Коррупция – жамият тараққиёти кушандаси

Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедраси ҳамда Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди.

“Таълим муассасаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари” мавзусида “ZOOM” дастури орқали онлайн давра суҳбати ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, иқтисод фанлари доктори, профессор Н.Жумаев, Тошкент шаҳар Фуқаролик суди судьяси Ҳ.Қурбонова, Ички ишлар вазирлиги Академияси доценти, иқтисод фанлари номзоди, полковник Ш.Қобилов, Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири, юридик фанлари номзоди, доцент Д.Атажанова Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти, юридик фанлари доктори Н.Юсупова ўз маърузалари билан иштирок этди. Шунингдек, давра суҳбатида профессор-ўқитувчилар, илмий-тадқиқотчилар, докторант ва магистрантлар уйдан турган ҳолда, онлайн тарзда уланиб қатнашди.

Тадбирда коррупция иллати, унинг олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар таҳлил қилиниб, ушбу ҳуқуқбузарликнинг жавобгарлиги муқаррар экани таъкидланди. Жамиятни таназзулга бошловчи коррупцияга қарши курашишда барча давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, олий таълим муассасаларининг ҳам ўрни муҳим экани реал мисоллар билан асосланди. Зеро, жамиятимизнинг фаол аъзоси сифатида катта ҳаётга дадил кириб келаётган ёшлар, ташаббускор мутахассис кадрларнинг давлатимиз мустаҳкам таянчи бўлиб шаклланишада айнан олий таълим муассасаларининг ўрни алоҳида.

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилди.

Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва Парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди.

“Таълим муассасаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари” мавзусидаги давра суҳбатида маърузачилар томонидан шу каби долзарб муаммолар ўртага ташланиб, иштирокчиларга янгидан-янги маълумотлар берилди.

Якунда мавзу бўйича савол-жавоб ўтказилиб, эгалланган билимлар мустаҳкамланди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати


Print   Email