АБАДИЙЯТГА ДАХЛДОР АЖДОДЛАР

Бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодлар муқаддас хотирасини ёд этиш, сафимиздаги кексаларни эъзозлаш – ёш авлоднинг юксак вазифаси!

Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедраси томонидан “Абадийятга дахлдор аждодлар” мавзусида онлайн давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари, ҳамкор таълим муассасалари вакиллари, олимлар, адабиёт ва санъатшунослар, докторант, магистрант ва талабалар уйда ўтирган ҳолда, онлайн равишда давра қуришди.

Анжуманни Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Диний-маърифий фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича биринчи проректори, сиёсий фанлар доктори, профессор Шуҳрат Ёвқочев кириш сўзи билан бошлар экан, ўзбек халқининг тинчликсеварлиги, аждодларимиз жасорати, ватанига жонфидолиги каби улуғ фазилатлари ҳамиша ёшларга намуна эканини таъкидлаб, барчани 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” билан муборакбод этди.

Шундан сўнг Ички ишлар вазирлиги академияси профессори, юридик фанлари доктори М.Ражабова, “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедраси профессори, юридик фанлари доктори А.Жузжоний, тариф фанлари номзоди Д.Муродов, Шарқшунослик институти катта илмий ходими, доцент А.Кариев, “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедраси ўқитувчилари тарих фанлари номзоди Ҳ.Сагдиев, тарих фанлари доктори И.Бекмирзаев, Ж.Тоҳиров, Ў.Полвонов ўз маърузалари билан иштирок этди.

Давра суҳбатида “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабада Ўзбекистоннинг ҳиссаси”, “Иккинчи жаҳон уруши: фронт ортида фидокорона меҳнат қилганлар”, “Иккинчи жаҳон урушидан хотиралар”, “Аждодлар хотираси”, “Иккинчи жаҳон уруши бобом хотирасида”, “Хотира ва қадрлаш – улуғ фазилат” каби мавзулар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Тарих саҳифаларида иккинчи жаҳон урушининг мудҳиш офатлари, инсоният бошига келган синовлар бир умрга муҳрланди, – дейди юридик фанлари доктори, профессор А.Жузжоний. – Буни инсоният ҳеч қачон унутмайди. Зеро, бу йиллар инсониятнинг таназзули, маънавиятнинг енгилиш даври сифатида тарихга муҳрланиб қолган.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати


Print   Email