф этилди.

Шу муносабат билан академия устоз-мураббийлари, ходимлари ҳамда талабаларининг эришган ютуқлари қизғин қутланиб, илмий-педагоги ва ижодий фаолиятда доимо изланишда бўлиш муваффақият гарови экани таъкидланди. Анжуман якунида барчанинг Ўзбекистон халқаро ислом академияси нуфузи ва мавқеини янада кўтаришда ҳамжиҳат бўлиб, интилиши эзгу мақсадлар рўёбида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email