“Туркияда ўзбек тилининг ўрганилиши”

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Туркияда ўзбек тилининг ўрганилиши” мавзусида “ZOOM” дастури орқали онлайн тарзда “Семинар” ташкил этилди.

“Ўзбек тили ва мумтоз Шарқ адабиёти” кафедраси жамоаси ҳамда Туркиянинг Афён Кўжатепе университети доценти Аҳмет Караман ҳамкорлигида ўтказилган маҳорат дарсида профессор-ўқитувчилар, илмий-тадқиқотчилар, докторант ва магистрантлар иштирок этди.

Семинар аввалида Туркиянинг Афён Кўжатепе университети “Замонавий туркий лаҳжалар ва адабиётлари” бўлими доценти Аҳмет Караман ўз илмий-тадқиқот ишлари, тўплаган бой тажрибаси ҳамда университетнинг “Жанубий-шарқий Туркистон-уйғур туркий лаҳжалар ва адабиётлари” кафедраси фаолияти билан таништириб ўтди.

Шундан сўнг олим Туркияда ўзбек тили соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлар ва бу борада катта тажрибага эга бўлган профессор-ўқитувчилар томонидан амалга оширилган ишлар билан ўртоқлашди.

Жумладан, Туркиядаги кўплаб олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётгани, ёш докторант ва магистрантлар ўз илмий ишларида Ўзбекистондаги тарихий масканлар, буюк алломалар ва уларнинг нодир асарларини тадқиқ этишга катта эътибор қаратаётгани айтилди.

Биргина Афён Кўжатепе университетининг “Замонавий туркий лаҳжалар ва адабиётлари” бўлими жамоаси томонидан ўрганилган илмий ишларнинг китоб ҳолатида чоп этилиши, турли босма нашрларда тил борасида эълон қилинаётган мақолалар ҳақида маълумот берилди.

Ўз навбатида Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Ўзбек тили ва мумтоз Шарқ адабиёти” кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳам кафедра жамоаси томонидан амалга оширилган ишлар, йил давомида ўтказилиб келинаётган халқаро анжуманлар, мунтазам босма ОАВда чоп этилаётган илмий мақолалар ва тўпланган бой тажриба билан ўртоқлашди.

Шунингдек, ҳар иккала олий таълим муассасалари ўқитувчилари Туркияда ўзбек тилининг ўрганилиши бўйича олиб борилаётган амалий ишлар натижасини янада ошириш, илмий-тадқиқот ишларида мавжуд манбалардан фойдаланиш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Савол-жавобларга бой тарзда давом этган семинар якунида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзбек ва турк тиллари ривожини янги босқичга кўтаришга келишиб олинди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати


Print   Email