“АРАБ ТИЛИ БИЛИМДОНЛАРИ” АНИҚЛАНДИ

Мамлакатимизда кейинги йилларда чет тиллари, хусусан, араб тили ва адабиётини ўқитишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Таълим жараёнида замонавий педагогик технологияларнинг самарали қўлланилиши эса талабалар учун бир неча хорижий тилларни осон ва пухта ўзлаштириш имконини бермоқда. Бу борада интерактив мусобақаларнинг мунтазам ўтказилиб турилиши ҳам ўзига хос аҳамиятга эга.

Бугун Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар” кафедраси ташаббуси билан ташкил этилган “Араб тили билимдони” танлови якунланди.

Мусобақанинг саралаш босқичида барча факультетлардан 14 жамоа иштирок этди ва онлайн савол-жавобдан сўнг асосий босқичга 6 жамоа йўлланма олди. Мазкур босқичда “Аиммату-н-наҳв” (Грамматика билимдонлари), “Мутаржимун” (Таржимонлар), “Ишринийят” (Йигирма ёшлилар), “Абтол” (Қаҳрамонлар), “Шабобу-л-академия” (Академия ёшлари) ва “Муҳиббу-л-арабийя” (Араб тили ошиқлари) жамоалари ўзаро беллашди. Танловда жамоалар дастлаб Таништирув, “Мени тушун!”, тинглаб тушуниш, тезкор саволлар ҳамда суратга изоҳ ёзиш шартлари бўйича баҳсга киришишди.

Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосасига кўра, 3-ўринни Исломшунослик факультети 1-босқич талабаларининг Академия ёшлари жамоаси, 2-ўринни Исломшунослик факультети 2-босқич талабаларининг Грамматика билимдонлари жамоаси, 1-ўринни эса Исломшунослик факультети 2-босқич талабаларининг Таржимонлар жамоаси қўлга киритди.

Мусобақа давомида тадбир қатнашчилари билан ҳам қизиқарли интеллектуал ўйинлар ўтказилди. Якунда ғолиб ва совриндорларга эсдалик совғалари топширилди.


Print   Email