РОССИЯЛИК ОЛИМ ЯХИН ФИЛЮС ИШТИРОКИДА “МАҲОРАТ ДАРСИ”

Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Дин психологияси ва педагогика” кафедраси томонидан “ZOOM” дастури орқали онлайн тарзда “Маҳорат дарси” ташкил этилди.

Эътиборлиси, маҳорат дарсида Россия Федерациясининг мусулмонларга психологик ёрдам бериш ассоциацияси Бошқирдистон бўлими бошлиғи, юридик фанлари номзоди, амалиётчи психолог Яхин Филюс Флюрович иштирок этди. Онлайн маҳорат дарсида профессор-ўқитувчилар, илмий-тадқиқотчилар, “Дин психологияси ва педагогика” кафедраси жамоаси, докторант ва магистрантлар жами 100 га яқин иштирокчи қатнашди.

“Ислом психологияси ва когнитив хулқ-атвор терапияси: интеграция истиқболлари” мавзусида ташкил этилган дарсда юридик фанлари номзоди Яхин Филюс томонидан бугунги кунда амалий психологик ёрдамнинг бутун дунёда кенг қўлланиб келинаётган усули бўлган когнитив-хулқий терапиянинг умумий назарий асослари, техникалари ҳамда мазкур ёндашувдан турли диний эътиқодга эга мижозлар билан ишлашда фойдаланиш тамойил ва қоидалари ҳақида маълумот берилди.

– Когнитив-хулқий терапияни ислом психологияси доирасида қўллаш имконияти: психологик муаммоларда ёрдам беришда, инсоннинг диний дунёқараши ва унинг тасаввурларига мос тарзда конструктив фикрлашга, яхши ният ва позитив нуқтаи назардан қарашга ундашнинг самарадорлигини оширади, – дейди олим.

Онлайн тарзда ташкил этилган дарс давомида материалларни тақдим этишда ўз илмий изланишлари ҳамда амалий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Яхин Филюс тингловчиларга соҳа ривожида амалга оширилаётган янгиликлар билан таништирди.

“Дин психологияси ва педагогика” кафедраси жамоаси, докторант ва магистрантлар ўзлари олиб бораётган тадқиқотлари учун амалий ҳам назарий жиҳатдан кўплаб фойдали маълумотларга эга бўлди.

Якунда мавзу бўйича ўзаро савол-жавобларга ўтилиб, Яхин Филюс ҳамда “Дин психологияси ва педагогика” кафедраси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга келишиб олинди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати


Print   Email