Ислом оламидаги илк мадрасалардан бири Бухорода очилган

Бухорода "Бухоронинг ислом цивилизациясидаги ўрни ва унга қўшган ҳиссаси” мавзуида халқаро илмий-амалий видеоконференция иш бошлади.

Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов сўзга чиқди. – 2020 йилда Бухоронинг «Ислом олами маданияти пойтахти» деб эълон қилиниши ўзига хос эътироф бўлди, – дейди вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов. – Истиқлол йилларида мазкур анъаналар қайта тикланиб, Бухоро яна ислом маърифати марказларидан бири мақомини эгаллашга ҳаракат қилмоқда. Шу мақсадда бугун вилоятда учта мадраса, 100 дан ортиқ исломий йўналишдаги диний ташкилотлар фаолият юритмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Бухоро давлат университетида «Ислом тарихи ва манбашунослиги» таълим йўналиши очилди. Бухоро Мир Араб мадрасаси олий таълим муассасаси мақомига кўтарилди. Мир Араб мадрасаси ҳузурида «Тасаввуф илми мактаби» ташкил этилди.
 
photo_2020-05-28_23-34-34.jpg
Президентимиз томонидан Бухородаги ислом маънавияти дарғалари, буюк алломаларимиз зиёратгоҳлари таъмирланиб, уларнинг бой маънавий-илмий мероси чуқур ўрганилмоқда. Дарҳақиқат, Буюк ипак йўли чорраҳаси сифатида бутун жаҳон аҳлини ўзига жалб этган бу қадимий масканда нафақат савдо-сотиқ, маданият, балки илм-фан, шу жумладан, ислом маърифати ҳам тараққий этган. «Бухоро тарихи» асари муаллифи Муҳаммад Наршахийнинг гувоҳлик беришича, ислом оламидаги илк мадрасалардан бири Бухорода ташкил этилиб, «Фаржак» номи остида фаолият юритган. Кейинчалик эса ушбу илмий анъаналар янада тараққий топиб, Бухоро мадрасалари ўзига хос халқаро университет мақомида фиқҳ, тасаввуф, ҳадис илми сингари диний, алжабр, ҳандаса (геометрия), тиббиёт сингари дунёвий фанлар таълимида етакчи бўлган. Бунинг натижасида бу муқаддас тупроқда Бухоро фақиҳлари академияси асосчиси Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Имом ал-Бухорий, Шайхур Раис Абу Али Ибн Сино, Абу Бакр Калободий, Шайх Мустамлий Бухорий, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сингари буюк сиймолар етишиб чиқди. Шайх Юсуф Ҳамадоний, Хожа Аҳмад Яссавий, Исо ат Термизий, Хожа Аҳрор Валий каби улуғ зотлар шу ерда таҳсил олиб, маънавий камолотга эришган.
 
photo_2020-05-28_23-34-30.jpg
Тадбир учта шўба доирасида ўз ишини давом эттиради. «Бухоронинг ислом цивилизациясидаги ўрни ва унга қўшган ҳиссаси», «Бухоро ва ислом цивилизациясининг шаклланиши», «Ҳусомуддин Садр аш-Шаҳид Бухорийнинг асарлари ва илмий мероси», ”Ислом цивилизацияси тарихида Мовароуннаҳр«, »Бухоро ислом цивилизацияси тараққиётида Амир Темур ва темурий султон Мирзо Улуғбекнинг ўрни”, «Ислом цивилизациясида Бухоро фақиҳлари», «Бухоролик уламоларнинг илмий мероси», «Баҳоуддин Нақшбанд ва ислом олами кейинги авлодлар нигоҳида», «Ислом цивилизацияси ривожида Бухоро кутубхоналарининг ўрни», ”Бухородаги исломий архитектура", «Ислом цивилизациясида Бухоро маънавий мероси ва унинг ҳозирги даврда чет эллик ва Ўзбекистон олимлари томонидан ўрганилиши муаммолари», «Марказий Осиёда ислом маданияти ва санати: ўтмиш ва ҳозирги замон» мавзуларида маърузалар тингланиб, муҳокамалар ўтказилади. Конференция ўзбек, рус, араб, инглиз, турк тилларида онлайн тарзда ZOOM дастури орқали амалга оширилмоқда. Видеоконференция ишида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ISESCO) Бош директори, доктор Салим Муҳаммад ал-Малик, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази – IRCICA Бош директори, доктор Халит Эрен, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари Камола Акилова ҳамда олимлар, тарихчи, манбашунослар қатнашмоқда.

Print   Email