“ILHAQ” ФИЛЬМИ: Садоқат ва матонат тимсоли

Ўзбекистон халқаро ислом академияси “ILHAQ” бадиий фильми ижодкорлари билан “Zoom” дастури орқали онлайн учрашув ташкил этди.

Унда фильмнинг асосий қаҳрамони Зулфия ая Зокирова ролида ижро этган маҳоратли актриса — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Дилором Каримова ҳамда “Исоқжон”, “Лазокат” образларини яратган ижодкорлар — Илҳом Содиқов ҳамда Маърифат Артиқова каби ёш истеъдодли актёр ва актрисалар иштирок этди.

Онлайн учрашувда карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда уйда қолиб(!) Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари, ходимлар, докторант, магистрант ва талабалар онлайн кузатиб, бевосита иштирок этишди.

Мулоқотларда дастлаб ижодкорлар томонидан II Жаҳон урушида қозонилган Ғалабага ўзбек халқининг қўшган беқиёс ҳиссаси, унинг кўрсатган матонати ҳамда “ЎЗБЕККИНО” Миллий агентлиги буюртмаси асосида “EZGU-FILM” студияси томонидан “ИЛҲАҚ” тарихий бадиий филмининг суратга олиниши жараёнлари ҳақида маълумот берилди.

Реал воқеалар асосида ишланган ушбу фильмда Тошкент вилоятининг Зангиота тумани Хонобод қишлоғида яшаган Зулфия ая Зокированинг оддий ҳаёти ва оғир тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. Зулфия аянинг беш ўғли: Исоқжон, Аҳмаджон, Муҳаммаджон, Ваҳобжон, Юсуфжон Холматовларнинг урушдан қайтмагани, уларнинг кўрсатган жасорат ва матонати, муштипар онанинг замон қийинчиликларини сабр-тоқат, метиндек ирода билан енгиб ўтгани, қаҳри қаттиқ урушдан қайтмаган беш ўғил ҳамда уларнинг садоқатли ёрлари армонлари тасвирланган картиналар ҳақида фильм ижодкорлари ўз таассуротлари ва шонли тарихимизда ўтган минглаб оналарнинг ана шундай матонати ва садоқатини бир оила мисолида намойиш этилгани таъкидлаб ўтилди.

– Урушнинг қанчалик қирғинбарот эканини тарихдан яхши биламиз, – дейда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Дилором Каримова. – Уруш ҳеч бир кишини аямаган. Хаттоки, бутун ер юзидаги жами инсоният келажаги ва хотиржамлигига раҳна солган. Оналар бағридан фарзандларини юлиб кетган. Мен беш фарзандини урушга жўнатиб, шунда ҳам бошқаларга ўрнак бўлиб, фронт ортида ўз меҳнати билан матонат ва жасорат кўрсатган Зулфия ая Зокирова ролини ижро этдим. Айниқса, уруш кетаётган саҳналар, муштипар онанинг чеккан дарду истироблари ва бу руҳиятга тушиш осон бўлгани йўқ. Бир сўз билан айтганда, ушбу фильм барча ўзбек оналарига бағишланади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Муҳаммаджон 1941 йилнинг июлида, Аҳмаджон ундан бир ой кейин фронтга кетади. Куз фаслига бориб Ваҳобжон билан Юсуфжонни ҳам кузатишади. Энг охирида 1944 йилнинг март ойида Исоқжон жўнаб урушга кетади. Бирин-кетин ҳамма ўғиллардан қора хат келади. Ая айниқса, кенжаси Юсуфжон учун қаттиқ куюниб ўтган экан. Чунки фақатгина Юсуфжон ҳали уйланмаган, ундан зурриёд қолмаган эди. Қишлоқдошлардан кимнингдир боласидан қора хат келса, уни “сени битта боланг ўлди, қаддингни тут, ана Зулфия ая беш паҳлавонидан айрилиб ҳам сабр қилаяпти” - деб бир-бирларига таскин беришаркан.

Кейинчалик Зулфия аянинг ўғилларидан фақат иккитаси хақида маълумот чиқади. Муҳаммаджон Холматовдан келган «қора хат» топилиб, у 1945 йилнинг 24 февраль куни Польшанинг Вембрандава районида ҳалок бўлгани ва ўша ерга дафн қилингани, кенжа ўғил Юсуфжон Холматов эса танкчилар командири бўлгани, Ленинград қамалини ёриб ўтиш учун бўлган жангларнинг бирида танки ёниб кетиб, оғир яралангани, госпиталда вафот этгани маълум бўлади. Юсуфжон Холматов ҳозирги “Пискарев” қабристонига дафн этилган экан. "Илҳақ" бадиий фильми айнан уруш йилларида минг-минглаб ҳалок бўлган аждодларимизнинг ёрқин хотирасига бағишланган десак, муболаға бўлмайди.

Учрашув давомида иштирокчилар томонидан фильмдан олинган таассуротлар, таклиф ва фикрлар ўртоқлашилди. Ўзаро савол-жавобларда фильм картиналаридаги тасвирларга ойдинлик киритилди. Якунда "Илҳақ" бадиий фильми ижодкорларига академия жамоаси ва талаба-ёшлари томонидан миннатдорлик билдирилди.

Ўзбекистонлик халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати


Print   Email