600 ёшли университетга Ўзбекистон халқаро ислом академияси табрик йўллади

600 ёшли университетга Ўзбекистон халқаро ислом академияси табрик йўллади

Бугунги кунда юртимизда ёшларнинг интеллектуал ва маънавий жиҳатдан етук мутахассис кадрлар бўлиб камол топишида Самарқанд давлат университетининг алоҳида ўрни бор. Зеро, мазкур таълим муассасаси ўзининг илмий-маънавий анъаналарига кўра, Мирзо Улуғбек мадрасаси вориси сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Куни кеча Самарқанд давлат университетининг 600 йиллик юбилейи муносабати билан “Самарқанд давлат университети — Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси” мавзусида бўлиб ўтган онлайн илмий-амалий конференцияда ҳам олийгоҳнинг юртимизда илм-маърифат соҳасида қўшиб келаётган ҳиссасига алоҳида тўхталиб ўтилди.

16-17 июль кунлари ўтказилган ушбу анжуманда юртимиздаги қатор олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, олимлар, илмий-тадқиқотчилар ҳамда вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Эътиборлиси, унда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов ҳам қатнашиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Собирович Қосимовнинг Самарқанд давлат университетининг 600 йиллик юбилейи ҳамда анжуман иштирокчиларига йўллаган Табрик хатини ўқиб эшиттирди.

Унда Самарқанд давлат университети юртимизда таълим тизимини янада ривожлантириш, етук малакали мутахассисларни тарбиялаш фаолиятида улкан муваффақиятларга эришишига, мустақил Ўзбекистон тараққиётининг мутлақо янги босқичига илмий-амалий фаолияти билан муносиб ҳисса қўшиши, мазкур таълим даргоҳининг 600 йиллик юбилейи нишонланиши муносабати билан юртимизга буюк аждодларимизнинг анъаналари, илмий фаолияти, жаҳон илм-фани ва ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаларини давом эттирадиган янги Мотуридий, Доримий, Улуғбек, Али Қушчи, Қозизода, Ғиёсуддин Жамшидларни тарбиялаб беришига тилакдошлик ифода этилган.

Анжуманда “Улуғбек мадрасаси ва унинг юртимиз таълим тизимида тутган ўрни”, “Мамлакатимиздаги мадрасалар таълим тизими ва уларнинг тарихшунослиги”, “Самарқанд давлат университети — Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси” каби мавзулар муҳокамасига эътибор қаратилди.

Юртимиз илм-маърифат ўчоқларидан бири бўлмиш Самарқанд шаҳри бой тарихга эга, — дейди Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, профессор Акмал Саидов. — Бу жойдан азиз авлиёлар, буюк мутафаккирлар етишиб чиққан. Яқинда шу жойда “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда Туркиянинг Муҳаммад Фотиҳ Султон университети ўқитувчиси, мотуридийшунос олим, доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий “Ўз даврида Мотуридий Афлотундан кейинги иккинчи фалсафий олим ҳисобланган” ҳамда Миср бош имоми шайх Аҳмад Тоййиб “Бизнинг руҳимиз Маккаи Мадинага интилса, ақлимиз Самарқандга ошиқади!”, дея берган таърифлари юқоридаги сўзларимизнинг яна бир бор тасдиғидир. Албатта, бу эътирофнинг туб замирида илм-маърифат масканларининг ўрни беқиёс. Жумладан, бугун 600 йиллик юбилейини нишонлаётган Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси Самарқанд давлат университети ҳам ана шу йўлдан дадил илдамламоқда.

Дарҳақиқат, ушбу муаззам илм даргоҳидан минглаб малакали мутахассислар етишиб чиққан. Жумладан, Яҳё Ғуломов, Воҳид Абдуллаев, Ботурхон Валихўжаев, Шавкат Воҳидов, Толиб Мўминов, Муҳсин Ашуров каби академиклар, Ҳамид Олимжон, Уйғун, Миртемир, Усмон Носир, Ҳабиб Юсуфий, Шароф Рашидов, Асқад Мухтор каби ижодкорлар, давлат ва маданият арбоблари мазкур университетнинг собиқ талабалари ҳисобланади. Айни вақтда Самарқанд давлат университетида 800 дан ортиқ профессор-ўқитувчи, шу жумладан, 3 нафар академик, 81 нафар фан доктори, 311 нафар фан номзоди ёшларга таълим-тарбия бермоқда.

Мустақиллик йилларида университет талабаларининг 19 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси, 98 нафари атоқли шахслар номидаги давлат стипендиялари ҳамда “Зулфия” номидаги давлат мукофотига 9 нафар талаба мушарраф топилгани мазкур олий таълим даргоҳи профессор-ўқитувчиларнинг шарафли ва машаққатли меҳнатлари бесамар кетмаганини кўрсатади.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

 


Print   Email