КРЕДИТ МОДУЛЬ ТИЗИМИ: ҚОЗОҒИСТОН ТАЖРИБАСИ

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Жанубий Қозоғистон давлат педагогика университетининг Хорижий талабаларни мувофиқлаштириш маркази директори Шахло Наралиева томонидан “Маҳорат дарси” ташкил этилди.

“Ўзбек тили ва мумтоз шарқ адабиёти” кафедраси томонидан ташкил этилган маҳорат дарси “Таълим босқичларида кредит модуль технологияси масалалари” мавзусида ўтказилди. Унда профессор-ўқитувчилар, ходимлар иштирок этди.

Дарсда Қозоғистон таълим тизимидаги ўзига хос тўпланган бой тажриба, босқичма-босқич амалга оширилган илм-фан ютуқлари, кредит модуль тизими хусусида батафсил маълумот берилди.

 Жумладан, Шахло Наралиева ўз сўзида кредит модуль тизими бўйича янги ахборотни мустақил ўзлаштириш, тингловчининг мустақил ва ҳамкорликдаги фаолиятини ташкил этиш, шахснинг ва ўзгаларнинг фаолиятини баҳолашга қаратилган мезонларини аниқлаш каби жиҳатларга тўхталиб ўтди.

Қизғин муҳокама ва савол-жавобларга бой тарзда ўтган маҳорат дарси давомида Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан Жанубий Қозоғистон давлат педагогика университети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини  йўлга қўйиш, мавжуд йўналишларда ҳар икки томон тўплаган бой илмий-амалий тажрибаларни ўртоқлашиш, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар алмашинуви борасидаги таклифлар билдирилди.

Якунда Жанубий Қозоғистон давлат педагогика университетининг Хорижий талабаларни мувофиқлаштириш маркази директори Шахло Наралиевага қимматли тажрибасини ўртоқлашгани учун ўқитувчилар томонидан миннатдорлик билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email