JICA – Япония Халқаро ҳамкорлик агентлигидан жалб қилинган Аоки Томотаканинг онлайн маҳорат дарси

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бир неча йиллардан буён Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги – JICA билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириб келмоқда.

Бу ташкилотнинг Хиоми Таката, Кинечи Тезука, Аоки Томотака каби волонтёрлари “Замонавий ахборот коммуникация технологиялари” кафедраси талабаларига Web дастурлаш, HTML, Java каби дастурлаш тиллари бўйича маъруза ва  амалий машғулот дарсларини ўтиб келмоқда.

2019-2020 ўқув йилида япониялик ўқитувчи Аоки Tомотака талабаларга илғор фан ютуқларидан сабоқ бериб келмоқда.

29 май куни соат 11-00да Аоки Томотака “Японияда дастурлаш тиллари” мавзусида  навбатдаги “Маҳорат дарси”ни ўтказди. Мастер класс  Google meet тизими орқали on-line тарзда ўтказилди.

Хорижлик муаллимнинг маҳорат дарсида «Информатика ва ахборот технологиялари» мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган 3-4-курс талабалари ва кафедра ўқитувчилари фаол иштирок этдилар.

Замонавий технологиялар асосида олиб борилган дарс жараёнида Аоки Tомотака тингловчиларга дастурлаш тизимидаги энг сўнги янгиликлар, Япония технологиясида жорий қилинган амалий ишлар хусусида маълумот берди. Жумладан, илм-фан соҳасида дунё олимлари томонидан кашф этилаётган технологияларни ҳаётга татбиқ этиш ва ундан фойдаланиш тартибига риоя қилиш масалаларига тўхталиб ўтди.

Мавзу қизиқарли бўлгани ва ҳозирги кунда долзарб аҳамиятга эгалиги боис, иштирокчилар томонидан кўплаб савол, таклиф ва тавсиялар берилди. Мазкур on-line дарс жараёни ўзига хос тарзда ташкил этилиб, ундан дастурлаш тилларидан  кенг фойдаланиш мумкинлиги таъкидланди. Шунингдек, маҳорат дарси якунида кафедра мудири ва ўқитувчилари ўз фикр мулоҳазаларини баён қилишди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати


Print   Email