“ЁШ КИТОБХОН ТАЛАБА” ОНЛАЙН ТАНЛОВИ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича “Беш муҳим ташаббус” ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ҳам ташаббус доирасида қатор маънавий-маърифий тадбирлар амалга ошириляпти.

Хабарингиз бор: 1-15 май кунлари Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг “Чет тиллари” кафедраси томонидан онлайн тарзда ўтказилган “Ёш китобхон талаба” танлови ҳам айнан “Беш муҳим ташаббус” доирасида ташкил этилди.
Танлов шартлари икки босқичдан иборат бўлиб, дастлаб иштирокчилар кафедра томонидан тавсия этилган инглиз тилидаги бадиий адабиётни ўқиб, у асосида тақдимот тайёрлаган ҳолда ҳакамлар ҳайъатига юборишиши лозим эди.

Иккинчи босқичда эса ўқиш учун тавсия этилган китоб ва жаҳон адабиёти ҳақидаги қизиқарли саволларга онлайн тарзда жавоб берилди. Танловга жами 15 та иш келиб тушган бўлиб, ҳакамлар томонидан 11 нафар талабанинг ижодий ишлари танлов мезонларига мос келгани учун баҳолашга тавсия этилди.

Якуний натижаларга кўра,
1- ўрин — “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими” йўналиши 3-курс талабаси Азиза Пўлатова;

2- ўрин “Исломшунослик” йўналиши 1-босқич талабаси Озодбек Ботиралиев;

3- ўрин “Исломшунослик” йўналиши 2-курс талабаси Асадбек Аъзамов ҳамда “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими” йўналиши
3-босқич талабаси Жавоҳир Отабоевларга насиб этди.

Танлов ғолибларига ташкилотчилар томонидан пул мукофоти ва Фахрий ёрлиқ топширилди. Хусусан, ҳар иккала шарт бўйича юқори балл тўплаган
1-ўрин ғолибига – уч юз минг сўм, 2-ўрин учун – икки юз минг сўм ҳамда
3-ўринга – юз минг сўм миқдоридаги пул мукофоти берилди.

“Ёш китобхон” танлови ғолибларини эришган ютуқлари билан табриклаб, кейинги изланишларида омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси 

Матбуот хизмати


Print   Email