МАҚОЛ — СЎЗ КЎРКИ: “Ўзбек халқ мақоллари” мавзуидаги семинар шу хусусида бўлди

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ўзбек халқ мақоллари” мавзусида “ZOOM” дастури орқали онлайн семинар ташкил этилди.

“Ўзбек тили ва мумтоз Шарқ адабиёти” кафедраси ҳамда Туркиянинг Анқара университети профессори Айнур Ўзжан ҳамкорлигида ўтказилган маҳорат дарсида профессор-ўқитувчилар, илмий-тадқиқотчилар, докторант ва магистрантлар иштирок этди.

Семинарда Айнур Ўзжан туркиялик олимлар, ёш-тадқиқотчилар томонидан ўзбек халқ мақоллари бўйича олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари ва бу борада тўплаган тажрибаси билан таништирди. Жумладан, олим ўз маърузасида ўзбек тилидаги 50 дан ортиқ мақоллар тадқиқига тўхталиб, ўзбек ва турк мақолларининг оҳанг ва мазмун, ўхшаш ва фарқли жиҳатлари таҳлилларига тўхталиб ўтди.

Ўз навбатида Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Ўзбек тили ва мумтоз Шарқ адабиёти” кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳам халқ мақолларининг кундалик турмуш ва бадиий ижодий фаолиятда қўлланиши, бошқа халқларнинг мақоллари билан ўхшаш жиҳатлари ҳақида маълумот берди. Кафедра жамоаси томонидан бу борада амалга оширилган ишлар, мақолларнинг асрий халқ оғзаки ижодида кенг фойдаланиб келингани, бугунги кунда халқ тилидан чиқиб кетаётган айрим мақолларнинг сақланиб қолиниши ва фойдаланиши борасидаги ишлар тизимли йўлга қўйилгани айтилди. Бу борада ёш олимларнинг ўз илмий-тадқиқотларида бу масалага эътибор қаратилгани, янги изланишлар давомли тарзда ташкил этилаётгани таъкидланди.

Шунингдек, семинарда ўзбек халқ мақоллари мавзуси бўйича ҳар иккала таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ўз тўплаган бой тажрибаларини ўртоқлашиш ва илмий-амалий анжуманлар ўтказиш таклифларини билдирди.

Якунда мавзу юзасидан савол-жавоблар ўтказилиб, эгалланган билимлар синовдан ўтказилди. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Туркиянинг Анқара университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга келишиб олинди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати


Print   Email