Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ПРОФЕССОР-ЎҚИТУВЧИЛАРИ ВА ХОДИМЛАРИ ЖАМОАСИ ҲАМДА ТАЛАБАЛАРИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ!

Қадрли устоз-мураббийлар, муҳтарам фахрийлар! Азиз талабалар!

Сизларни 9 май — “Хотира ва қадрлаш куни” умумхалқ байрами ҳамда Иккинчи жаҳон урушида эришилган Ғалабанинг 75 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Бугун барчамиз, аввало, буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, мана шу ёруғ кунларга етиб келолмаган азиз инсонлар хотирасини ёд этиб, дуолар қиламиз. Шафқатсиз уруш ва унинг ортидаги машаққатли меҳнат фронтида мардлик ва жасорат кўрсатган барча фахрийларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром, чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Ҳеч шубҳасиз, орадан қанча йиллар, замонлар ўтмасин, буюк Ғалабанинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бораверади. Инсоният тарихидаги энг даҳшатли бу урушда бир ярим миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қатнашган. Уларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлган, 133 минг нафарга яқини бедарак йўқолган. 60 мингдан ортиқ ватандошимиз эса урушдан ногирон бўлиб қайтган.

Ўзбекистонлик 120 мингдан зиёд аскар ва офицер жанг майдонларидаги жасорати учун жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган. Уларнинг орасида 280 нафар ватандошимиз кўрсатган матонати учун Қаҳрамон сифатида юксак мукофот билан тақдирлангани эса алоҳида эътибор ва ҳурматга сазовор.

Ўша долғали йилларда Ўзбекистонда етти ёшдан етмиш ёшгача бутун халқимиз “Ҳамма нарса – ғалаба учун!” деб яшади, ором ва ҳаловатдан воз кечиб, тинимсиз оғир меҳнат қилди. Юртимиз фронтнинг мустаҳкам таъминот базаси сифатида аскарларимизга ҳар жиҳатдан камарбаста бўлиди. Энг аҳамиятлиси, Ўзбекистон аҳли уруш ҳудудларидан кўчириб келтирилган 1 миллионга яқин инсонга бошпана бериб, ўз нонини улар билан баҳам кўрди. Айниқса, ота-онаси, оиласидан жудо бўлган 200 минг нафар бегуноҳ болаларни “Сен етим эмассан!” деб бағрига босиб, меҳр-мурувват кўрсатди.

Албатта, бу рақамлар замирида катта маъно-мазмун мужассам. Бу халқимиз бошидан кечирган мудҳиш уруш оқибатларини ҳеч қачон унутмасликка чақиради. Шу билан бирга, бугунги тинч ва гўзал ҳаётнинг қадрига етиб, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Азиз ҳамкасблар!

Хабарингиз бор, бу йил Ғалабанинг 75 йиллик байрами халқаро миқёсда ҳам кенг нишонланмоқда. Бунда Ўзбекистон халқининг ҳам муносиб ҳиссасини акс эттирадиган, ғоят муҳим тарихий маълумотларни ўзида мужассам этган китоб-альбом нашрга тайёрланди. Шунингдек, Тошкент шаҳрининг энг кўркам масканларидан бирида ушбу шонли санага бағишлаб улкан Ғалаба боғини барпо этилди. Албатта, бу боғ ва унинг таркибида бунёд этиладиган шон-шуҳрат музейи энг гўзал ва пухта ишланган лойиҳалар асосида яратилди. Ушбу муҳташам ёдгорлик мажмуасининг маъно-мазмуни, музей экспозицияси муҳтарам фахрийларимиз, тарихчи олимларимиз, ижодкор зиёлиларимиз, кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари, туҳфа этган тарихий ашёлари билан бойитилди. Шубҳасиз, эндиликда ушбу маскан ҳар бир ёш учун улкан маънавият ўчоғига айланиши шубҳасиз.

Шу нуқтаи назардан, барча ёшларимиз буюк Ғалабага ҳисса қўшган ватандошларимиз ҳаёти, жасорат ва матонатини янада чуқурроқ ўрганиши, бу ҳақда янги илмий тадқиқотлар олиб бориш зарур. Зеро, бугунги ва келажак ёшларимиз кимларнинг жасорати туфайли қарийб 75 йил мобайнида уруш балосини кўрмасдан, тинч ва бахтли замонда яшаётганимизни билиши ва бунинг қадрига етиши, тарихнинг аччиқ ҳақиқатларидан тўғри хулоса чиқармоғи лозим.

Шу маънода академиямизда ҳам профессор-ўқитувчиларимиз ва талабаларимиз кўмагида Иккинчи жаҳон уруши, бунда ватандошларимизнинг ҳиссаси, уларнинг қаҳрамонликлари ҳақидаги маълумотларни йиғиб, таълим жараёнида ўз ўрнида ва самарали фойдаланиши ўйлайманки, нур устига нур бўлади.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Барчамиз кўриб турганимиздек, бугун бутун халқ бошига яна синовли кунлар келди. Бутун дунё мамлакатлари каби Ўзбекистон ҳам коронавирус пандемияси билан жадал курашмоқда. Бундан ташқари, юртимизнинг айрим ҳудудларида юз берган табиий офатлар ҳам халқимизнинг сабр-тоқати, матонати ва бирдамлигини яна бир бор имтиҳон қилмоқда.

Доно халқимиз бугун ҳам бир жону, бир тан бўлиб синовли ушбу кунларни ҳам мардонавор енгмоқда. Бунда элимизнинг ўзаро меҳр-оқибати, инсонпарварлик, баҳамжиҳатлик, бирдамлик каби фазилатлари янада кучли намоён бўлди. Юртдошларимизнинг кўмакка муҳтож бўлганларга меҳр-мурувват кўрсатиши, оғир кунда бир-бирини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши ҳақиқий инсонийликнинг юксак намунаси сифатида яна бир бор дунё жамоатчилиги ҳурматини қозонди.

Кўпмиллатли халқимизнинг ана шу хусусиятларини инобатга олиб, унинг букилмас иродасига таяниб, Ўзбекистон бугунги мураккаб вазиятни ҳам сабот ва шараф билан енгиб ўтишига, тез фурсатларда ҳаётимизга яна мусаффолик, хотиржамлик ва офият қайтишига ишончимиз комил. Зеро, бугун ҳар биримиз тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрини, қийматини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор барчангизни 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни ва Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги билан чин юракдан қутлаб, сизларга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!

Ғалаба байрами барчамизга муборак бўлсин!


Print   Email