ТЕРМИЗИЙШУНОС ОЛИМ — ДОКТОР ХОЛИД ЗАҲРИЙ ИШТИРОКИДА ОНЛАЙН СЕМЕНАР

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ҳаким Термизий илмий фаолиятининг йирик тадқиқотчиси, калом илми бўйича жаҳон миқёсдаги етакчи мутахассислардан бири — доктор Холид Заҳрий билан “Ҳаким Термизий: исломий донишмандлик намояндаси” мавзусида онлайн семинар ташкил қилинди.

Унда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мутахассислари, 50 нафарга яқин олим ва тадқиқотчилар, юртимизда диний-маърифий йўналишда фаолият кўрсатаётган ташкилот ва муассасалар вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, конференцияда Марокашнинг Работ шаҳридаги Муҳаммад -V университетининг докторантлари, Малайзия, Индонезия, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларидан қатор тадқиқотчи, толиби илмлар қатнашди.

Онлайн семинарда “Ҳаким Термизийнинг турли исломий илмлар, жумладан, калом илми борасида Имом Мотуридий ва мотурдия мактаби билан алоқаси”, “Ҳаким Термизий ижодининг кўплаб исломий илмлар асосчиси сифатида Ислом тарихидаги аҳамияти”, “Аллома ижодини ўрганиш истиқболлари: методология ва қўлёзмалар” мавзулари кенг муҳокама қилинди.

Дарҳақиқат, Ҳаким Термизий ислом психологияси фани асосчиларидан ва умуман, психология илмининг ривожланишига ҳам муносиб ҳисса қўшган дунёдаги буюк алломалардан бири ҳисобланади. Исломдаги авлиёлик назарияси асосчиси ҳам Ҳаким Термизий саналади. Шариат илмларининг ҳикматини ўрганувчи “мақосид аш-шарийъа” йўналишига ҳам айнан Ҳаким Термизий асос солган. Шу боис буюк бобоколонимизнинг ҳали кўплаб қўлёзмалари чуқур ўрганилиши, тадқиқ этилиши ва оммага ҳавола этилиши лозим.

Семинар эркин мулоқот ва мутахассис билан савол-жавоб тарзида ташкил этилди. Доктор Холид Заҳрий 20 йилдан ортиқ давр мобайнида аллома ижоди билан шуғулланган мутахассис бўлиб, унинг илмий тадқиқотлари ва чиқарган хулосалари барча иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Олимнинг қайд этишича, Ҳаким Термизий исломий илмларни кенг тарзда тадқиқ этиб, Қуръон ва унинг тафсири, ҳадис ва унинг шарҳи, фиқҳ, тасаввуф, луғат каби илмларда пешқадамлик қилган. Энг асосийси, ушбу илмларни тадқиқ этишда ҳикмат йўналишини асос қилиб олган. Натижада мусулмон уммати учун жуда зарур бўлган хулосаларни тақдим этган.

— Аллома асарларини фақат ақл билан ўқиган киши уни тушунмайди, балки унинг мутолаасида қалб ҳам иштирок этиши лозим. Унинг асарларини ўқиётганда киши ўзини худди сервиқор ва пиру комил шайхнинг олдида ўтиргандек ҳис қилади. Келтириб ўтилганидек, алломанинг психология, қиёсий луғатшунослик, авлиёлик назарияси, шариат ҳикмати тадқиқи йўналишларида асосчи экани айни ҳақиқат, – дейди олим.

Холид Заҳрий марказда Ҳаким Термизийнинг бугунги кунгача йўқолган деб ҳисоблаб келинаётган Қуръон тафсирига оид асарининг тадқиқ этилиб, араб тилида нашрга тайёрланаётганини жуда юқори баҳолади. Ушбу асар нашри Ҳаким Термизий ижоди тадқиқини мутлақо янги босқичга олиб чиқишини таъкидлади.

Семинар якунида олим ва тадқиқотчилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олдилар.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати


Print   Email